1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ДОМЛА ҲИНДИСТОНИЙНИНГ ОТИНОЙИЛАРГА ВАСИЯТИ

18-12-2020, 09:18 415 Ўқиш режими + -
“Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Отинойилар, Аллоҳнинг раҳмати ва саломи сизларга бўлсин. Мен бугун сизлар учун гапирмоқчиман. Аёлларнинг бахтига ҳамиша сизлар саломат бўлинглар! Сиз аёллар мажлисининг гулисизлар. Биз эркаклар ичида олим бўлсак, сиз аёллар ичида худди шундайсизлар. Бизга Аллоҳ таоло тарафидан қандай вазифа юклатилган бўлса, сизларга ҳам худди шундай масъулият юкланган. Биз олимлар эркаклар ўртасида қандай обрў-эътиборга, ҳурматга сазовор бўлсак, сиз отинойиларда ҳам шундай, яъни аёллар мажлисида уйнинг тўри сизникидир. Бизнинг вазифамиз фақат уйнинг тўрида ўтириб, лазиз овқатлар еб, зиёфатга берилиб ўтириш эмас. Биз ўзимизнинг вазифамизни билишимиз, шариат бизнинг бўйнимизга нималар юклаганини тушунишимиз керак. Бўйнимизга юклатилган вазифани тўғри адо этишимиз лозим, токи қиёмат куни биз шундан сўраламиз. Парвардигор биздан сўрайди: «Сен уйнинг тўрида ўтириб, лазиз овқатлар, зиёфатлар единг. Халқнинг фойдаси учун нималар қилдинг?». Худди шу нарсани Аллоҳ таоло сизлардан ҳам сўрайди: «Аёлларнинг мажлисларида юриб, зиёфатини еб, қилган эҳсонларини кўрдинг. Сен нима фойдали ишлар қилдинг?» Шундай экан, қиёмат куни жавобгар бўлиб қолмаслик учун Аллоҳ таоло бизга юклаган вазифаларни адо этайлик. 
Отинойилар, сизлар саломат бўлинглар, узоқ умр кўринглар. Мени сизларга айтадиган гапим шуки, аёлларнинг мажлисида фақат Ҳазрати Буви ҳикоясини ўқийвермасдан, аёлларга зарурий масалаларни ўргатишингиз керак. Турли хил ҳикоялардан ҳеч кимга фойда йўқ, бирор бир савоб ҳам ҳосил эмас. Бизга ўхшаган олимлардан билинглар, сўранглар, биз сизга тўғри йўлни кўрсатиб берамиз. Энди сизлар мажлисларда ўтирганингизда Ҳазрати Буви ҳикояларини ўқийсизми ёки Мавлид китобини ўқийсизми, шу каби бошқа ишлар билан машғул бўлганингизда, сиз учун яна бир вазифа лозим бўлади. Кўп аёллар намоз ўқишни билмайди, намоз ўқимайди. Сиз уларга ўргатишингиз, тушунтиришингиз керак. «Аллоҳнинг фарзини адо қилинглар, билмаганингизни сўранглар, намоз аҳкомларини адо этинглар, беш вақт намозни ўқинглар» деб сиз уларга насиҳат қилишингиз керак. Шу сизнинг бирламчи вазифангиздир. Қиёмат кунида сиздан бу нарсалар сўралади: «Бу ҳеч нарсани билмайдиган аёлларга сизлар нимани ўргатдингиз? Сизлар бу аёлларнинг уйида мажлис қилардингиз, ноз-неъматларини, зиёфатларини ердингиз. Бу аёллар сизга ихлос қилиб, ниҳоятда ҳурмат кўрсатиб олдингизга турли хил кийимликлар, сарполар қўяр эди. Сизлар ўз бурчингизни, вазифаларингизни адо эттингизми?» Сиз шу саволларга жавоб беришингиз керак бўлади. 
Отинойилар, сизлар ҳар мажлисда фақатгина ҳикоягўйлик билан овора бўлмасдан, аёлларга намоз ўқишни ўргатинг! «Намоз ўқинглар, ҳамиша покиза юринглар, эрингизга итоатли бўлинглар, фарзандларингизни Аллоҳ йўлида яхши тарбия қилинглар!» деб, шу каби масалаларни маруза тариқасида аёлларга ўргатишингиз, тушунтиришингиз керак. Менинг марузаларим ҳам эркаклар орасида қўйилади, ҳамма эшитади. Мен бирор ерда Рустами достон қиссасини ўқиётганим йўқ. Доимо халққа насиҳат қилиб, дин, ахлоқ масалаларни тушунтириб келдим. Мендан одамларнинг ўзи талаб қилади, «Бир маруза қилинг, исломни ўргатинг, дин йўлида насиҳатлар беринг» деб сўрашади. Мен уларга барчасини ўргатаман, тушунтираман. Отинойилар, бу аёлларга Аллоҳ таолони танитиш учун, энг аввал, уларга шаш калимайи динийни ўргатинг. Улар Аллоҳнинг яккаю ягоналигини билсинлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танисинлар. Мана шу барчасини ўргатиш, тушунтириш сизларнинг вазифаларингизга киради.
Мени билишимча, сиз барчаларингиз, албатта, намоз ўқийсизлар, сизларни бенамоз демайман. Отинойиларнинг ҳаммалари Қуръонхон, намозгўй бўладилар. Лекин шуларни бошқаларга ҳам ўргатиш керакда. Аёлларнинг баъзилари ўзларини ҳалол,ҳаромдан сақлашни билмайди. Уларнинг кўплари мажлисда ўтирсада, маҳалланинг у бошидан кириб, бу бошидан чиққунича ғийбат қилишади, одамларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини муҳокама этишади. Ҳар кимнинг амали ўзига, лекин бу дунёда ғийбат қилишданда ёмон гуноҳ бўлмайди. Унинг ўрнига суҳбати илми бўлиб, бошқа аёлларни ҳам ғийбат қилишдан қайтаринглар, ғийбатнинг гуноҳи оғир эканлигини тушунтиринглар, шаш калимани ўргатиб, уларнинг эътиқодини тўғри ва мустаҳкам бўлишида ёрдам беринглар. Илми бўлмаган, динни тушунмаган аёлларни тўғри йўлга солиш, уларга ўргатиш сизларнинг бўйнингиздадир. Мен сизларга насиҳат қиляпман, бунинг учун Аллоҳ таолодан ажр сўрайман. Аллоҳ таоло ,албатта, ажр беради деб ўйлайман. «Аёллар билан менинг нима ишим бор, мен эркакларга насиҳат қилсам бўлди» дейдиган бўлсам хато қилган бўламан. Ҳамма аҳли ислом бўлганидан кейин, ҳаммалари дин йўлини яхши ўрганишлари керак ва буларни ўргатиш бизларнинг вазифамиз саналади. Аллоҳ таоло бизга илм берган бўлса, энг аввал, аёлларни йўлга солайлик. 
Биринчи навбатда, отинойилар, сиз ўзингиз дин йўлида тақводор бўлиб, ношаръий ишлардан узоқ бўлиб бошқа аёлларга ҳам намуна бўлишингиз зарур. Аёлларнинг орасида ножоиз ишлар жуда кўп. Чунки, уларга ўргатадиган, ножоиз эканлигини тушунтирадиган, бундан қайтарадиган одам бўлмаган. Шундай ножоиз ишлардан бири, аёлларнинг мозорларга қўй, товуқ каби ҳайвонларни, ҳаттоки, боласининг бошини ҳам назр қилиш ҳолатлари ҳисобланади. Назр фақатгина Аллоҳ жалла ва аълога бўлади, махлуққа бўлмайди. Ҳар қандай улуғ мозор бўлмасин, назр қилиш гуноҳ саналади. Баъзи аёллар топган-тутганини мозорга, шайхларга назр сифатида беришади. Бунинг ножоиз, нотўғри эканлигини аёлларга тушунтириш керак. 
Ҳар қандай назр ёлғиз Аллоҳ таолога бўлади, Аллоҳ йўлида садақа қилинади. Аёллар ўзларининг илмсизлиги, дин борасида билимга эга эмасликлари орқасидан «мозорга ундай қилиш керак, бундай қилиш керак» деб кўп ножоиз ишлар қилиб қўйишади. Аёллар бундай хурофот ишларига мубтало бўлиб қолмасликлари, отинойилар эса «Бундай ножоиз ишларни қилманглар, “мозорпараст” бўлманглар» деб уларни бу йўлдан қайтаришлари керак. 
Ундан ташқари, жаноза, маъракаларда навҳа тортиб, астойдил дод-вой қилиб йиғлаш ҳам ножоиз ҳисобланади. Китобларда навҳагарлик ҳаром дейилади. Овозининг борича бақириб йиғлаш, ўликнинг орқасидан юзи очиқ эргашиб чиқишлари нотўғри ҳисобланади. Аёлларга бунинг ножоиз эканини, сиз-отинойилар аввал ўзингиз намуна бўлиб, амал қилиб, кейин ўргатишингиз лозим бўлади. «Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлинглар, дод-вой қилманглар, ҳаммамиз ҳам ўламиз, ҳаммамиз ҳам омонатмиз, қачон ўлим келса тайёрмиз, Аллоҳнинг ҳукмига розимиз» дейишни ўргатинглар. 
Баъзи бир аёллар сабрсизлиги орқасидан сочларини, юзларини юлиб, ножоиз ишларга мубтало бўлиб, нотўғри ишлар қилишар экан. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қазосига рози бўлмаслик аломати саналади. Бундай банда гуноҳкори азим бўлган ҳисобланади. Кўздан оққан ёшни ҳеч ким ман қилмайди, бу Аллоҳнинг раҳмати ҳисобланади. Лекин дод-вой қилиб, навҳа тортиб йиғлаш ҳеч ҳам жоиз эмас. «Қиёмат куни навҳагарлар сочларини хурпайтириб гўридан туради» деган гаплар бор. «Бу қандай хотинлар?» деб сўрашса, «Булар у дунёда сочини юлиб, юзини юлиб, дод-вой деган хотинлардир» деб жавоб беришар экан. Шундай экан, отинойилар, сизлар мажлисда ўтирганингизда аёлларга «Ибодати Исломия», «Бўлинмоти дин» каби фойдали китоблар ўқиб беришингиз, тушунтиришингиз керак”.
Домла Ҳиндистоний раҳмутуллоҳи алайҳнинг интернетда тарқалган аудио ёзувлари асосида Диёра Эргашева тайёрлади
Манба: Азон.Уз