1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НЕГА ПАЙҒАМБАРГА МУРОЖААТ ҚИЛАСИЗ, АХИР АЛЛОҲ МАВЖУД-КУ?...

8-11-2020, 18:43 424 Ўқиш режими + -
 НЕГА ПАЙҒАМБАРГА МУРОЖААТ ҚИЛАСИЗ, АХИР АЛЛОҲ  МАВЖУД-КУ?...
Ҳаддидан ошган, ўзларидан бошқа мусулмонларни адашганликда айбловчи тоифалардан бири масжидда дарс бераётган эди. 
Дарс асносида:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тавассул (васила) қилиш мумкин эмас, -  деди.
Масжиддагилар:
– Нима учун мумкин эмас?, – дея савол беришди.
У бўлса:
– Чунки, Аллоҳ таоло мавжуддир. Аллоҳ мавжуд бўла туриб, қандай қилиб Пайғамбарга мурожаат қилиш мумкин бўлар экан, – дея жавоб берди.
Бир киши:
– Бошқа уламолар бу ишни жоиз дейишган-ку, – деди.
У:
– У уламолар тавҳидни билишмайди. Динда бидъатлар пайдо қилишган. Бидъатчилар залолатда, залолат эса дўзахда бўлади. Биз эргашган уламолар ҳақиқий тавҳид аҳли. Соф дин уларга эргашиш билангина бўлади. Тавҳид аҳлига тоғутга сиғинадиганлар баробар бўла олмайди. Яна айтаман: пайғамбарни васила қилиш мутлақ ножоиз. Аллоҳдан тўғри сўрайвериш керак, нима кераги бор ўртага бандани қўйиб, – деб айтди.
Ушбу мутассиб кимса тавассул тўғридан тўғри бандага мурожаат  қилиш эмас, балки, Аллоҳ таолога пайғамбар орқали мурожаат қилиш эканини билмайди ёки билишни ҳам истамайди.
Масжид аҳли ичидаги ёши улуғ бир кимса гапирди: 
– Эй шайх, мен ўқиш ва ёзишни билмайдиган оми одамман. Сизга саволим бор.
– Саволларингизни бераверинг, жавоб бераман. Мендан аҳли тавҳидларнинг соф жавобларини эшитасизлар.
– Қиёмат кунги даҳшатли вазиятдан халос топиш учун маҳшаргоҳда турган барча инсонлар кимнинг олдига боришади?
– Дарсларимда қатнашаётганмидингиз?
– Ҳа, қатнашаяпман.
– Унда бу саволга аввал ҳам саҳиҳ ҳадис билан жавоб берганман, ҳозир ҳам шу жавобни бераман.  Қиёмат куни инсонлар ўта қўрқинчли вазиятда, ночор қолишади. Барча инсонлар ва ҳатто пайғамбарлар ҳам ўзи билан ўзи овора бўлиб қолишади. Шунда улар мавжуд қўрқинчи вазиятдан чиқиш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига бориб ёрдам сўрашади. У зот ҳамманинг шафоатчиси бўлади.
– Унда айтингчи, нега инсонлар даҳшатли ҳолатлардан нажот топиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, у зотга мурожаат қилишади, ваҳоланки, Аллоҳ мавжуд-ку?!
Суннатуллоҳ Абдулбосит

Манба: Азон.Уз