ШАЙТОН ҲИЙЛАСИГА ГЎЗАЛ ЖАВОБ
3628
18-12-2020, 12:38
960
Ўқиш режими
+
-
ШАЙТОН ҲИЙЛАСИГА ГЎЗАЛ ЖАВОБ
Бир одам тунларини Аллоҳга ибодат билан ўтказарди. Тундан тонггача Аллоҳ номини такрорлайверганидан зикр қалбидан чуқур ўрин олиб, кўнглига ҳузур бераркан.
Кунларнинг бирида шайтон унга яқинлашиб: “Аллоҳ номини қачонгача зикр этаверасан? Сен кечаю кундуз Аллоҳ деб такрорлаверасан, Аллоҳ бир маротаба бўлса ҳам “Лаббай, бандам” дедими? Тоат-ибодатинг эвазига бирор нарсага эга бўлдингми? Аҳволингга қара, ибодатингга яраша жавоб бўлмаса қачонгача номини такрорлайсан?” деб васавасага солибди.
Шайтоннинг васвасаси одамга таъсир қилибди. Қалби алғов –далғов бўлиб кетиб, шу ҳолатини чин ҳақиқат деб билибди. Мен Аллоҳ номини зикр этишга лойиқ инсон эмасдурманки, менга жавоб қайтармайди, деб ўйлаб уйқуга ётибди.
Ўша тун тушида Хизр алайҳис саломни кўрибди. Ҳазрати Хизр алайҳис салом ундан:
-Аллоҳ номини зикр этишдан нима учун тўхтадинг? Нега қилган ибодатингдан пушаймон бўляпсан?-деб сўрабди.
Одам:
-Мен Аллоҳ номини асло тилдан қўймадим. Бироқ Аллоҳ менга бир марта ҳам “Лаббай, бандам” демади. Мен бу зикрга муносиб эмаслигимдан ва Аллоҳнинг дарвозасидан қувилишлигимдан қўрқаяпман, - дебди.
Шунда ҳазрати Хизр алайҳи салом огоҳлантирибдилар:
-Сенинг Аллоҳ номини олиб тасбеҳ айтишингнинг ўзи Унинг “Лаббай, бандам” деганидир. У сени “бандам” демаганида номини зикр эта олмас эдинг. Сенинг Аллоҳга бўлган муҳаббатинг Роббимизнинг сенга марҳаматидир. У Сени севмаса, номини айтишингга изн бермасди. Сенинг Аллоҳдан қўрқишинг, Унга иймон келтирганинг эса Унинг сенга нисбатан лутфу карами ҳисобланади. Сен ҳар сафар “Ё Роббим” деганингда Аллоҳ сени эшитади, жавоб беради. Аллоҳ бирор бандасининг қалбини муҳрлаб қўйса, у одам Аллоҳнинг номини тилга ололмай қолади. Аллоҳ йўлини очмаса, банда тасбеҳ айтолмайди. Қайғули онларда Унинг номини тилга оласан. Аллоҳ номини тилга олишинг учун ҳам сенга дард беради, Уни унутишингга йўл қўймайди. Қўрқма, Аллоҳга тасбеҳ айтиб, дуо қилишда давом этавер. Сенинг ҳеч бир тасбеҳинг Унга етиб бормай қолмайди. Аллоҳ Фиръавнга давлат берди, бироқ дард бермади. Фиръавн эса асло дард чекиб, Аллоҳ исмини тилга олмади. Аллоҳ номини айттирган дард саломатлик ва бойликдирдан афзал.
“Қаримай ўқиладиган ҳикоялар” китоби асосида Гулсара Соатхонава тайёрлади.
“Оила тақвими” дан олинди.