ТАРКИБИДА СПИРТИ БОР МАЛҲАМ ТАХОРАТНИ СИНДИРАДИМИ?
3286
13-11-2020, 07:34
896
Ўқиш режими
+
-
САВОЛ:
Таркибида спирт бор малҳам таҳоратни синдирадими?
2020.11.12
ЖАВОБ:
Спирт ҳозирги кунда жуда кўп нарсаларда қўлланилмоқда. Дори дармонларда, ташқи истеъмолда яъни атир, сиёҳ ва турли бўёқлар ҳамда шоколад, музқаймоқ каби егуликларда ҳам ишлатиляпти. Шулардан саволда сўралаётган спиртни ташқи ишлатиш яъни атир, сиёҳ, малҳам ва турли бўёқларда ишлатишнинг ҳукмига келсак, спиртнинг нажосат ёки поклигига қараб ҳукм фарқланади. Замонамизнинг машҳур олимларидан Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ «Такмилату фатҳул мулҳим» китобида қуйидагича келтирадилар:
فانها ان اتخذت من العنب او اتمر فلا سبيل الي حلتها او طهارتها و ان اتخذت من غيرهما فاالامر فيها سهل علي مذهب ابي حنيفة رحمه الله تعالي و لا يحرم استعمالها للتداوي او لاغراض مباحة اخري ما لم تبلغ حد الاسكار... و ان معظم الكحول التي تستعمل اليوم في الادوية و العطور و غيرهما لا تتخذ من العنب او التمر انما تتخذ من الحبوب او القشور او البترول و غيره“
«Спирт агар узум ёки хурмодан олинадиган бўлса уни ҳалоллиги ва поклигига йўл йўқ. Бошқа нарсалардан олинса, бу борада Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларида даволаниш ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш жоиз, модомики маст қилиш даражасига етмаган бўлса...
Ҳозирда дори дармонлар, атирларга қўшилаётган спирт асосан буғдой, турли пўстлоқлар, нефть ва бошқа нарсалардан олинади».
Юқоридаги мулоҳазаларга биноан хурмо ва узумдан бошқа нарсалардан олинган спирт қўшилган дори дармонлар, атирлар шу жумладан саволда сўралган малҳамнинг истеъмоли жоиздир. Таҳоратни синдирмайди. Спирт суртилгандан кейин, ўша жойни имкон қадар ювиб юборилса янада яхши бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.Манба: Фатво.Уз