СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР ТУҒИЛГАН ҚИШЛОҚ
Соҳибқирон Амир Темур жасур саркарда, Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизгача,Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар бўлган ҳудудни ўз ичига олган салтанатга асос солган давлат арбобидир.
Тарихий манбаларда Соҳибқирон Амир Темур 1336 йилда Хўжаилғор қишлоғида таваллуд топганлиги ҳақида маълумот берилади. Мана шу тарихий манбаларнинг бири Ибн Арабшоҳнинг “Ажаибул-мақдур фий тарихи Таймур” асаридир. Ушбу асарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Хўжаилғор қишлоғида туғилганлиги ҳақида “Темур ибн Тарағай ибн Абағай бўлиб, унинг туғилган жойи Хўжаилғор деб аталган қишлоқдир. Хўжа Илғор Кешга қарашли жойлардандир-Аллоҳ у ердан ҳар қандай ёмонликларни дафъ етсин[1]”дейилади. Асарда “Хўжаилғор” атамасига изоҳ берилиб шундай дейилади:“В. В. Бартольднинг ёзишича, Ибн Арабшоҳ асаридан бошқа ҳеч бир манбада Темур туғилган жой номи кўрсатилмаган. Хўжа Илғор қишлоғи ҳозиргача мавжуд бўлиб, Шаҳрисабздан 13 км жанубий-ғарбий томонда-ҳозирги Яккабоғ тумани ҳудудида жойлашган. Қишлоқ аҳли орасида Амур Темур шу қишлоқда туғилган деган ривоят бор[2]”.
Соҳибқирон Амир Темир таваллуд топган Хўжаилғор қишлоғи ҳозирги кунда Яккабоғ тумани ҳудудидадир. У туман марказидан 4 км узоқликда жойлашган.
Хўжаилғор қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида: “Хўжаилғор” –Яккабоғ туманидаги қишлоқ. Таркиби: ҳўжа+илғор. Хўжа-сиғинадиган (жой); муқаддас, мўътабар; қадамжо.Адабий тилдаги илғор(қўшиннинг олдинги қисми; пешқадам; янгиликка бошловчи) сўзининг ном таркибидаги илғор сўзига дахли йўқ. Ном таркибидаги илғор сўзининг товуш таркиби ўзгарган. Илғор сўзининг таркиби: илғор. Эроний тилларда ғар/ғор-тоғ. Тоғсимон баландлик, тош. Ил сўзининг маъноси ва қадимий шакли ноаниқ. Номнинг шаклланишида ғар/ғор сўзининг тош маъноси асос бўлганлиги тахмин қилинади: илғор-тош қўрғон[3]“ дейилади.
Хўжаилғор қишлоғида қадимий қабристон бор. Бу қабристон “Хўжаилғор ота” деб аталади. “Хўжаилғор ота” дейилганда, Хўжа Муҳаммад ибн ал-Қосим деган зот назарга тутилади. Қабристонда у зотнинг мақбараси сақланиб қолган. Мақбара жойлашган тепалик қадимги давр шаҳарсозлик харобаларининг ўрни ҳисобланади.
Қабристонга яқин жойда “Хўжа илғор” номи билан аталадиган масжид жойлашган. “Хўжа илғор” масжидининг ҳозирги биноси 1995 йилда ҳашар йўли билан қурилган. “Хўжа илғор” масжид биноси тўрт бурчак шаклида бўлиб, унинг тарҳи 40Х15 метрни ташкил қилади. Масжид биноси 2019 йилда қайтадан таъмирланди. Унда ибодат қилиш учун барча шароитлар мавжуд.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жаҳон цивилизацияси ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Амир Темурдек зот туғилган қишлоқ узоқ йиллар эътибордан четда қолган эди. Мамлакатимиз Мустақилликка эришганидан сўнг Соҳибқирон Амир Темур ва у зотнинг туғилган қишлоққа бўлган эътибор кучайди. Баҳаво сўлим гўшада жойлашган Хўжаилғор қишлоғи йилдан-йилга обод-кўркам масканга айланиб бормоқда.
Руҳиддин домла Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими