1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ОХИРАТ ТАЛҚИНИ (15-ҚИСМ) ҚИЁМАТ ҲАДИСИ ШАРИФЛАРДА

30-10-2020, 14:26 392 Ўқиш режими + -
 

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ОХИРАТ ТАЛҚИНИ
(15-қисм)
Қиёмат ҳадиси шарифларда
 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Албатта, Аллоҳ таоло қиёмат куни менинг умматимдан бир кишини халойиқнинг олдида турғизиб қўяди-да, унинг устидан тўқсон тўққизта дафтарни очади. Ҳар бир дафтарнинг узунлиги кўз етгунча бўлади. Сўнгра Аллоҳ:
«Мана шундан бирор нарсани инкор қиласанми? Ёзувчи фаришталарим сенга зулм қилдиларми?» дейди.
«Йўқ! Эй, Роббим!» дейди.
«Сенинг узринг борми?!» дейди.
 «Йўқ! Эй, Роббим!» дейди.
«Худди шундоқ. Албатта, Бизнинг ҳузуримизда сенинг бир дона яхшилигинг бор. Бугун сенга зулм қилиш йўқ», дейди.
Кейин бир варақа чиқарилади. Унда «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу», деб ёзилган бўлади. Бас, У зот:
«Тортишингга ҳозир бўл!» дейди.
«Эй,, Роббим! Манаву варақа ва манаву дафтарлар нима?» дейди.
«Албатта, сенга зулм қилинмас», дейди.
Бас, дафтарлар бир паллага ва варақа бир паллага қўйилади. Дафтарлар енгил келади. Варақа оғир келади. Аллоҳнинг исмидан ҳач нарса оғир келмас», дедилар».
 Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таолога ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтириш қиёмат куни тарозу босадиган асосий нарсалигини шундан билиб оламиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Сўнгра жаҳаннам устига кўприк қурилур. Расуллардан ўз уммати ила унинг устидан биринчи ўтган мен бўламан. Ўша кунда расуллардан ўзга ҳеч ким гапирмас. У кунда расулларнинг каломи «Эй, Аллоҳим! Саломат қил! Саломат қил!» бўлур», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Сирот дўзах устига қурилган кўприк бўлиб маҳшарда туриш тамом бўлганидан кейин одамларга ўша кўприкдан ўтишга амр қилинади. Бу ҳам қиёмат кунининг энг оғир паллаларидан бири бўлади. У пайтда пайғамбарлардан бошқа бирор киши гапира олмайди. Пайғамбарлар эса «Эй, Аллоҳим! Саломат қил! Саломат қил!»дан бошқани айта олмайди.   
Бошқа бир ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилган:
«Бас, мўминлар худди қўз очиб юмгунча, чақмоқдек, шамолдек, қушдек, чопқир отлардек ва туялардек ўтиб кетурлар. Бас, нажот тупувчи мусулмон, тирналган ва жаҳаннам оловига қулаган бўлур» деган иборалар келади.
Демак, сирот одамларни жаннати ва дўзахига ажратиш учур хизмат қилади. Ундан ўтиб кетганлар жаннатга тушади. Ўта олмай йиқилганлар жаҳаннамга қулайди.
Бундан одамлар бу дунёдаги иймонлар ва ибодатлари ҳамда солиҳ амаллари кучига қараб сиротдан турли тезликда ўтишлари билиб олинади. Шу билан бирга жаҳаннамган йиқиладиганлар ҳам бор.
Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мўминнинг сирот устидаги шиори «Роббим! Саломат қил! Саломат қил!»дир» дедилар».
Аллоҳ таоло қиёматда ушбу шиорни айтиб сиротда энг катта тезликда ўтиб кетишимизни муяссар қилсин.

 (давоми бор)
 
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби 
Қамаров Маҳмуднинг 
битирув малакавий иши дан олинди