1442 йил 15 Рабиъус соний | 2020 йил 30 ноябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:16
Sunrise
07:35
Dhuhr
12:26
Asr
15:36
Maghrib
17:15
Isha
18:35


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОДИНАХОН МУҲАММАД СОДИҚ: «ҚАЙНОТАНИ ДАДА ДЕЙИШ...» (1-ҚИСМ)

14-11-2020, 08:10 642 Ўқиш режими + -
Azon.uz'нинг "Онлайн савол-жавоб" лойиҳасида "Оила ва жамият" мавзусида суҳбат ташкил қилинди. Унда "Muslimaat.uz" ва "Бинту Содиқ" саҳифалари муаллифи, олима Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳозирги кунда жамиятимиздаги долзарб мавзулардаги кўплаб саволларга жавоб бердилар.



- Ассалому алайкум, устоз! Бугун сизни “Онлайн савол-жавоб” лойиҳасида кўриб турганимиздан хурсандмиз. Ташрифингиз учун ташаккур! Дастуримизнинг навбатдаги меҳмони сиз бўлишингиз ҳақидаги хабарни эълон қилганимиздан сўнг то бугунга қадар кузатувчиларимиз томонидан жуда кўп саволлар келиб тушди. Ана шу саволларни саралаб, сизга тақдим этиш ниятидамиз. Ижозат берсангиз, саволларни ўқишни бошлайман. Демак илк савол қуйидагича “Ассалому алайкум, устоз лойиҳага ташриф буюришингиз биз учун хушхабар бўлди. Сизга саволим шундай : “Отинойилар курслари ташкил этилганми ва ушбу курсда истаган муслима қиз-аёллар ўқий олишадими?”
Одинахон Муҳаммад Содиқ: Савол берувчи қизимизга Ваалайкум ассалом деймиз. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу саволларидан отинойиларга таълим берадиган курсларни назарда тутган бўлсалар, бундай курсларимиз йўқ. Лекин отинойи вазифасида хизмат кўрсатиб келаётган онахонларимиз, опаларимиз учун вақти-вақти билан курслар ташкил қилинади. Бу курслар расмийлар, диний идора томонидан уюштирилади. Бу курсларда ўзининг устида ишлаш, малака ошириш каби ишлар амалга оширилади. Бу курсларнинг ҳаммаси маълум бир йўналиш ва вақт асосида олиб борилади. Лекин отинойилар тайёрлайдиган махсус курслар мавжуд эмас. 
- Савол йўллаган кузатувчимизнинг навбатдаги саволлари: “Устоз, сиз томондан берилаётган, манфаатли илм бўлаётган ва афсуски, охирлаб бораётган "40 ҳадис шарҳи" дан кейин режада муслималар учун яна қандай ўқув дастур тақдим этадилар?
Одинахон Муҳаммад Содиқ: Аввало, “40 ҳадис шарҳи”ни тақдим қилиб бораётганимиздан, Аллоҳ таоло бунга муваффақ қилганидан ва буни кузатиб бораётган, таълим олаётган ва бундан манфаатланаётган ҳолатларни кўриб жуда хурсанд бўляпмиз. Аллоҳ таоло манфаатли қилсин. Кўп опа-сингилларимиз бу ҳадисларни ёд олишяпти. 40 ҳадисни ёд олганларга ажр-савоблар айтилган. Улар ҳадисни ўрганиб, ҳаётларига ҳам татбиқ қилиш ниятида туришибди. Аллоҳ муваффақ қилсин. Имом Нававий раҳматиллоҳ алайҳдан қолган бу “40 ҳадис” жуда машҳурдир бўлиб, динимиз асосларини ичига олган, ҳар соҳадаги энг муҳим ҳадислар мажмуасини тақдим қилган. Албатта, бу лойиҳамиз ниҳоясига етганидан сўнг, бошқа режаларимиз ҳам бор. Хусусан, илм бошида турган ўқувчиларимиз учун мўлжалланган, бошланғич таълим учун хосланган арабий матнларни хоҳ назм, хоҳ наср шаклида тайёрлаб, эълон қилиш саъй-ҳаракатидамиз. Шу билан бирга Имом Ғаззолий қаламига мансуб “Эй фарзанд” китобини шарҳ қилмоқчимиз. Бу китоб эълон қилинганидан сўнг, кўпчилик манфаатланганини эътироф қилишди. Лекин шарҳи билан бўлса, янада ўзлаштириш енгил бўлишини айтиб мурожаат қилишган. Шу сабабли бу ҳам режамизда бор. Бундан ташқари “Туҳфатул атфол”, “Кифоятул ғулом” каби асарларни бошлаяпмиз. Асар номларини эшитган инсонлар бу ёш болалар учун мўлжалланган деб ўйлаши мумкин. Китобларнинг номлари ёш болаларга аталган бўлса ҳам, аслида китоб илмда ёш бола бўлган, бошланғич билим олиш ниятидагилар учун аталган. Шу каби илм эшигини очиб берувчи яна бир қанча режаларимиз бор. Аллоҳ муваффақ қилса, ҳаммасини шарҳи ҳамда матни билан, ўрганиш учун қулай шаклда тақдим этиб борамиз. Ҳозирда “40 ҳадис” ҳам таржимаси, шарҳи ҳамда овозли ёзуви билан эълон қилиняпти. Барчасини шу шаклда бериб боришга ҳаракат қиламиз. Келгусида бу асарни китоб ҳолида  янада тўлиқ шарҳини баён қилиш ниятимиз бор. Бунинг давомидан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига, ақида, фиқҳга оид энг зарурий илмларни ҳам қўшамиз. Аллоҳ таоло муваффақ қилсин...
- Жавобингиз учун раҳмат, устоз. Навбатдаги савол: Ассалому алайкум, устоз! Аёл киши эрининг ота-онасини дада, она деб чақириши ёки эр киши хотинининг ота-онасини дада, она деб мурожаат қилиши тўғрими? Шариат қоидасига кўра, қайнота ва қайнонага нима деб мурожаат қилиш керак? 
Одинахон Муҳаммад Содиқ: Шарий таълимотларимизда қайнона-қайнотага мурожаат қилиш борасида маълум бир тавсиялар йўқ. Шунингдек, қайнона-қайнотага “ота, она” деб бўлмайди деган тақиқ ҳам мавжуд эмас. Бу ихтиёрий масала бўлиб, бундай вазиятларда асосан урф-одатга таянилади. Ҳар бир юртнинг ўзига яраша урфи мавжуд. Агар бу урф-одатлар шариатга, унинг асосларига хилоф бўлмайдиган бўлса,унга амал қилиш жоиздир. Ақлий назар билан қаралганда, турмуш қургандан сўнг эр-хотин ҳамма нарсада бир-бирига шерик бўлади. Жумладан, ота-онада ҳам бир-бири билан бўлишишади, эрнинг ёки хотиннинг ота-онаси жуфти учун ҳам ота-она мақомига чиқади. Шу жиҳатдан, қайнона-қайнотага “ота, она” деб мурожаат қилишлари мумкин. Бу урфимизга киритилган нарса, ота-оналаримиз ҳам шуни исташади. Бордию, келин турмуш қургандан сўнг қайнонасига ”она”, қайнотасига “ота” деб мурожаат қилмаса, бу уларни ранжитиши мумкин. Уларнинг розилиги мақсадида ҳам бундай мурожаат қилиш жоиз ҳисобланади. Бу билан турмуш ўртоғининг ҳам розилигига сабаб бўладиган бўлса, бу нарса, албатта, жоиз, вақти келса, ажрли иш деб ҳам тан олинади.
(давоми бор)


Манба: Азон.уз