ЭШПЎЛАТ ҲОЖИ МАСЖИДИ
3145
31-10-2020, 16:21
318
Ўқиш режими
+
-
“Эшпўлат ҳожи” масжиди Яккабоғ тумани Қорасув қишлоғидадир. Масжид Яккабоғ туман марказидан 12 км масофада жойлашган.
“Қорасув” қишлоғи ҳақида “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати” китобида: “Қорасув-жилға, дарё, қишлоқ. Гидронимдан қишлоқ номлари юзага келган. Гидрономияда қора-ер ости, сизот. Қорасув ва Оқсув қиёсланган. Қорасув-тоғ бағирлари ва этакларида ер ости, булоқ сувлари билан тўйинадиган, ҳажми кўп, ранги зангори, тиниқ сув(жилға, кичик дарё). Оқсув-тоғ устидаги қор сувлари билан тўйинадиган бўтана, оқиш рангли сув. Қорасув-йилнинг барча фаслларида бир хил миқдордаги сув. Оқсув-ёзда кўпайиб, йилнинг бошқа даврида озаядиган сув [1]“ дейилади.
Мана шу Қорасув қишлоғининг ўртасида 1994 йили халқ ҳашари билан масжид қурилган.
Масжидга масжид қурилишида фаоллик кўрсатган Эшпўлатҳожи Бердиев номи берилди. Эшпўлатҳожи Бердиев 1920 йилда Қорасув қишлоғида туғилиб, 2017 йилда шу қишлоқда вафот этган.
“Эшпўлат ҳожи” масжидининг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, у 11х8 метрни ташкил қилади. Масжиднинг учта икки табақали кириш эшиги бор. Масжиднинг атрофи айвон қилинган. Масжиднинг боғида мевали дарахтлар экилган.
2015 йилда масжид ва унинг таҳоратхонаси қайтадан таъмирланди.
“Эшпўлат ҳожи масжиди 1998 йилда Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан расман рўйхатга олинди.
“Эшпўлат ҳожи масжидига Қорасув ва Янгиқўрғон қишлоқларидаги фуқаролар ўзларининг диний эҳтиёжларини қондириш учун келадилар.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Р. Акбаров.
[1] Нафасов. Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати. Т. “Ўқитувчи” нашриёти. 1988. 253-бет.