1442 йил 20 Рабиъус соний | 2020 йил 05 декабрь, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:20
Sunrise
07:40
Dhuhr
12:28
Asr
15:35
Maghrib
17:15
Isha
18:35


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФАТВО: ОРИФЛЭЙМ ТАРМОҚЛИ МАРКЕТИНГДА ИШЛАШ ҲАЛОЛМИ

21-11-2020, 18:01 211 Ўқиш режими + -
САВОЛ:
Ассалому алайкум. Орифлэйм тармоқли маркетингда ишлаш халолми?
2020.11.20
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Сиз айтиб ўтган савдо тури тармоқли маркетинг (сетевой маркетинг) деб юритилади. Мисрдаги Ал-Азҳар университитетининг Ислом иқдисодиёти профессори Ҳусайн Шаххата, Қатар давлат университитетининг Ислом шариати факултетининг профессори Али Муҳиддин, Саудия Арабистони фатво қўмитаси тармоқли маркетингнинг барча иш йўналишини ҳаром деб фатво чиқарганлар.
Тармоқли маркетинг инсонларнинг молини алдов, ёлғон ва фирибгарлик йўли билан ейишдир. Аллоҳ таоло инсонларни бир бирларининг молларини ботил йўл билан ейишдан қайтарган.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ

“Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг  молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси 29-оят)
Тармоқли маркетингни ҳаром эканлигини бир нечта сабаблари бор.
Биринчидан: Тармоқли маркетингдаги асосий мақсад маҳсулот сотиш эмас, балки пулни пулга сотишдир. Чунки тармоқли маркетингда сотилаётган маҳсулотларнинг бозордаги қиймати жуда арзон бўлиб, уни аъзо бўлган иштирокчиларга қимматга сотади. Иштирокчилар бу зарарни улар орқали аъзо бўлган иштирокчилар ҳисобидан қопланиши сабабли озгина пулини кўпайтириб олиш учун кампания маҳсулотларини сотиб олади. Бу пулни пулга насияга фойиз асосида  сотишдир. Бундай савдо айни рибо бўлгани учун Қуръон оятлари, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва ислом умматининг ижмоси билан  шаран ҳаром қилинган.  
Иккинчидан:  Тармоқли маркетинг алдов устига қурилгандир. Алдов эса шаръан ҳаром. Чунки тармоқли маркетингга аъзо бўлган киши керакли миқдордаги иштирокчиларни йиға оладими ёки йиға олмайдими, буни олдиндан билмайди. Тармоқли маркетинг ҳам қачондир охирига етади. Иштирокчи  эса қўшилаётганда тармоқли маркетинг охирига етган вақтда пирамиданинг юқори қисмида бўлиб фойда кўрадими ёки пирамиданинг қуйи қисмида бўлиб зарар кўрадими, бундан бехабар бўлади. Аслида, пирамида  аъзоларининг аксари зиён кўради, озчилик иштирокиларгина фойда кўради. Бу алдовнинг айни ўзидир.

نهى النبي صلى الله عليه وسلم عن الغرر (رواه الامام مسلم)

“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам алдовдан қайтарганлар” (Имом муслим ривоятлари).
Учинчидан. Тармоқли маркетингдаги маҳсулот асосий мақсад бўлмайди, балки бу амалиётни амалга ошириш учун қопқон вазифасини ўтаб беради. Иштирокиларга ҳам маҳсулотнинг борлигининг умуман аҳамияти йўқ. Саудия Арабистони уламолари кенгаши битимларнинг бундай тури ҳаромлигига фатво берган.  Сабаби бу муомаладан мақсад маҳсулот эмас, балки пулдир. Чунки тикилган пуллар миқдори ўн минглаб бўлганида,  мавжуд маҳсулотнинг нархи бир неча юздан ошмайди. Ҳар қандай ақлли одамга икки иш (пул ёки маҳсулот) таклиф қилинса, пулларни танлайди. Шу сабабли бундай компанияларнинг маркетинг ва маҳсулотини реклама қилишдаги асосий таянчи иштирокчилар катта миқдордаги пулларни қўлга киритиши мумкинлиги ва оз пул тикиб кўп фойда олишга қизиқтиради. Бу компаниялар сотаётган маҳсулот кўп миқдордаги пул ва фойдаларни қўлга киритиш учун бир баҳона холос.
Тўртинчидан. Тармоқли маркетингга асосланган компаниялар битимида қиморнинг мавжудлиги. Чунки иштирокчи ўзининг ортидан кўп сонли кишиларни тўплай олса, катта миқдордаги фойдани қўлга киритиш илинжида унга катта пул тикади. Тармоқли маркетинг компанияларида даромад олиш тизими бошқа иштирокчиларни жалб қилиш билан боғлиқ бўлиб, уларни икки гуруҳга (ўнг ва чап) ажратади.  Иштирокчи фойда олиши учун икки гуруҳ тенг бўлиши керак. Агар иштирокчи талаб қилинган ададаги кишилар жалб қилса, пул олади, акс ҳолда пулидан маҳрум бўлади. Юқоридагилардан бундай компаниялар қимор устига қурилганлига маълум бўлади. Қимор эса ҳаромдир. Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай марҳамат қилган.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз”.
Шунингдек, биринчи иштирокчи у орқали келган кейинги иштирокчилар ҳар сафар сотганидан фойда  олиши одамларнинг пулларини ботил йўл билан қўлга киритиш ҳисобланади.
Бешинчидан. Тармоқ маркетинги  тижорий  фирибгарликнинг бир шакли бўлиб аъзоларини тезда  бойиб кетиши мумкинлигига ишонтиради, натижада кўплаб инсонлар алданиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам кўпгина мамлакатлар тармоқли маркетинг фаолиятини тақиқлаб қўйган. Баъзи  араб мамлакатлари тармоқли маркетингни олдини олиб жамоатчиликни ушбу турдаги маркетинг билан шуғулланувчи компанияларнинг тузоғига тушиб қолмасликлари ҳақида огоҳлантирдилар. Чунки бу давлатлар тармоқли маркетингни алдовдан бошқа нарса эмаслигини тажрибадан ўтказишган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Фатво ҳайъати.