1441 йил 26 Зулҳижжа | 2020 йил 15 август, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:26
Sunrise
05:51
Dhuhr
12:41
Asr
17:32
Maghrib
19:31
Isha
20:56


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЭҲРОМДАГИ АМАЛЛАР ВА УЛАРНИНГ КАФФОРАТЛАРИ

16-01-2020, 16:04 153 Ўқиш режими + -
ЭҲРОМДАГИ АМАЛЛАР ВА УЛАРНИНГ КАФФОРАТЛАРИ
 
Эҳромда қилиш ва қилмаслик керак бўлган амаллар жуда кўп бўлиб, улардан энг аҳамиятлилари йигирма саккизтадир. Булар қуйидагилар:  
1. Эҳром ҳолатида бит ўлдириш:
Эҳром ҳолатида бит ўлдириш жоиз эмас.
2. Эҳромда тахта кана ва чивинни ўлдириш:
Эҳром ҳолатида бадандан пайдо бўлмайдиган азият берувчи жонивор ва ҳашаротларни ўлдириш жоиздир.
3. Эҳром ҳолатида чумолини ўлдириш:
Эҳром ҳолатида чақиб азият берадиган қора, сариқ чумолиларни ўлдириш кароҳиятсиз жоиз бўлиб, уларни ўлдирган кишига жарима лозим бўлмайди.
4. Эҳром ҳолатида чигиртка ўлдириш:
Ҳарами шарифда чигирткалар жуда кўп бўлиб, уларга азият беришдан сақланиш лозим.  
5. Эҳром ҳолатида жанжаллашиш:
Ҳаж қилувчининг одамлар билан жанжаллашиши ва уларни фаҳш сўзлар билан сўкиши қаттиқ гуноҳдир.
6. Эҳром ҳолатида аёлини ўпиб, қучоқлашиш:
Эҳром ҳолатида шаҳват билан эр ўз аёлини ўпса, қучоқласа, жаримасига бир қўй ёки эчкини қурбонлик қилиши вожиб бўлади.
7. Эҳром ҳолатида соч олиш:
Агар эҳромдаги киши бошининг ҳамма қисмидаги ёки тўртдан биридаги ёки ундан зиёдадасидаги сочини озайтирса ёки олдирса, қон (жонлиқ сўйиш) вожиб бўлади. Агар тўртдан биридан оз бўлса, жарима сифатида садақа, яъни ярим соъ садақа қилиш вожиб бўлади.  
8. Эҳром ҳолатида соқол олиш ёки қисқартириш:
Эҳромдан чиқиш вақти келишидан аввал соқолни тўлиқ қирдириш ёки тўртдан бирини ёки ундан зиёдароғини олдириш қонни (жонлиқ сўйишни) лозим қилади. Агар тўртдан биридан кам бўлса, жарима сифатида садақа, яъни ярим соъ садақа қилиш вожиб бўлади.
9. Эҳром ҳолатида қўлтиқ ости тукини олиш:
Эҳром ҳолатида икки ёки бир қўлтиқнинг туки олинса, жаримасига қон лозим бўлади.
10. Эҳром ҳолатида киндик ости тукини олиш:
Эҳром ҳолатида киндик ости тукни олинса, жаримасига қон вожиб бўлади.
11. Бир вақтда сочни, соқолни ва бутун танадаги тукларни олиш:
Эҳромдаги киши бир вақтда соч, соқол ва қўлтиқ ҳамда киндик ости тукларини олса, барчасининг эвазига бир қон (жонлиқ) вожиб бўлади. Агар турли вақтларда олса, ҳар бир вақт учун алоҳида-алоҳида қон вожиб бўлади.
12. Соч ёки соқолнинг икки ёки уч толасини, қўлтиқ ёки киндик ости тукларидан икки ёки уч толасини юлиб олиш:
Агар соч, соқолдан икки ёки уч тола, қўлтиқ ёки киндик ости тукларидан икки ёки уч тола юлинса, жаримасига бир сиқим буғдой ёки унинг қиймати садақа қилинади.
13. Эҳром ҳолатида мўйловни қисқартириш:
Эҳром ҳолатида мўйловнинг ҳаммасини ёки бир қисмини қисқартирса, жаримасига садақаи фитр лозим бўлади;
14. Соч, соқол, қўлтиқ ва киндик ости тукларидан бошқа жойларда ўсган тукларни олиш:
Соч, соқол, қўлтиқ ва киндик ости тукларидан бошқа жойларда ўсган тукларни олишда ўзгача бир йўл тутилади, яъни аъзонинг ҳаммасидаги ёки бир қисмидаги ёки тўртдан бири ёки ундан кам қисмидаги тукларни олишга жарима сифатида бир садақаи фитр лозим бўлади.
15. Эҳром ҳолатида тирноқ олиш:
Бир қўл тирноқлари ёки бир оёқ тирноқлари ёки бир вақтда икки қўл ва икки оёқ тирноқларини олган кишининг зиммасига бир қон (жонлиқ сўйиш) вожиб бўлади. Агар ушбу тўрт аъзо тирноқларини турли вақтда, тўрт жойда олса, тўртта қон лозим бўлади. Шунингдек, бир аъзо тирноқларини бир вақтда олиб, иккинчи аъзо тирноғини бошқа вақтда олса, иккита қон лозим бўлади. Агар тўрт аъзо тирноқларини олишда бир жойда ёки турли жойда ўтириб ҳар бармоқдан бештадан кам, яъни тўртта ва ундан кам бармоқ тирноқларини олса, ҳар бир олинган бармоқ тирноғига биттадан садақаи фитр лозим бўлади.
16. Эҳром ҳолатида тикилган кийим кийиш:
Эҳром ҳолатидаги эркак кишининг тикилган кийим кийиши жоиз эмас. Жумладан, ёқасиз кўйлак, иштон, қўлқоп, маҳси, майка, дўппи, костюм, камзул кабиларни кийиш мумкин эмас. Баданга мослаб тикилмаган нарсаларни кийиш кароҳиятсиз жоиздир. Шунинг учун бир-бирига уланган матони ҳожи эҳром сифатида ўраб олиши жоиз бўлади.
17. Эҳром ҳолатида тикилган кийим кийишга белгиланган жарима:
Бир киши бир кун ёки бир кеча ёки бир кун миқдорида, яъни ўн икки соат ёки бир неча кун узулуксиз тикилган кийим кийса, қон лозим бўлади. Бир киши кундузи кийим кийиб, кечаси «эртага ҳам кияман» деган мақсадда ечинса, иккисига ҳам бир қон лозим бўлади. Агар ётишдан олдин «эртага киймайман» деган мақсадда тикилган кийимини ечиб, эртаси куни яна тикилган кийимни кийса, икки қон лозим бўлади. Агар бир кун ёки бир кечадан кам ёки бир соатдан зиёда тикилган кийим кийса, садақаи фитр лозим бўлади. Агар бир соатдан кам тикилган кийим кийса, бир ёки икки ҳовуч буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиши лозим бўлади.
18. Тикилган кийимни устига ташлаб олиш:
Эҳром ҳолатида кўйлак, чакмон ва шунга ўхшаш тикилган кийимларни кийиш жоиз эмас. Агар кўйлак ёки чакмонларни эгнига киймай, устига ташлаб олса, ҳеч қандай жарима лозим бўлмайди. Чунки тикилган кийимни рисоладагидек киймади. Устига ташлаб олиш эса, жиноят эмас. Шунинг учун унга жарима лозим бўлмайди.
19. Эҳром ҳолатида хушбўйлик суртиш:
Эҳром ҳолатида хушбўйланиш аёл ва эркак кишига ҳам бирдек жиноят ҳисобланади. Қасддан ёки билмай ёки мажбуран хушбўйлик суртса, ҳар ҳолатда ҳам жарима лозим бўлади. Хушбўйликни баданга ёки кийимга суртадими, фарқи йўқ, яъни барибир жиноят ҳисобланаверади.
20. Эҳром ҳолатида аёл кишининг хина қўйиши:
Аёл киши эҳром ҳолатида кафти ёки оёғига ҳина қўйса, жаримасига қон лозим бўлади.
21. Эҳром ҳолатида атторнинг дўконида ўтириш:
Эҳром ҳолатида атторлик дўконида ўтирса-ю, лекин баданига ёки кийимига хушбўйлик суртмаса, жарима лозим бўлмайди. Лекин атир ҳидини ҳидлаш мақсадида атторлик дўконида ўтириш макруҳ бўлса-да, жаримасига ҳеч нарса лозим бўлмайди;
22. Эҳром ҳолатида бош ёки юзни ёпиш:
Эҳром ҳолатида аёл кишининг бошини ёпиши кароҳиятсиз жоиздир. Лекин эркак кишининг бошини ёпиши дуруст эмас. Шунингдек, икковига юзни ёпиш ҳам жоиз эмас. Агар бир кун тўлиқ ёки бир кеча тўлиқ, яъни ўн икки соат эркак киши бошини ёки юзини ёпса, аёл киши эса юзини ёпса, қон лозим бўлади. Агар бир кун ёки бир кеча, яъни ўн икки соатдан кам миқдорда эркак киши бошини, юзини, аёл киши эса юзини ёпса, садақаи фитр лозим бўлади. Агар бир соатдан кам миқдорда эркак киши бошини ёки юзини, аёл киши эса юзини ёпса, жиноят қилган бўладилар ва унинг жаримасига икки сиқим буғдой ёки унинг қиймати лозим бўлади.
23. Эҳром ҳолатида бошнинг ёки юзнинг тўртдан бирини ёпиш:
Бошнинг ёки юзнинг тўртдан бирини ёпишнинг ҳукми бош ёки юзнинг ҳаммасини ёпган билан бир хилдир, яъни бош ёки юзнинг тўртдан бирини бир кун, яъни ўн икки соат ёпиб юрилса, қон вожиб бўлади. Агар бир кундан (кундуз) кам бўлиб, бир соатдан кўп бўлса ёки тўртдан биридан кам бўлса, садақаи фитр вожиб бўлади. Агар бир соатдан кам бўлса, икки ҳовуч буғдой ёки унинг қиймати лозим бўлади. 
24. Бошнинг тўртдан биридан камини ёпиш:
Агар бош ёки юзнинг тўртдан биридан камини бир кун, яъни ўн икки соат ёки ундан зиёда вақт ёпиб юрса, бир садақаи фитр вожиб бўлади. Шунингдек, бош ёки юзнинг тўртдан биридан камини бир кундан кам ва бир соатдан кўп ёпилса ҳам садақаи фитр лозим бўлади.
25. Ухлаётган вақтда бош ёки юзни ёпиш:
Эҳром ҳолатида ухлаётиб бошига ёки юзига бирор нарса ташлаб олса, каффорат лозим бўлади. Шунга биноан ухлаётиб бошни ёки юзни тўлиқ ёки тўртдан бирини ўн икки соат ёпса, қон вожиб бўлади. Агар ўн икки соатдан кам ва бир соатдан кўп вақт бошини ёки юзини ёпиб юрса, садақаи фитр вожиб бўлади. Агар бир соатдан кам вақт бошини ёки юзини ёпиб юрса, бир ёки икки сиқим буғдой ёки унинг қийматини бериш лозим бўлади.
26. Ҳарам ҳудудида ўт-ўланларни юлиш ва дарахтларни кесиш:
Ҳарам ҳудудида ўт-ўланларни юлиш ва дарахтларни кесиш мумкин эмас. Шунингдек, ҳарам ҳудудида эҳромлига ҳам, эҳромсиз кишига ҳам овни ўлдириш жоиз эмас.
27. Эҳром ҳолатида ов қилиш:
Эҳром ҳолатида ов қилиш жоиз эмас. Шунинг учун эҳромдаги киши ҳарам ҳудудидан ташқарида бирор нарсани овлаб, уни сўйса, сўйилган жонлиқ ҳаром ўлган жонивор ҳукмида бўлади ва уни истеъмол қилиш бирор кишига ҳалол бўлмайди.
28. Ҳарам ҳудудида ёки эҳром ҳолатида қайсидир жониворни ўлдириш:
Эҳром ҳолатида Ҳарам ҳудудида ўн бир хил ҳайвонни ўлдириш ҳалол бўлади. Улар қуйидагилар:
1. илон;
2. чаён;
3. калтакесак;
4. каламуш;
5. калхат;
6. гўнг қарғаси;
7. қопағон ит;
8. чивин;
9. тишлайдиган чумоли;
10. тошбақа;
11. ҳамла қилувчи ҳар бир жонивор.