САККИЗИНЧИ ОДОБ-МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИ МАДҲ ҚИЛИШДА ҒУЛУВГА КЕТМАСЛИК
Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ алайҳис саломчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Чунки, у зот “Муҳамад”, яъни “тўхтовсиз мақталган” зотдирлар. Шу билан бирга, у зот бошқалар сингари уйланадиган, уй юмушларини бажарадиган, яхши ишлардан ҳурсанд бўладиган, ёмон ишлардан хафа бўладиган инсон бўлганлар. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай хабар берилган:
“(Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: “Дарҳақиқат, мен сизлар каби бир башардирман. (Фақат) менга илоҳингиз ёлғиз Илоҳ экани ҳақида ваҳий этилмоқда” (Қаҳф сураси, 110-оят)
Яъни эй Муҳаммад алайҳис салом, уларга: “Мен ҳам сизларга ўхшаган бир башарман. Менда фаришталик ё илоҳлик сифатлари асло йўқдир, мен фақат Аллоҳ таоло билдирган нарсанигина биламан, холос”, деб айтинг.
Шунга кўра у зотни Қуръон ва Суннатда келган сифатлари билан васф қилишнинг ўзи мадҳ ҳисобланади.
“Ислом одоблари энциклопедияси” китобидан олинди.