1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СУҒУРТА КОМПАНИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИНМИ?

10-11-2020, 16:06 1 501 Ўқиш режими + -
САВОЛ:
Ассалому алайкум. Суғурта компанияси одамнинг соғлигини суғурта қилади. Масалан, 20 миллионга суғурта қилсангиз 200 минг берасиз, касал бўлсангиз 20 миллион беришади, шу пул ҳалолми?
2020.11.10
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Соғлиқни суғурталаш учун 200 минг сўм бериб, касал бўлганда 20 миллион қилиб олиш шаръан жоиз эмас. Чунки суғуртанинг бир қанча турларида, жумладан саволда сўралаётган суғурта турида ҳам қимор ва рибо мавжуд. Агар ҳозирда оммалашиб бораётган суғурта компаниялари томонидан таклиф қилинаётган “суғурта турлари”ни ишлаш қоидаларини ўрганадиган бўлсак, унда энг аввало аъзолик бадали тўланиши шарт экани ва тўланган миқдордаги суммага кўра маълум даражада ёрдам кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Энг эътиборлиси, шу “ёрдам” белгиланган вақт ичида етган маълум бир талофатларни зарари қоплаб берилишидир. Бордию суғуртага пул тўлаб аъзо бўлган кишига белгиланган вақт ўтганидан кейин талофат етса ёки белгиланган вақт ичида етган талофат ўзаро келишилган шартномада кўрсатилган талофатлардан бошқа бўлса унга зарар қоплаб берилмайди, ҳатто, ўзи тўлаган сумма ҳам қайтариб берилмайди. Натижада кимдир моддий зарар кўради. Айни пайтда озгина тўлов қилган киши ўн баробар кўп маблағ олади. Бу маблағлар ўзгаларнинг пули ҳисобидан тўлаб берилади. 
   Аммо, суғуртанинг шариатимизга мувофиқ ишлаб чиқилган турлари ҳам мавжуд бўлиб, унда “маълум вақтгача”, “аъзолик бадали”, “талофатнинг маълум тури” каби тушунчалар бўлмайди. Суғуртанинг бу турларида хайрия, вақф, эҳсон каби ҳайриҳохлик тамойиллари асосида иш олиб борилади. Яъни, хайрия пуллари йиғиб борилади ва муҳтожнинг ҳолати ўрганилиб, хоҳ шу суғуртага аъзо бўлсин хоҳ аъзо бўлмасин, унга эҳтиёжи миқдорича ёрдам кўрсатилади ва бу ҳақидаги ҳисоботлар шаффофлик билан ёритиб борилади. 
   Демак, инсонлар бир-бирларига ўзаро ёрдам кўрсатишлари учун ташкил қилинган жамғармалар фаолиятига шаръий нуқтаи назардан баҳо беришда уларнинг ишлаш қоидаларига эътибор берилади. Агар шаръий мезонларга мувофиқ бўлса, яъни, ўзганинг молини ботил йўл билан ейиш эҳтимоли йўқ бўлса бундай ишлар шаръан жоиз саналади. Валлоҳу аълам.
    
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.

Манба: Фатво.Уз