САВОЛ:
Ассалому алайкум Таҳорат олишда юзларимизни юваётганда бурун қонаб кетса, таҳорат бузилади. Шунда авратни яна ювиш керакми?
ЖАВОБ:
“Истинжо” – “нажосатни кетказиш”, дегани. Истинжо олд ва орқа авратлардан нажосат чиққанда қилинади. Уйқу ва ел чиқиши сабабли истинжо қилинмайди. Ел чиққанда олд ва орқа авратларни ювиш бидъатдир (яъни, мумкин эмас)” (манба: “Ал-Ихтиёр” китоби).
Айрим инсонлар яхши тушунмасдан ухлаб турсалар ҳам, ел чиқса ҳам, бирор жойи қонаса ҳам ҳожатхонага бориб олд-орқа аъзоларини сув билан ювадилар. Натижада касаллик орттириб оладилар. Шуни яхши англаб олиш лозимки, олд ва орқа аъзоларни улардан нажосат чиқиб атрофига дирҳам миқдорича ёйилганда ювиш вожиб ҳисобланади. Дирҳам миқдоридан ошмаса, ювиш мустаҳаб бўлади.
Демак, сиз айтган ҳолатда умуман аврат аъзолари ювилмай таҳоратни қўлни ювишдан бошланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.