МУҲАММАД АЛАЙҲИС САЛОМГА НИСБАТАН МЎМИННИНГ ОДОБЛАРИ
(БИРИНЧИ ОДОБ)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Муҳаммад алайҳис саломга эҳтиром кўрсатиш, у зотга нисбатан доимо одобли бўлиш иймон тақозоси ҳисобланади. Шу маънода ҳар бир мўмин киши ушбу одобларни яхши ўрганиши ва ҳаёти давомида уларга риоя этиб яшаши лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан мўминнинг одоблари деганда, асосан қуйидаги (ўн тўртта) одоблар тушунилади:
Биринчи одоб:
Маълумки, киши “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ”(Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳис салом Аллоҳнинг элчисидир), дейиш билан мўминга айланади. Ушбу икки калима, яъни “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва “Муҳаммадур расулуллоҳ” калималари бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлгани сабабли Қуръони Каримда иккаласи бир ўринда зикр қилинган:
“Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар” (Аъроф сураси, 158-оят)
Яъни Аллоҳ таолонинг барча халойиққа юборган элчисига иймон келтиринг.
Муҳаммад алайҳис саломга иймон келтириш Аллоҳнинг барча халойиққа буйруғи бўлганлигидан бу буйруққа итоат этмаганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўллган Зотгв қасамки, ушбу умматдан бирор яҳудийми, бирор насронийми, мен ҳақимда эшитса-ю, сўнгра мен у билан юборилган нарсага иймон келтирмасадан вафот этса, албатта дўзах аҳлидан бўлади” (Имом Муслим ривоят қилган)
Муҳаммад соллаллоҳ алайҳи васалламга иймон келтириш деганда, у зот ҳақларида қуйидагича эътиқод қилиш тушунилади:
Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг Набийси, Расули ва танлаб олган бандасидирлар;
Муҳаммад алайҳис салом яхши кўриладиган ва эргашиладиган инсонларнинг энг улуғидирлар;
Муҳаммад алайҳис салом Қуръон ва Суннатда баён қилинганидек, пайғамбарларнинг сўнггисидирлар;
Муҳаммад алайҳис саломдан кейин пайғамбарлик даъвосини қилган ҳаар қандай кимса ёлғончидир.
Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ Муҳаммад алайҳис саломга иймон келтириш ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш у зотни Аллоҳ таолонинг набийси ва расули деб тасдиқлаш, берган барча хабарларга чин қалбдан ишлниш ва у зотнинг Аллоҳнинг элчиси эканликларини тил билан эътироф этиш орқали ҳосил бўлади. Қачон ушбу нарсаларни қалб билан тасдиқлаш ва тил билан эътироф этиш жамланса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш тўлиқ бўлган бўлади”.
Давоми бор...
“Ислом одоблари энциклопедияси” китобидан олинди