Дунё мусулмонлари дунёнинг турли бурчакларида юз минглаб ажойиб масжидлар қуришди. Жозибали ва айни пайтда ноёб масжидларни излаш бизни Африка қитъасига олиб келди. Масалан, дунёдаги энг катта лойдан қурилган масжид қаерда эканлигини биласизми?
Судан-Соҳил меъморий услубида қурилган масжидлар содда ва нафислиги билан машҳур бўлиб, Ғарбий Африка ва Суданнинг яйлов ҳудудлари, Саҳрои Кабирдан жанубдаги ҳудудларгача яшовчи халқларга хос услуб ҳисобланади.
Иссиқ ва қуруқ иқлим шароитида лой ғишт ва лойсувоқ, шунингдек деворнинг учидан чиқиб турадиган катта ёғоч вассалардан фойдаланишган. Ушбу вассалар маҳаллий аҳоли томонидан таъмирлаш ишларида ҳавоза ўрнида фойдаланилган. Судан-Сахелиан услубига хос олти масжид билан қуйида танишамиз.
Женне улкан масжиди. Мали

Женне - Тимбуктудан 354 километр жануби-ғарбда, Нигер ва Бани дарёлари қуйилган жойда жойлашган Африка жанубидаги энг машҳур қадимий шаҳри. Асрлар давомида шаҳар дарё бўйидаги Тимбукту билан бевосита алоқаси, олтин ва туз конларига олиб борадиган савдо йўллари туфайли гуллаб-яшнаган.
Женне шаҳри Тимбукту билан бирга қадимдан Исломнинг Африка қитъасига ёйилишининг марказий нуқтаси бўлиб келган. ХIII асрда маҳаллий ҳукмдор Султон Кунбуру Исломни қабул қилади ва ўз саройини масжид сифатида фойдаланишини буюради. Ўзи учун масжиддан узоқ бўлмаган жойда яна бир сарой қурдиради. Ўша пайтдан бошлаб Африка қитъасида Ислом маҳаллий аҳоли орасида мустаҳкам ўрнашади.
Ҳозир Женне қишлоқ хўжалиги ва тижорат маркази бўлиб, у мусулмонлар меъморчилигининг бир қанча ажойиб намуналарига, жумладан Буюк масжидга эга. Женнага келган киши узоқ ўтган асрлар воқеалари изларини сақлаган ушбу улуғвор масжидни кўриши мумкин.
Малининг Женне шаҳридаги Буюк масжид ноёб бино ҳисобланади. Бу нафақат дунёдаги энг йирик лойдан қурилган масжид эканлиги, балки ўзига хос бироз ғалати гўзаллиги билан ҳам инсонни ҳайратга солади. Унинг ташқи қиёфаси шунчалик ғайриоддийки, масжидлар ҳақида фақат расмлардан биладиган ғарблик учун Женнедаги масжид Африкада иссиқликларида пайдо бўлган меъморий галлюцинация бўлиб кўриниши табиий.
Женнада биринчи масжид қурилишининг ҳақиқий санаси номаълум, аммо у тахминан 1200 ёки 1330 йилларга тўғри келади. Замонавий бино қадимги собор масжиди ўрнида 1907 йилда қурилган. У бутунлай тупроқли ғиштлардан, шунингдек қум-тупроқли ғиштлардан қурилган ва бинога силлиқ кўриниш бериши учун гипсдан фойдаланилган. Ушбу бино худди шу услубда қурилган дунёдаги энг улкан бинодир.
Девор қалинлиги баландлигига қараб ўн олти-йигирма тўрт дюйм (61 см) оралиғида. Ушбу қалинлик бутун девор оғирлигини кўтариш ва жазирама иссиқдан сақланиш учун хизмат қилади. Кун давомида деворнинг ташқи кундузи исийди, тунда совийди. Ушбу ҳолат масжидда тун-у кун илиқ ҳаво бўлишига хизмат қилади.
Жоме масжиднинг деворлари торон деб номланган ёғоч вассалар билан безатилган бўлиб, вассалар ораси тахминан 60 см (2,0 фут) ни ташкил этади. Масжид тахминан 75х75 м ўлчамдаги, 3 метр баландликдаги маҳсус майдончада қурилган. Бунда кўзланган мақсад Бани дарёси қирғоғидан ошиб кетадиган бўлса, масжидга шикаст етказмаслиги бўлган. Асосий кириш дарвозаси бинонинг шимолий томонида жойлашган.
Жоме масжиднинг ибодат девори ёки қибласи шарққа Маккага қараб туради. 3 минг кишини сиғдира оладиган ибодат залимавжуд бўлиб, қибла деворидаги уч миноранинг ҳар бири ўз меҳробига эга. Марказий минорада меҳробнинг ўнг томонида имом жума хутбасини ўқиши учун минбар жойлашган.

Малидаги иқлим иссиқ ва қуруқ бўлгани учун вақти-вақти билан кучли ёмғир ёғиши сабабли бинода ёрилишлар вужудга келиши мумкин. Шу сабабли улкан масжид доимий равишда таъмирга муҳтож. Маҳаллий аҳоли томонидан масжид таъмири учун маблағ йиғиш мақсадида озиқ-овқат фестивали ташкил этилган.
Женна шаҳридаги Буюк масжид Африкадаги энг обрўли диний ёдгорликлардан бири сифатида ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Буюк масжид бутун Ислом оламидаги масжидлар учун умумий бўлган меъморий элементларни ўзида мужассам этган бўлсада, унда Женне аҳолиси асрлар давомида фойдаланган эстетикаси ва материаллари алоҳида ажралиб туради. Мали бўйлаб топилган ушбу тупроқли архитектура мунтазам равишда сақланиб турилса, асрлар давомида хизмат қилиши мумкин.
Лабаранга масжиди – Ганадаги энг қадимий масжид

Гана давлатидаги ушбу ажойиб масжид Ғарбий Африкадаги энг қадимги масжидлардан биридир. Ушбу масжид билан боғлиқ бир нечта қизиқарли воқеалар ва қизиқ фактлар мавжуд.
Афсонага кўра, савдогар Айюб 1421 йилда Саҳрои Кабир бўйлаб саёҳат қилиб, Ларабанга қишлоғида тунаб қолади. Тушида у қишлоқда масжид қурганини кўради. Уйғонганида эса бинонинг пойдевори аллақачон қўйилганини кўради. У анъанавий Судан-Соҳил услубида масжид қурдирган. Бинонинг тўрт томонида алоҳида кириш жойи мавжуд бўлиб, бири эркаклар, бири аёллар, бири Ларабанга ҳукмдори учун яна бири жамоатни намозга чақирувчи муаззин учун хизмат қилган.
Масжид ташкил этилганидан буён бир неча марта қайта тиклаш ишлари олиб борилган. Жаҳон ёдгорликлари фонди уни қайта тиклашга катта ҳисса қўшади ва масжидни энг нозик 100 ёдгорлик қаторига киритган.

Масжидда иккита баланд пирамидал миноралар мавжуд: бири шарқда Макка тарафда бўлиб, унда меҳроб жойлашган, иккинчиси шимолий-шарқий бурчакдаги минора. Минораларни ўн икки қаватли ёғоч устунлар ушлаб туради. Ташқи қисм бутунлай оқ рангга бўялган.
Маҳаллий аҳоли ҳунармандчилик ва сайёҳлик-туризмини ривожланлантириш орқали нафақат масжиднинг таъмирланиши, балки аҳоли турмуш тарзини яхшилаш учун маблағ топа олган. Бугунги кунда масжид ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Унда мунтазам жамоат намозлари ўқиб борилади.
Агадес масжиди. Нигер

Агадес дунёдаги энг иссиқ шаҳарлардан бири бўлиб, уни "чўл эшиги" деб аташади. У Саҳрои Кабирнинг жанубий чеккасида жойлашган. Карвон савдосининг муҳим чорраҳаси бўлган тарихий шаҳар маркази 11 маҳаллага бўлинган. Улар таркибида кўплаб тупроқли иншоотлар ва яхши сақланиб қолган масжид, шу жумладан бутунлай хом ғиштдан қурилган 27 м баландликдаги минора мавжуд.
Агадес – Нигердаги машҳур масжид. Илгари Агадес масжидининг минораси соқчилар минораси эди, чунки шаҳар қамалга бардош бера олиши керак бўлган.
Бобо-Диуласо жоме масжиди. Буркина-Фасо

Бобо Диуласо Буркина-Фасонинг иккинчи йирик шаҳри. Унинг тарихи кўп жиҳатдан мамлакат пойтахти Уагадугудан кўра бой маданий архитектурага эга. Ажабланарлиси Бобо Диуласо Жоме масжиди - анъанавий Судан-Соҳил архитектурасининг таъсирчан намунаси ва Буркина-Фасодаги ушбу услубдаги энг йирик бино.
Масжид XIX-аср охирида маҳаллий қирол ва имом ўртасида сиёсий келишув натижасида қурилган. Қурилишнинг аниқ санаси номаълум – кимдир 1880 йилда қурилган деса, бошқалари 1882, 1883 ёки 1893 йилларда қурилган, дейишади. Малидаги Женненинг буюк масжиди сингари, Бобо Диуласонинг Буюк масжиди ҳам миноралар билан безатилган бўлиб, унда 65 та устун мавжуд. Масжид уч қисмдан иборат. Соябон остида аёллар учун 4 хонали ва эркаклар учун 5 хонали ибодат зали мавжуд.
Масжиднинг ички қисми қора рангда. Мунтазам равишда олиб борилган таъмирлаш ишлари туфайли масжид жуда яхши аҳволда сақланган ва ҳар доим ёмғир пайтида кўрилган зарар дарҳол таъмирланган. Ушбу улкан масжид Буркина-Фасонинг иккинчи йирик шаҳрининг фахри бўлиб, сайёҳлар учун қизиқ манзиллардан бири ҳисобланади.
Бани улкан масжиди, Буркина-Фасо

Буркина-Фасодагилар динга муносабати ноёб. Бу ерда диний бағрикенглик амал қилади, диний ва этник гуруҳларнинг хилма-хиллиги ҳукм суради. Икки асосий диний гуруҳ – мусулмонлар ва насронийлар ўртасидаги нисбий мувозанат мавжуд. Ажабланарлиси шундаки, иккала конфессиянинг издошлари ўзларининг эътиқодларини кундалик ижтимоий ҳаётга аралашмайдиган тарзда амалда қўллашади.
Бани шаҳрининг гўзал масжиди кичик қишлоқда жойлашган ва мамлакатдаги энг муҳим исломий обидадир. У маҳаллий фуқаро Муҳаммад ал-Ҳожи ташаббуси билан пиёда қилган ҳаж зиёратидан қайтгач қурилган. Қишлоқ аҳли бирлашиб, қурилишни икки йилга етмасдан тугатади. Асосий масжид ва унинг атрофидаги олтита кичик масжидлар ибодат қилаётган инсон шаклида бирлаштирилган.
Тимбуктудаги Санкоре масжиди. Мали

Тимбуктудаги масжид яна икки масжид билан биргаликда ислом тарихида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Уни ўша жойнинг энг бой одами сифатида ҳам танилган Манса Муса ҳукмронлиги даврида университет вазифасида ҳам хизмат қилган. Манба: Азон.уз