ТЎРТИНЧИ ОДОБ-МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҚАЙТАРГАН БАРЧА ИШЛАРДАН ҚАЙТИШ
Расулуллоҳ алайҳис салом буюрган нарсани қилиб, у зот қайтарган нарсадан қайтиш мусулмон кишининг муқаддас бурчи ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай буйруқ келган:
“ПАЙҒАМБАР СИЗЛАРГА КЕЛТИРГАН НАРСАНИ ОЛИНГИЗ, У СИЗЛАРНИ ҚАЙТАРГАН НАРСАДАН ҚАЙТИНГИЗ” (Ҳашр сураси, 7-оят)
Ушбу оят Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам буюрган нарсаларнинг барчаси хайр-барака эканига, у зот қайтарган нарсалар яроқсиз, нотўғри ишлар эканига ёрқин далилдир.
Мазкур буйруққа риоя қилиш лозимлигини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзлари қуйидагича баён қилганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий солаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга ҳавола қилган нарсамда мени тек қўйинглар. Сизлардан олдингилар саволлари ва пайғамбарларига ихтилоф қилганлари сабабли ҳалокатга учраган. Шунинг учун агар сизларни бирор нарсадан қайтарсам, ундан тийилинглар, агар сизларни бирор ишга буюрсам, имконингиз борича уни адо этинглар”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти)
Дунё ва охират саодатидан баҳраманд бўлишни истаган киши албатта ушбу насиҳатларни қабул қилиши ва уларга кўра ҳаёт кечириши лозим.
“Ислом одоблари энциклопедияси” китобидан