УЧИНЧИ ОДОБ-МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ БУЮРГАН БАРЧА ИШЛАРДА У ЗОТГА ИТОАТЛИ БЎЛИШ.
Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш мўминлар учун Аллоҳ таолонинг буйруғи ҳисобланад:
“Айтинг:”Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз! Агар юз ўгирсангиз, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (Оли Имрон сураси, 32-оят)
Расулуллоҳ алайҳис саломга итоат қилиш қанчалар аҳамиятли экани ҳақида шундай хабар берилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барча умматларим жаннатга кирадилар, фақат бўйин товлаган кимсагина кирмайди”,дедилар. (Саҳобалар): “Эй Аллоҳнинг Расули, ким бўйин товлайди?” дейишди. У зот: “Кимки менга итоат қилса, жаннатга киради, кимки осийлик қилса, бўйин товлаган бўлади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти)
Демак, жаннатга киришини ҳоҳлаган киши Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам буюрган барча ишларда у зотга итоат қилиши, у зот қайтарган ишлардан қайтиши лозим.
“Ислом одоблари энциклопедияси” китобидан олинди.