1442 йил 20 Рабиъус соний | 2020 йил 05 декабрь, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:20
Sunrise
07:40
Dhuhr
12:28
Asr
15:35
Maghrib
17:15
Isha
18:35


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФАТВО: ЎҒИЛ ТЎЙ(СУННАТ ТЎЙ) ҚАЧОН ҚИЛИНАДИ?

20-11-2020, 11:58 522 Ўқиш режими + -
САВОЛ:
Ассалому алайкум. Ўғил тўйни 3 ёш ёки 5 ёш, яъни тоқ ёшда қилиш керак, деб эшитдим. Шу гап ростми? Ўғлим ҳозир икки ярим ёш уни кестирсак бўладими?
2020.11.20
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Динимизда ўғил тўй деган тушунча йўқ. Бу одамлар ўзи тўқиб олган нарса ҳисобланади. Шундай экан у тўйни қачон қилиш ҳам белгиланмаган. Афсуски, ҳозирда катта ҳаражатлар билан ана шундай тўйлар ўтказиш урф бўлиб бормоқда. Ҳолбуки мана шу маблағни ўша боланинг таълими, келажаги учун сарфласа, жуда ҳам яхши бўлади. Покиза шариатимиз бу каби катта ҳаражатлар ўрнига савобли ва фазилатли амал - ақиқа қилишни тавсия қилган. Бу ҳам имкони бор бўлганда қилиш айтилган. 

سَلْمَانُ بْنُ عَامِرٍ الضَّبِّىُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ  صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، يَقُولُ: «مَعَ الْغُلاَمِ عَقِيقَةٌ، فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا، وَأَمِيطُوا عَنْهُ الأَذَى» 

Салмон ибн Омир Зоббий розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ғулом ила ақийқа бордир. Унинг учун қон чиқаринг ва ундан нопокликни кетказинг”-деб айтаётганларини эшитганман. (Бухорий ривояти). 

 عن أم كرز رَضِي اللهُ عَنْها  أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال عن الغلام شاتان وعن الجارية شاة لا يضركم ذكرانا كن أم إناثا

Умму Курз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўғил бола номидан икки қўй ва қиз бола номидан бир қўй (сўйинглар. Сўйладиган қўйнинг) эркак ёки урғочилиги сизларга зарар қилмайди, дедилар”. (Насоий ривояти). 

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُما قَالَ :عَقَّ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْحَسَنِ وَالْحُسَيْنِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا بِكَبْشَيْنِ كَبْشَيْنِ 

Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (ўз набиралари) Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга иккита иккитадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар”. (Насоий ривояти). 

 عن علي بن أبي طالب قال : عق رسول الله صلى الله عليه و سلم عن الحسن بشاة وقال يا فاطمة أحلقي رأسه وتصدقي بزنة شعره فضة قال فوزنته فكان وزنه درهما أو بعض درهم 

Али Ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (набиралари) Ҳасанга бир қўй сўйдилар ва “Эй Фотима уни сочини олгин ва сочини оғирлигича кумуш садақа қилгин” дедилар. Кейин мен уни ўлчовдим бир ёки ярим дирҳам (оғирлигича) чиқди”. (Термизий ривояти).
Исломда ақиқани кўриниши шуки, бола туғилганидан кейин еттинчи куни унинг сочи олинади ва ўша сочни оғирлигича тилла ёки кумуш садақа қилинади. Кейин ҳоҳловчилар болани бошига заъфарон суртишлари мумкин. Сочи олингандан кейин унинг номидан жонлиқ сўйилади.
Ақиқа кунини тайин қилиниши борасида Оиша розияллоҳу анҳодан ҳадис ривоят қилинган.

فقالت عائشة رضي الله عنها : ...  و ليكن ذاك يوم السابع فإن لم يكن ففي أربعة عشر فإن لم يكن ففي إحدى و عشرين 

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “...ва бу еттинчи куни бўлсин. Агар (еттинчи куни) бўлмаса ўн тўртинчи куни бўлсин. Агар (ўн тўртинчи куни ҳам) бўлмаса йигирма биринчи куни бўлсин”. (Имом Ҳоким ривояти).
Ушбу ривоятга биноан ақиқа еттинчи куни қилинса яхшироқ бўлади. Чунки ҳадисда “Агар (еттинчи куни) бўлмаса ўн тўртинчи куни, агар (ўн тўртинчи куни ҳам) бўлмаса йигирма биринчи куни бўлсин” дейилган.
Ақиқа қилинмай узоқ муддат ўтиб кетган бўлса нима қилинади?.  Бу борада Ашраф Али раҳматуллоҳи алайҳи осон йўлни баён қилиб “Бола қайси куни туғилса келгусидаги ўша кундан бир кун аввал ақиқа қилинади”-деган. Масалан бола жума куни туғилса келгусидаги қайсидир пайшанба куни ақиқа қилинади. Демак ақиқа келгусидаги қайсидир пайшанба куни қилинса  гўёки еттинчи куни қилинган бўлади. Валлоҳу аълам. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
Манба: фатво.Уз