ЎНИНЧИ ОДОБ- МУҲАММАД СОЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ САҲОБАЛАРИНИ ҲУРМАТ БИЛАН ТИЛГА ОЛИШ
Саҳобалар деганда, иймон келтирган ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мўмин ҳолида вафот этган кишилар тушунилади.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Исломни қандай қабул қилиб олган бўлсалар, кейингиларга ҳудди шундай етказиш йўлида молу жонларини фидо қилган инсонлардир.
Ҳадис илмларига бағишланган китобларда саҳобаларнинг ўн икки табақада эканлари баён қилинган:
1.Олдиндан Маккада Исломни қабул қилганлар табақаси;
2.Умар ибн Хаттоб розяллоҳу анҳу Исломга кирганидан кейин Исломни қабул қилганлар табақаси;
3.Ҳабашистон муҳожирлари табақаси. Мазкур муҳожирлар “Ҳабашистон муҳожирлари” деб аталишадиган алоҳида бир табақа саналади;
4.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи Ақаба байъатида қатнашган саҳобалар табақаси;
5.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган иккинчи Ақоба байъатида қатнашган саҳобалар табақаси;
6.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага киришларидан олдин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;
7.Бадрда қатнашган саҳобалар табақаси;
8.Бадр ғазотидан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;
9.Ҳудайбия ғазотидаги “Байъатир ризвон”да қатнашган саҳобалар табақаси;
10.Ҳудайбиядан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;
11.Фатҳ йилида мусулмон бўлган саҳобалар табақаси;
12.“Фатҳ куни ва “Ҳажжатул вадоъ”да ёш ва гўдак ҳолида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига муяссар бўлган саҳобалар табақаси.
Саҳобаларнинг барчаларини пайғамбарлардан кейинги инсонларнинг энг афзали деб эътиқод қилиш ва уларни фақат яхши сифатлари билан ёдга олиш Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан одоб тақозоси ҳисобланади.
“Ислом одоблари” энциклопедиясидан олинди