1445 йил 12 Шаввол | 2024 йил 20 апрель, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:32
Sunrise
05:53
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:19
Isha
20:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“ХЎЖА ИЛҒОР” МАСЖИДИ

29-10-2020, 10:34 426 Ўқиш режими + -
“Хўжа илғор” масжиди Яккабоғ тумани Хўжаилғор қишлоғида жойлашган. Хўжаилғор қишлоғи туман марказидан 4 км узоқликдадир. Хўжаилғор қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида: “Хўжаилғор” –Яккабоғ туманидаги қишлоқ.  Таркиби: ҳўжа+илғор. Хўжа-сиғинадиган (жой); муқаддас, мўътабар; қадамжо.  Адабий тилдаги илғор(қўшиннинг олдинги қисми; пешқадам; янгиликка бошловчи) сўзининг  ном таркибидаги илғор сўзига дахли йўқ. Ном таркибидаги илғор сўзининг товуш таркиби ўзгарган. Илғор сўзининг таркиби: илғор. Эроний тилларда ғар/ғор-тоғ. Тоғсимон баландлик, тош. Ил сўзининг маъноси ва қадимий шакли ноаниқ. Номнинг шаклланишида ғар/ғор сўзининг тош маъноси асос бўлганлиги тахмин қилинади: илғор-тош қўрғон[1]“ дейилади.  
Тарихий манбада Соҳибқирон Амир Темур Хўжаилғор қишлоғида таваллуд топганлиги айтилади. Бу ҳақда Ибн Арабшоҳ ўзининг “Ажаибул-мақдур фий тарихи Таймур” китобида: “ Темур ибн Тарағай  ибн Абағай бўлиб, унинг туғилган  жойи Хўжаилғор деб аталган қишлоқдир.  Хўжа Илғор Кешга қарашли жойлардандир-Аллоҳ у ердан ҳар қандай ёмонликларни дафъ етсин[2]”дейилади. Ушбу китобда “Хўжаилғор”  атамасига изоҳ берилиб шундай дейилади:“В. В. Бартольднинг ёзишича,  Ибн Арабшоҳ асаридан бошқа ҳеч бир манбада Темур туғилган жой номи кўрсатилмаган. Хўжа Илғор қишлоғи ҳозиргача мавжуд бўлиб, Шаҳрисабздан 13 км жанубий-ғарбий томонда-ҳозирги Яккабоғ тумани ҳудудида жойлашган. Қишлоқ аҳли орасида Амур Темур шу қишлоқда туғилган деган ривоят бор[3]”.  
Хўжаилғор қишлоғида 1995 йилда ҳашар йўли билан масжид қурилди. Масжидга “Хўжа илғор” номи берилди.  “Хўжа илғор” масжиди тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг тарҳи 40Х15 метрни ташкил қилади. 
1998 йилда “Хўжа илғор” масжиди Ўзбекистон Адлия Вазирлиги томонидан расман рўйхатга олинди.  
2019 йилда масжид томи таъмирланди. Масжиднинг таҳоратхонаси 2010 йилда қурилган бўлиб, у 2019 йилда қайтадан таъмирланди.   
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида  фаолият кўрсатиб келмоқда.
 

Р. Акбаров. 

[1] Нафасов. Т. Қашқадарё қишлоқномаси. Т. “ Муҳаррир” нашриёти. 2009. 280-бет.
[2] Ибн Арабшоҳ.  Амир Темур тарихи.  “Фан” нашриёти. Т. 2018. 1-китоб. 70-бет.   
[3] Ибн Арабшоҳ.  Амир Темур тарихи.  “Фан” нашриёти. Т. 2018. 2-китоб. 182-бет.