Бундай муҳитдаги болакайларнинг кўпчилиги тарбия аслида нималигини билишмайди. Куфр сўзларни айтиш, катталар ёнида сигарет чекиш табиий ҳолга айланади. Ўзларига танбеҳ бериб, тўғри йўлга солмоқчи бўлганларга бемалол (сўкинмаса ҳам) гап қайтараверади. Бунинг нотўғрилигини билишмайди ҳам. Отасини бемалол алдайверади, буюрган ишини малолланиб бажаради ёки бажармасдан ҳам қўяверади. Ҳатто вақти келиб, отасига қўл кўтаришдан ҳам қайтмайди. Ҳозир ғарб маданияти ва техникасидан жуда яхши хабардор, аммо ахлоқ ва фазилат борасидаги билимлари ҳақида бир нарса дейиш қийин бўлган авлод шаклланяпти. Балки, гўзал ахлоқлари билан бутун инсониятга танилган буюк миллат бугун ўзини йўқотадиган ҳолга келиб қолганининг кўплаб сабабларидан бири шудир? Ҳозирги болакайлар ичидан ақл ва виждон ҳукмига бўйин эгадиган мард «ота ўғил» етишиб чиқармикан? Қўшни болакай катта бўлиб мактабга борди. Еттинчи синфда ўқиётганида отаси билан қаттиқ тортишиб қолди. Ва аччиқ устида отасини «Онангни...», деб сўкиб юборди. Бу гап кўксига ханжардек санчилган ота айбни ҳозирги замонга ағдаради. Аслида, у ўғлини ўзи истагандек катта қилди. Илгари мажбурлаб сўктирган ўғли энди у зўрламаса ҳам, у истаганидан кўпроқ, ёмонроқ сўкиняпти. Бундан севиниб, ғурурланиш керак эмасми? Ахир ота шунга интилмадими? Ўғлини ҳақиқий эркак қилиб ўстириш саодатига етишди-ку! У ўғлидан мурувват кўрди, экканини ўрди. Мен унинг ўрнида бўлганимда, берган тарбиямнинг натижасини шу қадар аниқ ва тўлиқ олганимдан севиниб, зиёфат қилиб берардим.