Қуръон васфи

Қуръон / Тафсир 16-янв-2020, 18:16 0 12
Қуръон васфи


        Қадрли тафсирхон, ўзингиз ўрганмоқчи бўлиб турган васфига сўз ожиз ушбу илоҳий дастурнинг моҳиятини яна ҳам аниқроқ тушуниб олишимиз учун бутун вужудимизни эьтибор ва эҳтимом нуқтасига айлантирган ҳолда, ушбу китобни Аллоҳдан қабул қилиб олган зотга мурожаат қилиб, уни васф этиб беришларини сўрайлик. У зоти бобаракот бизнинг бу саволимизга Имом Термизий ал-Ҳорис ал-Аьвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф орқали жавоб берадилар. Ўша ҳадисда ал-Ҳорис ал Аьвар қуйидагиларни айтадилар:
 «Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:
«Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шунғибдилар», дедим.
«Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми?» дедилар у киши.
«Ҳа», дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар:
«Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Огоҳ бўлингизким, албатта фитна бўлур!» деганларини эшитдим. Шунда:
«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир. Ким бир жаббордан қўрқиб, Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур. Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур. У–Аллоҳнинг метин арқонидир. У–ҳикматли зикрдир. У–сиротул мустақиймдир. У–унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган, У–унинг ила тиллар тутилмайдиган, У–уламолар ундан тўймайдиган, У–кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир. У–жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қурьонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир. Ким у билан гапирса, содиқ бўлур. Ким унга амал қилса, ажр олур. Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур. Ким унинг ила даьват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур. Мана буларни олгин, эй, Аьвар», дедилар».
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу  айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қурьони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда. Азиз тафсирхон, келинг ушбу набавий васфни қўлимиздан келганча ўрганиб чиқайлик.
Ушбу ҳадисда севикли Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларидан кейинги даврларда фитна чиқишидан умматларини огоҳлантирмоқдалар.
Ҳазрати Алидек улуғ зот ва олим саҳобий эса, одамларнинг масжидда ўтириб олиб турли гапларга шўнғишларини ўша, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган фитна, деб тушунтирмоқдалар. Энди ўша ҳолат билан бизнинг ҳолатимизни солиштириб кўрайлик. Биздаги фитна ҳазрати Али розияллоҳу анҳу  хавф қилган фитнадан юз миллион марта ортиқ эмасми?! Ислом, Қурьон таьлимотлари бутунлай тарк қилиниб, одамлар неча замонлардан бери нафақат турли гапларга, балки дунёда борки гуноҳларга, ҳаром-харишларга, фисқу фужурларга, куфру нифоқларга шўнғигандан-шўнғиб юришмаяптими?! 
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фитна ҳақидаги огоҳлантиришни эшитишлари билан ўша фитнадан чиқиш йўлини сўрадилар. У киши бир марта муҳтож бўлсалар, бугунги кунда сиз билан биз бу йўлга юз миллион марта муҳтожмиз .
Келажакда мусулмонлар фитнага учрашидан огоҳлантирган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фитнадан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу нинг: 
«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули», деган саволига 
«Аллоҳнинг китоби ила», деб жавоб бердилар. 
Бугунги кунда мусулмонлар фитнага учраганлари шубҳасиз. Ҳа, бугун мусулмонлар ўзларининг узоқ тарихларида ҳеч учрамаган фитнага учраб турибдилар. Бугунги кун мусулмонлари иймону эьтиқод, дину диёнат, Қурьону шариатдан мисли кўрилмаган даража узоқлашиб турибдилар. Улар ададлари кўп бўлишларига қарамай ер юзининг бирор нуқтасида Аллоҳ уларга ишониб топширган омонатни уддалай олмаяптилар. Заминнинг бирор парчасида Аллоҳнинг шариатини Аллоҳ айтганидек қоим қила олмаяптилар. Дунёнинг ҳаммасини ҳидоятга бошлаб, етакчилик қилиши лозим бўлган мусулмонлар, хору зор бўлиб, ҳаммадан кейин қолиб, бировларнинг етовида юрибдилар. Гапнинг қисқаси, мусулмонлар ҳар томонлама фитнага учраганлар. Улар ушбу фитнадан қутулиб чиқмоқлари лозим. Фитнадан чиқиш эса, Аллоҳнинг севикли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида таькидлаганларидек, фақатгина Аллоҳнинг китоби ила бўлади. Ҳа, бу улкан фитнадан чиқиш учун ҳар бир мусулмон ва барча мусулмонлар биргаликда Аллоҳнинг китоби Қурьони Каримга қайтишлари, уни маҳкам тутишлари лозим. Бунинг учун эса Қурьони Каримга бўлган иймонни мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир ҳарфини қунт билан ўрганиш, энг муҳими, Қурьонга тўлалигича оғишмай амал қилиш лозим. Ана шундагина фитнадан чиқиб, саодат йўлини топиш ва олий мақсадга эришиш мумкин. Ҳа, мусулмонлар Қурьони Каримга тўлалигича оғишмай амал қилсаларгина ўзларининг олий мақсадларига эришишлари, бугунги фитнадан чиқишлари мумкин. Мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қилган тавсиялари шу. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун Қурьони Карим фитнадан чиқиш йўли бўлишини ҳам батафсил баён қилиб, шарҳлаб тушунтириб бермоқдалар. У зот ўз умматларига бу ҳақда қуйидагиларни айтмоқдалар:
1. «Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори»...бор.
Ҳа, Қурьони Каримда мусулмон уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан олдинги ўтган нарсаларнинг хабарлари бор. Бўлганда ҳам энг ишончли, энг тўғри, энг ибратли хабарлар бор. Мусулмонлар Қурьони Каримдаги ўша ўзларидан олдин бўлган нарсаларнинг ахборини ўқиб, ўрганиб, улардан ибрат олишлари матлуб. Мазкур ахборларда ким кофир, фосиқ, мушрик, осий, мунофиқ, саркаш бўлса, ҳалокатга учраши ҳақида сўз юритилади. Мусулмонлар улардан ибрат олиб, ўша ҳалокатга учраганларнинг қилмишларидан бирортасининг ҳам яқинига йўламасликлари лозим.
Мазкур ахборларда Аллоҳга, У зот юборган Пайғамбарларга, У зот нозил қилган китобларга иймон келтириб, У зот жорий қилган шариатларга амал қилганлар икки дунё бахту-саодатига эришганлари таькидланади. Мўмин- мусулмонлар бу ҳақиқатлардан ибрат олиб, Аллоҳга, У зотнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Роббил оламийннинг охирги ва абадий китоби Қурьонга бўлган иймонларини мустаҳкамлашлари ва сўнгги, мукаммал, баркамол илоҳий шариат Исломга тўла-тўкис амал қилмоқлари лозимдир.
Қурьони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймон-Ислом йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочилиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл ҳавойи нафснинг, бу дунё муҳаббатининг, кофир, мушрик, мунофиқ ва бошқа дину диёнат душманларининг қаршилигини, турли тўсиқ ва машаққатларини енгиб юриш лозим йўл эканлиги таькидланади. 
Муҳтарам тафсирхон, сиз билан биз мазкур ахборлардан ҳам ибрат олишимиз лозим. Иймон-эьтиқод, дину диёнат ва татбиқи шариат йўлидаги учрашимиз лозим бўлган ҳар бир қийинчиликларга ҳам тайёр бўлмоғимиз лозим.
Азиз ва қадрли тафсирхон, аввал ўтган ҳодисалардан ибрат олиш лозимлигини ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм қайта-қайта таькидлайди. Лекин ўша ибрат олиниши лозим бўлган қиссалар бир-биридан фарқли. Дунёда фақатгина сиз билан бизнинг, яьни мўмин-мусулмонларнинггина ибрат олишимиз лозим бўлган ўтмиш ҳақидаги қиссаларимиз энг тўғри ва энг ишончлидир. Биз ибрат оладиган ўтмиш қиссаларини ўтмишнинг, ҳозирнинг ҳамда келажакнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб берган. Биздан бошқалар ўтмиш қиссаларидан ибрат оламан деса, ёлғон-яшиқ, бидьат-хурофот, турли афсона ва дийдиёларга дучор бўладилар. Ҳозирги кунда Инжил ва Таврот номли илоҳий китобга эга эканликларини, уларда ҳам олдин бўлган нарсаларнинг ахбори борлигини даьво қилаётганлар бор. Аммо, ҳозирги Инжил ва Тавротлар Аллоҳдан қандоқ нозил бўлган бўлса, ўшандоқ ҳолида эмас, уларга кўплаб бузилишлар ориз бўлиб, асли илоҳийлик ҳоллари қолмаган. Айниқса айнан ўтмишдаги бўлиб ўтган ҳодисаларга тааллуқли жойларида бузилиш катта бўлган. Шунинг учун ҳам ўтмишдаги тарихий ҳодисаларни илмий асосда ўрганиб, Таврот, Инжил ва Қурьонга солиштириб чиққан ғарблик олимлар Таврот ва Инжилнинг бузилганлигини тушуниб етиб, улардан юз ўгириб, Қурьонга иймон келтирмоқдалар.
Ҳа, муҳтарам тафсирхон, дунёда фақат сиз билан бизгина олдин бўлиб ўтган нарсалар ҳақида тўғри маьлумотга ва улардан фойдали ибрат олиш имконига эгамиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилайлик ва Роббимизнинг китобини қунт билан ўрганайлик.
Қимматли тафсирхон, жанобингизга маьлум бўлсинким, Қурьони Каримдаги бор нарсалар фақат биздан олдин ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссасидан иборат эмас. Мазкур ахборлар ичида Аллоҳ таоло бутун борлиқни йўқдан бор қилиб яратгани, бутун мавжудотларни яратгани, Одамни Ўз қўли билан яратиб, уни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиб қўйгани, Одамдан унинг жуфтини яратгани, Одам алайҳиссалом билан Шайтон алайҳи лаьна орасида бўлиб ўтган можаролар ва яна бошқа кўпгина нарсалар ҳам бор. Мазкур нарсалар билан батафсил танишиш, улардан ибрат олиш ва бошқа ишлар, ушбу «Тафсири Ҳилол»ингизни қунт билан ўқиб, зеҳн солиб тушуниш, дўстлар билан муҳокама-мунозара қилиш орқали бўлади.
2. «Унда сиздан кейинги нарсаларнинг хабари...бор».
Қурьони Каримдаги биздан-уммати Муҳаммадиядан кейинги нарсалар хабари, қиёмат қоим бўлиши, ҳамма ўлганлар қайта тирилиши, маҳшарга тўпланиши, бу дунёда қилган ишлари заррача ҳам қолдирилмай, ҳисоб-китоб қилиниши, иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар хурсанд, куфр келтирган ва фисқу-фужур қилганлар хафа бўлиши, мезон, кўприк, жаннат ва дўзах ҳамда шунга ўхшаш бошқа хабарлардир. Бу хабарларга иймон келтириш мўмин-мусулмон шахс учун иймоннинг арконларидан бир рукндир. Мазкур хабарларни Қурьони Каримда зикр қилиниши, уларни иймон рукнларидан бирига айлантирилишидан мақсад, кишиларни иймон, Исломга чақиришдир. Аллоҳнинг каломидан қиёмат ва унга тегишли нарсалар ҳақида маьлумот олган, унга иймон келтирган киши ўша кунга тайёргарлик кўриб яшашга ўтади. Мўмин ҳолида Аллоҳ буюрган ҳамма нарсаларга оғишмай амал қилади ва Аллоҳ қайтарган ҳамма нарсалардан қайтади.
Ҳа, муҳтарам диндошим, фақат сиз билан биз мусулмонларгина ўзимизни олдинда нималар кутаётганини биламиз, уларга иймон келтирамиз ва ҳозирдан тайёргарлигимизни кўриб борамиз. Бу ишда бизга Қурьони Карим ёрдамчи бўлади. Биз бу билан қанчалар фахрлансак оз. Чунки, биздан бошқалар бу имкониятга эга эмаслар. У бечораларнинг Қурьонлари йўқ. Олдиларида нима борлигини аниқ билмайдилар. Шунинг учун ҳам улар залолатнинг турли йўлларида юрибдилар. Бизга эса, бу масалани Аллоҳ таолонинг Ўзи ечиб берган. Сиз билан биз эса, ўша илоҳий ечимни ўргансак бўлди, бошқа оворагарчиликнинг кераги йўқ. Бунинг учун Роббимизнинг каломини ўрганишимиз, қунт ва ихлос билан дарс қилиб ўқишимиз лозим ва лобуддир.
3. «ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор». 
Ҳа, Қурьони Каримда сиз билан биз мусулмонларнинг орамиздаги барча нарсаларнинг ҳукми бордир. Ўша нарсалар ҳақида ҳукмнинг йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари бордир. Мўмин-мусулмон ўз ҳаётининг ҳар бир соҳасида, каттаю кичик ҳар бир ишида фақатгина Ислом шариати ҳукми билан иш тутмоғи ҳам фарз, ҳам қарз. Мўмин-мусулмонлик даьвосини қилиб туриб ўз ҳаётидаги бирор нарсада Исломнинг ҳукмидан бошқанинг ҳукми билан иш тутмоқ мутлақо мумкин эмас. Бу нафақат шариатга, Қурьонга ва Суннатга, балки, соғлом ақлга ҳам тўғри келмайди.
Хўш, азизим, айтинг-чи, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг ҳар бир ишини муқаддас динимиз ҳукмига мос қилиши лозиму лобуд экан, бу мақсадга эришиш учун энг аввал нима қилиш керак? Албатта, аввало ўша ҳукмларни ўрганиш керак. Бу эса диний таьлимотларни ўрганиш билан юзага келади. Демак, сиз билан биз «Тафсири Ҳилол» орқали Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, айнан ўша олий мақом ишни амалга ошираётган бўламиз.
4. «У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир». 
Ҳа, содиқул масдуқ сифати соҳиби бўлмиш, Муҳаммад ал-Содиқ лақабини олмиш ростгўй Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу қавлларида ҳам содиқ-ростгўйдирлар.
Зотан, Роббул оламийннинг Ўзи ҳам «Ториқ» сурасида Каломи Шарифни васф қила туриб:
«Иннаҳу лақовлун фасл ва маа ҳува билҳазл», яьни «Албатта у фосил қилувчи қавлдир, У ҳазл эмасдир», деб марҳамат қилган.
Қурьони Каримнинг фосил қилувчилиги-ажратувчилиги ҳақиқийдир. У ҳар бир нарсани ажратиб-ажратиб кўрсатиб берган. Жумладан, ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан, мўминни кофирдан, мухлисни мунофиқдан ажратиб қўйган. Ана ўша ажримларни, оддий ажрим эмас, илоҳий–Қурьоний ажримларни билиб олишимиз учун Қурьони Каримни яхшилаб, зеҳн ва ихлос ила ўрганмоғимиз зарурдир.
Ҳа, Қурьон ҳазил эмас, Унда бирорта ҳам бефойда, каммаьно, ҳикматсиз сўз йўқ. Қурьони Каримдаги ҳар бир сўз ўта жиддий, ўта фойдали, ўта пурмаьно ва ўта ҳикматлидир. Сиз билан биз Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, ушбу ҳақиқатларни ҳам доимо ёдимизда тутмоғимиз лозимдир. Ана шунда ўрганаётган нарсамизнинг қадр-қийматини ўз жойига қўйган бўламиз.
5. «Ким бир жаббордан қўрқиб Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради». 
Яьни, ким бирор томоннинг жабру-зулмидан қўрқиб Қурьони Каримни тарк қилса, Аллоҳ таоло ўша Қурьонни тарк қилувчининг умуртқа поғонасини синдириб, ҳеч нарсага ярамай, қимирлай олмасдан ётадиган қилиб қўяди. Бу, албатта, мажозий маьнодаги гапдир. Бирор жаббордан қўрқиб Қурьонни тарк қилганларнинг белларидаги умуртқа суяклари синиб ётиб қолмайдилар. Балки, улар бу дунёю у дунё ишларида уларни тўғри йўлга бошлаб, белларига қувват бўлган омилдан ажраган бўладилар. Майда-чуйда нарсаларни гапириб ўтирмасдан, кўз ўнгимиздаги оламшумул миқёсдаги ҳолатни олайлик. Қурьони Каримга амал қилиб бутун дунёга раҳбарлик қилаётган мусулмон уммати аста-секин Қурьон таьлимотларидан узоқлашиш оқибатида ўз мавқеини йўқотди. Кейин эса турли жабборлардан, хусусан, ғарблик мустамлакачи жабборлардан қўрқиб Қурьонни тарк этди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу умматни жиноятига муносиб равишда жазолаб, умуртқа поғонасини синдирди. Шундан буён бу уммат осмонга қараганича кўзини мўлтиратиб қимирлай олмай ётибди. Бу умматнинг сони кўп, бойликлари кўп, дунёнинг энг қулай ва энг бой ерларига жойлашган, лекин бойликларини бошқалар ташиб кетмоқда. У эса ҳеч нарса қила олмай ётибди. Хўш, бу оғир дарднинг давоси борми? Ислом уммати қандоқ қилиб ўз умуртқа поғонасини қайта ишга тушира олади? Жавоб битта. Буларнинг ҳаммаси Қурьон билан тузалади. Шунинг учун, азиз тафсирхон, Қурьонни яхшироқ ўрганмоғимиз лозим. 
6. «Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади». 
Қурьони Карим бандаларни икки дунё саодатига бошловчи илоҳий ҳидоятдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бир қанча оятларда Қурьон барча оламлар учун ҳидоят эканлигини қайта-қайта таькидлаб айтган. Буни бошқалар билмаса ҳам мусулмонлар яхши билади. Бундоқ улкан ҳақиқатни билиб туриб–Қурьон Аллоҳнинг ҳидояти эканлигини англаб туриб, ундан бошқадан ҳидоят излаш соғлом ақлга мутлақо тўғри келмайди. Лекин, минг афсуски, шундоқ бўлди. Мусулмонлар турли омилларга кўра, энг ачинарлиси, ўзларига етган жаҳолатга кўра Қурьондан бошқадан ҳидоят излашга ўтдилар. Ўз юртларида, ўз ҳаётларида турли қавм, турли давлатларнинг дастурлари, мафкуралари, «изм»ларини татбиқ қилишга ўтдилар. Ушбу улкан жиноят жазосига Аллоҳ таоло уларни залолатга кетказди. Мана, қанча муддатки, турли-туман «изм»ларга ва бегона дастурларга, моделларга тақлид қилаётган мусулмонлар ҳеч нарсага эга бўла олмаяптилар. Ҳатто ўзлари тақлид қилаётганларнинг баьзи бир нарсаларига яқинлаша олмаяптилар.
Хўш, бу аянчли ҳолдан қандоқ қилиб чиқиш мумкин? Қандоқ қилиб мусулмонлар ўзларининг олдинги мавқеларини тиклашлари мумкин? Қандоқ қилиб мусулмонлар яна дунё халқларининг пешқадами бўлишлари мумкин? Жавоб битта. Мусулмонлар фақатгина Қурьони Карим ҳидоятига юриш билангина ҳозирги аянчли ҳолдан чиқишлари, ўзларининг олдинги мавқеларини тиклашлари ва яна қайтадан дунё халқларининг пешқадамлари бўлишлари мумкин. Бунинг учун эса, азиз диндошим, Қурьони Каримни қунт ва ихлос ила ўрганмоғимиз лозим. Сиз билан бизнинг «Тафсири Ҳилол»ни ўқиб-ўрганишимиз ўша муборак йўлдаги босилган бир муҳим қадамдир. 
7. «У–Аллоҳнинг метин арқонидир». 
Инсон ҳаётнинг асов дарёсидан нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олмоғи учун бирор арқонга осилмоғи лозим. Ана ўша нажот арқони Аллоҳ таолонинг метин арқонидир. Бу метин арқон ҳеч қачон узилмайди, ҳеч қачон панд бермайди. Ким унга осилса, ҳаёт дарёсининг ҳар қандай асовлигидан, хавф-хатаридан ўтиб нажот қирғоғига эсон-омон чиқиши турган гап. Аллоҳнинг метин арқонидан бошқа ҳеч бир арқон ҳеч кимни нажот қирғоғига олиб чиқа олмаслиги ҳам турган гап. Модомики, нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олиш ниятимиз бор экан, Аллоҳнинг метин арқони–Қурьони Каримни маҳкам тутайлик. Уни маҳкам тутишлик учун эса яхшилаб ўрганайлик. «Тафсири Ҳилол»ни ўрганишимиз эса ўша муборак йўлдаги муҳим бир қадамдир. 
8. «У–ҳикматли зикрдир». 
«Ҳикмат»нинг маьноси, ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш, баён қилишдир. «Зикр» эса эслатма маьносидадир.
Қурьони Карим Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган «ҳикматли зикр»дир. Ундаги зикрнинг ҳаммаси ўта ҳикматлидир. Одамлар бу дунёда ҳикматга эҳтиёжли бўлиб юрадилар. Ҳикматли гап-сўзларни ўқиб-ўрганиб, эшитиб-ёдлаб, яна бошқа ишлар ҳам қилиб юрадилар. Улар ана ўша ҳикматларни ўзларига, ўзгаларга эслатма бўлишини ҳаётдаги ишларида йўл кўрсатувчи, танбеҳ берувчи бўлишини хоҳлайдилар.
Сиз билан биз-мусулмонлар нақадар бахтлимиз, ана ўша юқорида зикр қилинган ҳолатлар учун сиз ва бизга Роббил оламийннинг Ўзи ҳикматли зикрни тушириб қўйибди. Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила бандаларнинг ҳикмати орасида Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор. Қани Қурьоний ҳикматлар билан танишишга муштоқлар? Қурьондаги ҳикматлар мисли йўқ ҳикматлардир. Қурьондаги ҳикматлар илоҳий ҳикматлардир. Қурьони Карим бошдан-оёқ ҳикматли зикрга тўладир. Зотан Қурьони Каримнинг номларидан бири Қурьони Ҳакиймдир. Қурьони Каримнинг номларидан яна бири зикрдир. Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида Қурьони Каримни «Ҳикматли зикр» деб номлабдилар.
Дунёдаги энг яхши ҳикматларни ўрганай, улардан ўрнак олай, уларга амал қилай, деган одам бўлса, Қурьони Каримни яхшилаб ўргансин. Дунёдаги энг яхши эслатмани ўрганай, ундан ўрнак олай, унга амал қилай, деган одам бўлса, Қурьони Каримни ўргансин.
Ҳурматли тафсирхон «Тафсири Ҳилол»ни ўқиб ўрганиш ила биз дунёдаги энг яхши ҳикматли зикрни ўрганаётганимизни унутмайлик.
9. «У–сиротул мустақиймдир». 
Ҳа, Қурьони Карим–сиротул мустақийм–тўғри йўлдир. У Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидир. Ҳар бир банда ҳар бир мақсадга эришиш учун сиротул мустақиймга муҳтождир. Сиротул мустақиймсиз ҳеч ким мақсадга эриша олмайди. Сиротул мустақиймда юрмаган одам, нотўғри йўлдан юриб адашади, кўзлаган манзилга ета олмай, ҳалокатга учрайди. Сиротул мустақиймга юрмаган одам нотекис йўлдан юриб, қоқилади, йиқилади, бурни қонайди, бўйни синади, кўзлаган манзилига ета олмай, сарсон-саргардон бўлиб ҳалок бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир банда ўзи учун сиротул мустақиймни излайди. Сиз билан биз-мусулмонлар нақадар бахтлимизки, Роббимиз Ўзи бизга сиротул мустақиймни бериб қўйибди. Икки дунёда кўзланган саодат манзилига элтадиган сиротул мустақиймни шундоқ хизматимизга тайёр қилиб қўйибди. Биздан бўладигани ўша илоҳий сиротул мустақиймдан юриб кетиш холос. У эса бизларни икки дунёдаги саодатли муқсадларимизга элтади. Ана ўша сиротул мустақиймда юришни амалга ошириш учун уни ўрганиш лозим. Сиз билан биз «Тафсири Ҳилол»ни ўқиш, ўрганиш ила шу мақсадда иш қилган бўламиз.
10. «У–унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган... нарсадир». 
Ҳа, Қурьони Каримга алоқадор бўлган ҳавойи нафс ҳеч қачон ҳақ йўлдан тоймайди. Чунки, Қурьони Карим барча ҳавойи нафсларни халқ қилган Холиқ томонидан уларни жиловлаб, тойиб кетмайдиган қилиб ушлаб турувчи қўлланмадир. Дунёдаги барча бандаларнинг бу дунёдаги асосий муаммоларидан бири ҳавойи нафслари билан бўладиган муаммоларидир. Кишиларни ёмонликка бошлаётган нарса ҳам асосан ҳавойи нафсдир. Қачонки банданинг ҳавойи нафсига шайтон кўрсатма берса, банданинг ўзи кўрсатма берса ёки ўша бандага ўхшаш бошқа бандалар кўрсатма берса, албатта, у ҳавойи нафс ҳақ йўлдан тояди ва ўз эгасини ҳалокатга бошлайди. Ҳар замон, ҳар маконда бандалар якка-якка ҳолларида ҳам, тўп ҳолларида ҳам ҳавойи нафсни тойдирмайдиган қўлланмани қўллаганда нажот топадилар. Ҳавойи нафсни тойдирмаслик учун илоҳий қўлланмани қўлламаганлар эса, ҳавойи нафсларига қул бўладилар ва ҳалокатга учрайдилар.
Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилиб уларга ҳавойи нафсларини тойдирмай ушлаб турадиган Қурьони Каримни бериб қўйган. Ана ўша илоҳий қўлланмани яхшилаб ўрганиб, унга оғишмай амал қилган кишининг ҳавойи нафси тоймайди. Сиз билан бизнинг «Тафсири Ҳилол»ни ўрганишимиз ҳам ана шу мақсаддаги бир қадамдир.
11. «У–унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган... нарсадир».
Ҳа, Қурьони Карим ила бўлган тиллар ҳеч қачон илтибосга тушмас. Яьни, бошқа нарсалар билан аралашиб кетиб, қайси бир ҳақ, қайси бири ноҳақ бўлиб қолиб илтибосга тушилмайди. Қурьони Карим билан бўлган тил ҳеч иккиланмасдан ҳақни гапираяпман, деяверади. Қурьондан бошқа нарса аралашдими, дарҳол илтибос тушади. У ҳолда банда қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ эканинни ажрата олмай сарсон бўлади. Айниқса, ҳозирга келиб бу нарса жуда ҳам авж олди. Ўзининг гапи ҳақ эканини дақво қилувчилар: якка шахс, гуруҳ, фирқа, миллат, давлат, уюшмалар ҳаддан зиёд кўпайди. Уларнинг ҳар бири ўзининг гапи ҳақ эканини даьво қилиш билан бирга ўзганинг гапи ноҳақлигини ҳам таькидлайди. Оқибатда ҳаммани илтибос босди. Бугун бир гапни ҳақ деса, эртага бошқасини, индинга учинчисини ҳақ деювчилар ҳаммаёқни босиб кетди. «Изм-изм»лар ҳам кўпайди. Бугун бу «изм» устун, дейилса, эртага бошқа «изм» устун бўлиб қоладиган бўлди. Халқлар эса ҳали у «изм»дан умидвор бўлади, ҳали бу «изм»дан умидвор бўлади. Лекин охир-оқибат бари бир умидлар пучга чиқиб келмоқда. Ҳа, шу ҳол давом этаверса, умидлар пучга чиқаверади. Бу балодан қутулишнинг, ҳеч қандай илтибоссиз яшашнинг албатта ишончли йўли бор. У ҳам бўлса, у билан тиллар илтибосга тушмайдиган нарса-Қурьони Каримни маҳкам ушлашдир.
Муҳтарам тафсирхон, сиз ўз ишингиз ила ана ўша тилларни илтибосга туширмайдиган илоҳий иложни топмоқдасиз! 
12. «У–уламолар ундан тўймайдиган... нарсадир». 
Ҳа, Қурьони Каримдан уламолар тўймаган, тўймаяптилар ва тўймайдилар ҳам. Модомики, Қурьони Каримни Роббил оламийндан қабул қилиб олган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ деганларидан кейин уламолар Қурьондан тўймасликлари ҳақиқатдир. Бу улкан ҳақиқатни воқеьлик ҳам тасдиқлайди. Илмлар кўп, уламолар ундан ҳам кўп. Чунки, ҳар бир илм бўйича қанчадан-қанча олим бўлади. Ана ўша турли илмлар бўйича қайси бир олим Қурьони Каримга мурожаат қилса, ундан ўзига керак нарсани олади. Лекин бари бир тўймайди. Яна янги нарса олгиси келаверади. Қурьон нозил бўлгандан буён уламолар ундан олишган нарсани ўзлаштириб, улардан баҳраманд бўлган бугунги олим ҳам тўймай яна ўзи бир нарса олишга уринади. 
Дунёда бир хил мавзуда ёзилган китоблар ичида Қурьони Каримга боғлаб ёзилган китобларчалик кўп китоб бўлмаса керак. Тафсир китобларини ёзиш бир минг тўрт юз йилдан буён давом этмоқда. Ҳар бир тафсир билан танишсангиз, ўзига хослиги, озгина бўлса ҳам, бошқалардан ажралиб туриши билан фарқ қилади. Демак, уламолар Қурьондан тўймаганлари учун шундоқ қиладилар. Ҳозирги кунимизда ҳам янги-янги тафсирлар чиқиб турибди. Улар ҳам ўзига хослиги билан ажраб туради. Демак, уламолар Қурьонга тўймаяптилар.
Агар Қурьонга тўймайдиган уламолар тафсирчи уламолар, десак катта хато қилган бўламиз. Балки, бошқа уламолар ҳам Қурьонга тўймайдилар. Мисол учун муҳаддис уламоларни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қурьонга тўймайдилар. Чунки, уларнинг мутахассислиги бўлмиш ҳадис илми Қурьони Карим ила чамбарчас боғлиқдир. Зотан, ҳадиси шарифлар Қурьони Каримнинг тафсири ва ҳаётга татбиғидир.
Фиқҳ уламоларини олиб кўрайлик. Қурьони Каримга тўймайдиган уламолар айнан фуқаҳолардир, десак муболаға бўлмайди. Чунки, Қурьони Карим фуқаҳоларнинг биринчи навли ва энг асосий озуқаларидир. Улар Ислом шариатининг аҳкомларини асосан Қурьони Каримдан оладилар. Бунинг учун улар ҳар бир оят, ҳар бир Қурьоний ҳарфни синчиклаб, қайта-қайта, атрофлича ва чуқур ўрганадилар. Бу ҳолатда уларнинг Қурьондан тўймасликлари турган гап.
Араб тили уламолари ҳам худди шундоқ. Улар хоҳ илми наҳв, хоҳ илми сарф, хоҳ илми баён, хоҳ илми бадийь бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатьий назар, Қурьони Каримдан тўймайдилар. Чунки, Қурьони Карим араб тилининг мўьжизасидир. Унинг тил усталари Қурьони Карим ҳузурида ожиздирлар. Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қурьони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва доимо унга тўймайдилар.
Хулоса шулки, қайси бир илмни олсак ҳам, илми ақоидми, илми фароизми, илми мантиқми, илми тасаввуфми ёки бошқа илмларми, бари-бир уларнинг уламолари Қурьони Каримга тўймасликлари Қурьони Каримнинг ўзига хос бир неча илмларни пайдо бўлишига олиб келди. Бу илмларнинг мажмуаси «Улумул Қурьон»–«Қурьон илмлари»-деб аталади. Бу қадимги илм бўлиб, унга қанчадан-қанча уламолар ўз умрлари, зеҳн-заковотларини бағишлаганлар. Бу соҳада сонсиз-саноқсиз китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. «Улумул Қурьон» ўз ичига илмул қироат, илмул носихи вал мансухи, илмул маккиййи вал маданиййи, илму сабаби нузул, илмул расми, илмул муҳками вал муташобиҳи каби бир қанча илмларни олади. Табиийки, ушбу илмларга мутахассис бўлган уламолар асло Қурьони Каримга тўймайдилар.
Тарихчиларни олиб кўрайлик. Бу дунёнинг яратилиши, инсоннинг дунёга келиб, ривожланиши, қадимда содир бўлган тарихий ҳодисаларнинг энг ишончли масдари Қурьони Карим асосида қадимги дунё тарихини битдилар. Улар ўз замонларида шунинг учун ҳам етакчи тарихчилар бўлдилар. Кейинчалик баьзи бир тоифалар, шахслар чиқиб, ўзларича дунё тарихини «илмий» равишда қайта кўриб чиқдилар. Улар дунёда энг ишончли тарих битганларини айтиб айюҳаннос солдилар. Бошқаларни, жумладан, мусулмон тарихчиларни илмсизликда, афсоналарга берилишда айбладилар. Аммо, вақт ўтиб илм ривожланиши билан ҳалигиларнинг «илмий»лиги жаҳолатдан бошқа нарса эмаслиги аён бўлди. Ҳаммаси муз каби эриб кетди. Қурьондан баҳра олган мусулмон тарихчиларнинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди. Демак, мусулмон тарихчиларнинг Қурьондан тўймасликлари турган гап.
Энди жуғрофиячиларимизни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қурьони Каримдаги жуғрофияга тегишли оятларга асосланиб, улардан руҳланиб бу илм тарихида мисли кўрилмаган улкан натижаларга эришдилар.
Агар Қурьони Каримдан турли соҳадаги мусулмон уламолар тўймайди, десак хато қилмаган бўламиз. Балки, Қурьони Каримга мурожаат қилган ғайримуслим олимлар ҳам ундан тўймаётганига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Дунё тарихини Таврот, Инжил, Қурьон ва янги илмга солиштириб ўрганиб чиққан ғайридин олимлар Қурьони Каримга тан бериб мусулмон бўлдилар.
Дунёда денгиз-уммон илми бўйича кўзга кўринган ғайридин олимлар ўз соҳалари бўйича Қурьони Каримни ўрганиб чиқиб мусулмон бўлдилар. Шунингдек, табиблар, инсон наслини ўрганувчилар ва бошқа-бошқалар ҳам Қурьони Каримга тўймаяптилар. Ҳозир «Қурьондаги илмий ожиз қолдиришлик» номли халқаро ҳайьат ишлаб турибди. Ундаги баҳслар асосан ғайри мусулмон олимлар Қурьондан тўймасликларининг далили эмасми?
«Тафсири Ҳилол» ёзилган тилда сўзлашиб, ўқиб-ёзувчилар орасида ҳам турли соҳаларнинг олимлари бор. Бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар айтамиз. Шу билан бирга улар Қурьони Карим маьнолари ила араб тилида ёки бошқа тилларда ошно бўлишлари душвор эканлиги ҳам маьлум. Умид қиламизки, «Тафсири Ҳилол» орқали мазкур олим ва турли соҳа мутахассислари ҳам Қурьони Карим ила ошно бўлиб, унга тўймайдиган кишилар қаторига қўшилсинлар.
13. «У–кўп такрораш билан эскирмайдиган... нарсадир». 
Ҳа, дунёда кўп такрорлаш билан эскирмайдиган бирдан-бир нарса Қурьони Каримдир. Қорилар ҳар бир ояти каримани ёдлаш учун минглаб марта такрорлайдилар, ёдлаб бўлганларидан сўнг ҳам доимий равишда ўқиб турадилар. Аммо ҳар ўқиганларида янги завқ, янги шавқ, янги ҳузур, янги ҳаловат оладилар. Бу маьно Қурьони Каримни тингловчиларга ҳам тегишли. Ояти карималар ҳар сафар такрор эшитилганда, янгича ҳаловат, янгича ҳузур олинади. Чунки, Қурьони Карим такрорлаш билан эскирмайдиган нарсадир.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?» деб сўради. У зот:
«Етиш билан жўновчилик» дедилар.
«Етиш билан жўновчилик нима?» деди.
«Қурьонни аввалидан охиригача ўқиб бориб етиши билан яна жўнайдиган», дедилар.
Ҳа, азизлар, фарз амаллардан кейин Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун энг афзал ибодат Қурьон ўқиш, ўрганишдир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу  тушларида Аллоҳ таолони бир неча бор кўрган эканлар. Бир пайт у киши, яна тушимда У зотни кўрсам, деб аҳд қилибдилар. Бас, кейин Аллоҳ таолони яна бир бор тушда кўрганларида: «Эй, Роббим, банда Сенга қайси нарса билан муқарраб бўлади?-деб сўрабдилар. Аллоҳ бу саволга: «Каломимни тиловат қилиш билан, эй Аҳмад!»-деб жавоб берибди.
«Маьнони тушунсами ёки тушунмаса ҳамми, эй Роббим?» дебдилар Имом Аҳмад.
«Маьнони тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», дебди Аллоҳ таоло.
Бундан келиб чиқадиган хулосамиз, демак, Аллоҳнинг каломини қанчалик кўп такрор ўқисак, ўргансак, эшитсак, Аллоҳ азза ва жаллага шунчалик яқин бўламиз. Маьносини тушунмай ўқиганга шунчалик мартаба бўлса, тушуниб ўқиганларга қанчалик бўлиши маьлум.
14. «ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир». 
Ҳа, Қурьони Карим дунёдаги ажойиблари тугамайдиган бирдан- бир нарсадир. Зотан барча ажойибларнинг эгаси Аллоҳ таолонинг китоби бўлганидан кейин шундоқ бўлади-да. Қурьони Каримнинг катта-кичик ажойибларига, инсоният ўн беш асрдан бери кўриб, мулоҳаза қилиб, тан бериб келмоқда. Инсоннинг ақлий даражаси, илми ўсган сари Қурьони Каримнинг янгидан-янги ажойиботларини англаб етмоқда. Биргина мисол келтирайлик, электрон ҳисоблаш машиналари чиқиб, ҳамма нарсани ҳисоблаш, атрофлича ўрганиб олиш имкониятлари кўпайди. Қурьони Карим ҳам ўша машиналарга солиб ўрганиб чиқилди. Натижада, Қурьони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва оятлари-ҳамма-ҳаммаси ҳисобли экани маьлум бўлди. Ана ўша ҳисоб асосида янги чоп қилинган Қурьон нусхаларини электрон ҳисоблаш машиналари ёрдамида текшириб, хатолари бўлса осонлик билан топиш имкони ҳам пайдо бўлди. Охир-оқибат келиб, Қурьондаги ададий ожиз қолдирувчилик соҳаси пайдо бўлди ва уламоларимиз бу соҳа бўйича китоблар ёза бошладилар.
Азиз тафсирхон, сиз жанобингиз ҳам Қурьони Карим ила ошно бўлиш мақсадида «Тафсири Ҳилол»ни ўқир экансиз, Каломуллоҳнинг ажойиботларини кашф этарсиз, деган умиддамиз.
15. «У–жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қурьонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир». 
Ҳа, Қурьони Карим фақат инсларни эмас, балки, жинларни ҳам икки дунё саодатига элтувчи дастурдир.
Авваллари жинлар осмонга чиқиб, у жойдаги гапларни ўғринча эшитиб олиб, ердаги ўзлари билан алоқадор одамларга ёлғон-яшиқ қўшиб етказар эдилар. У одамлар эса фолбинлик қилиб кишиларга ғайбнинг, хабарини бераётган бўлиб, турли нарсаларни айтар эдилар. Узоқ вақт шундоқ давом этиб келди. Лекин бирдан осмон хабарини эшитгани чиққан жинларни юлдузлардан оловли парчалар ажраб чиқиб қувлайдиган бўлиб қолди. Энди жинлар осмон хабарларига ўғринча қулоқ оса олмай қолдилар. Шунда улар бу ғайриоддий ҳолнинг сабабини ахтариб дунё кеза бошладилар. Насийбин деган жойлик жинлар йўлда кета туриб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурьон тиловатларини тўсатдан эшитиб қолдилар. Тўхтаб, биз билан осмон хабари орасига тушган шу нарса экан, дейишди. Тиловатни эшитиб бўлгандан кейин эса, «биз ажиб Қурьонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», дейишди.
Яьни, жинлар дарҳол Қурьони Каримнинг ажиб эканини ҳам, ҳидоятга бошлашини ҳам англаб етдилар. Улар зудлик билан Қурьони Каримга иймон келтирдилар ва бошқа жинларни ҳам унга иймон келтириб, амал қилишга даьват қила бошладилар.
Жинларнинг бу ишлари сиз билан биз инсларга сабоқ бўлиши керак. Қурьони Каримга улар каби ҳозиржавоб бўлишимиз керак. Шу билан бирга бу улкан ҳақиқатдан бошқа ибрат ва мулоҳазаларни ҳам олмоғимиз керак. Жумладан, сиз билан биз ўрганаётган «Қурьони Карим» деб номланган илоҳий китоб нафақат ҳамма макон ва замондаги ҳамма инсонларга, балки, барча жинларга ҳам илоҳий дастурдир. Унинг мухлислари, ўқиб, ўрганувчилари кўпчилик тасаввур қилгандан кўра чандон-чандон кўпдир. Сиз билан биз ўша кўпчиликнинг бири эканимиз билан ҳар қанча фахрлансак, шунча оздир. 
16. «Ким у билан гапирса, содиқ бўлур». 
Ҳа, Қурьони Карим Аллоҳнинг каломи, Аллоҳ таоло эса каломида содиқ зотдир. Шунинг учун ким Қурьон билан гапирса, у одам гапида содиқ бўладир. Аллоҳнинг гапини гапирган содиқ бўлмай, ким ҳам содиқ бўлар эди.
Ҳа, азиз тафсирхон, сиз билан биз Каломуллоҳни ўрганар эканмиз, ўзимиз учун энг олий мақом, энг содиқ гаплар хазинасини ўрганаётган бўламиз. Ушбу илоҳий дастурдан олиб гапирган гапимиз энг содиқ гап бўлади. Барча гапимиз Қурьон ила гапириладиган бўлиши учун ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун эса, бизга «Тафсири Ҳилол» ёрдам беради.
Азиз ва муҳтарам тафсирхон, ўйлаб кўринг, сиз билан биз нақадар хушбахт бандаларимиз. Аллоҳ таолонинг гапини гапириб, энг содиқ гап эгаси бўлиш бахтига эришишимиз мумкин. Бунинг учун тайёр нарсани ўрганиб олсак бўлади. Аммо, биздан бошқалар бу бахтга сазовор эмаслар. Қурьони Каримни ўзига дастур тутмаганлар, бу илоҳий каломни ўрганмай юрганлар гапига содиқ бўлиш имконига эга эмаслар. У шўрликлар, нимани, кимнинг гапини ўзига дастур тутишни билмай сарсон бўладилар. Бирор гапни лозим тутсалар ҳам, ўзларига ўхшаган ожиз банданинг гапини тутадилар. У эса содиқ бўлиши мумкин эмас. Ҳалиги шўрликлар мазкур ўзига ўхшаган банданинг каломи ўрганиб, иқтибослар ёдлаб овора бўлиб юрадилар. Уларнинг бу қилган ишидан на ажру савоб бор, на рушди ҳидоят бор ва на саволга жавоб бор. Биз ўзимизга дастур тутган нарса билан у шўрликлар ўзларига дастур тутган нарса ўртасида қанча фарқ бор, биласизми? Аллоҳ билан ожиз банда орасида қанча фарқ бўлса, шунча фарқ бор. Чунки, биз ўзимизга дастур тутган нарса Аллоҳнинг каломи содиғи, улар ўзларига дастур тутган нарса эса ожиз банданинг хом хаёлидир.
Ҳа, азизлар, шунинг учун ҳам ўз бахтимизнинг қадрига етмоғимиз, бизга бу бахтни берган Зотга тинимсиз шукур қилган ҳолда, ўз бахтимиз маёғи Қурьони Каримни кўпроқ ўрганмоғимиз, ҳар бир гапимиз ундаги гаплар ила гапирилиши учун қаттиқ ҳаракат қилмоғимиз зарур.
17. «Ким унга амал қилса, ажр олур».
Ҳа, ким Қурьони Каримга амал қилса, ушбу муборак дастурни хаётига татбиқ қилса ажр олади. «Ажр» сўзини сал қўполроқ иборалар билан таьриф қиладиган бўлсак, қилган ишига иш ҳаққи олиш маьноси чиқади. Арабларда ҳозир ҳам иш ҳаққини ажр дейишади. Демак, Қурьони Каримга амал қилган–ишлаган одам иш ҳаққини олади. Унинг бу дунёдаги иш ҳаққи тинч-омон, соғ-саломат, хотиржамлик, барча яхшиликларга тўла, фаровон ва саодатли ҳаёт бўлади. Қурьонга амал қилган кишининг ҳақиқий ажри–иш ҳаққи эса у дунёда берилади. Қурьонга амал қилган кишининг у дунёдаги иш ҳаққи–жаннати фирдавс бўлади. У ўша ерда, нозу-неьматлар, ҳури ғилмонлар, олий мартабалар ва Аллоҳнинг розилигига бурканган ҳолда абадий қолади.
Қурьони Каримдан бошқага амал қилганларга эса, на бу дунёда ва на у дунёда ҳеч қандай ажр–иш ҳаққи йўқ. Чунки, улар ўзларига ўхшаган ожиз банданинг айтган, ёзган, тузган, ишлаб чиққан нарсаларига амал қилдилар. Мазкур ожиз бандалар ўзларининг тузган дастурларига амал қилганларга қандоқ ажр беришлари мумкин? Ҳеч қандай. Зотан унинг ўзи ажрга муҳтож. Бу дунёда уч-тўрт кун имкон топган бўлса, кишиларга совға-салом ёки мукофотлар берса, ажр берган бўлади. У Аллоҳ берган омонат нарсанинг тасарруфини қилади, холос. Шунда ҳам адолат ила иш юритмай кўпчиликнинг ҳаққидан уриб қолади. Мазкур шахс имкондан ажраган куни ўзи ҳам, унинг дастурига амал қилганлар ҳам расво бўладилар. Бу дунёда ундан кейин келган имконли шахс ёки тузумнинг тазйиқи остида, у дунёда эса жаҳаннам хазиначиси бўлган кучли, қўпол ва шафқатсиз фаришталар гурзиси остида ўтадилар.
Амал қилувчиларга бериладиган иш ҳаққи билан иш ҳаққинниг фарқи бор. Қурьондан бошқага амал қилганларнинг иш ҳаққи ҳақиқий эмас, мажозийдир, доимий эмас, онийдир, битмас-туганмас эмас, фонийдир. Шунингдек, уларнинг иш ҳаққи адолатли эмас, тахминийдир.
Қурьони Каримга амал қилувчиларнинг ажри эса ҳақиқийдир. Чунки уларнинг ажрларини ажрнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Қурьони Каримга амал қилувчиларнинг ажрлари оний эмас, доимийдир. Чунки уларнинг ажрларини чексиз ва доимий имконга эга Зот–Подшоҳи азалий Зот–Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Қурьони Каримга амал қилувчиларнинг ажрларини Боқий сифатга эга бўлган, ҳам фоний дунёнинг, ҳам боқий дунёнинг Молики бўлган Аллоҳ таоло беради.
Бас, шундоқ экан, азиз диндошим, Қурьонга амал қилиб яшайлик. Қурьонга амал қилиш учун эса аввало уни яхшилаб ўрганайлик. Ўрганган ҳар бир оятимизга дарҳол амал қилайлик. Қурьонга амал қилишликнинг ажри борлиги билан бирга Қурьонга амал қилмасликнинг гуноҳи, азоби борлигини ҳам унутмайлик.
Зотан, ҳар бир мусулмон учун Қурьони Каримни ўқиб, ўрганмоқлик, унга амал қилмоқлик лозиму лобуддир. Қурьони Каримни ўқиб-ўрганиш, унга амал қилиш фақат уни ўқиб-ўрганувчи ва унга амал қилувчининг ўзигагина яхшиликлар келтириб қолмайди, балки унинг қариндош- уруғи, ота-оналарига ҳам улкан яхшиликлар етишига сабаб бўлади.
Имом Термизий ҳазрати Али розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким Қурьонни қироат қилса, уни ёдлаб олса, ҳалолини ҳалол қилса, ҳаромини ҳаром қилса, Аллоҳ ўша одамни у билан жаннатга киритади ва дўзахга кириши вожиб бўлган қариндошларидан ўнтасига шафоатчи қилади», деганлар.
Қурьони Каримни ўқишнинг, ўрганишнинг, ёдлашнинг, у ҳалол деган нарсани ҳалол билиб, ҳаром деган нарсани ҳаром билиб амал қилишнинг фазли қанчалик улуғ эканини кўрдингизми?!
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда: 
«Ким Қурьонни қироат қилса ва ундаги нарсага амал қилса, қиёмат куни унинг ота-онасига сизларнинг ичингизда бўлиб бу дунё уйларига нур сочиб турган қуёшнинг ёғдусидан яхшироқ ёғдуси бор тож кийдирилади. Энди, ўша ишни қилганнинг ўзига нима бўлишини биласизларми?» дейилган.
Яьни, Қурьонни қироат қилиб унга амал қилган шахснинг ота-онасига шунчалик иззат-эҳтиром, шону шараф бўлса, унинг ўзига қанчалик нарсалар бўлишини ўзингиз билиб олаверинг, деганлари.
Демак, азиз диндошим, агар дунёга келишимга сабаб бўлган, мени тарбиялаб вояга етказган, кўплаб хизматларимни қилган мушфиқу меҳрибон ота-оналарим қиёмат куни ҳамманинг ҳузурида, васфига тил ожиз тахтларга ўтқазилиб, бошларига қуёшнинг ёғдусидан яхшироқ ёғдуси бор тож кийдирилсин, уларнинг бу иззат-икромга сазовор бўлганларини кўриб ҳамма ҳавас қилсин, десак, Қурьони Каримни ўқиб, унга амал қилайлик. Агар ўзимиз ҳам ўшандоқ мартабага эришайлик, десак, азиз фарзандларимизга Қурьонни ўқитиб, унга амал қилишни ўргатайлик. Ундан ҳам юқори мартабага эришайлик, десак, ҳаммамиз Қурьони Каримни ўқиб, ўрганиб унга амал қилайлик. Қурьони Каримнинг маьноларини тушунмай туриб, унга амал қилишимиз қийин, бу ишда эса, «Тафсири Ҳилол» бизга ёрдамчи бўлишини Аллоҳ таолодан сўрайлик. 
18. «Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур».
Ҳа, Қурьони Карим ила ҳукм қилгангина адолат қилиши мумкин. Қурьони Каримдан бошқа нарса билан ҳукм қилган эса, ҳеч қачон адолат қила олмайди.
Ҳа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қурьони Каримни бу дунёда у ила ҳукм қилиш учун туширгандир. У Зот азза ва жалла Ўз Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: 
«Албатта, Биз Сенга китобни одамлар орасида ҳукм қилишинг учун ҳақ ила нозил қилдик», дегандир.
Ҳа, Қурьони Карим бандалар орасидаги Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳнинг ҳукми эса адолатлидир. Шунинг учун ҳам Қурьон ила ҳукм қилгангина адолатли ҳукм қилган бўлади.
Қурьони Карим ила ҳукм юритиш учун эса, уни қунт ва иймону ихлос билан ўқиб-ўрганиш керак. Келинг, ушбу илоҳий дастурни яхшилаб ўрганиб, унга яхшилаб амал қилишга, унинг ила ҳукм қилишга аҳдлашайлик. 
19. «Ким унинг ила даьват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур». 
Ҳа, ким одамларни сиротул мустақиймга–энг тўғри йўлга–даьват қилмоқчи бўлса, Қурьони Каримга даьват қилмоғи керак. Қурьони Каримдан бошқага даьват қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Чунки, уларнинг ҳеч бирида сиротул мустақийм йўқ. Чунки, уларнинг барчаси ердан чиққан кимсалар томонидан ишлаб чиқарилган нарса бўлгани учун улар ҳам ердан чиққан бўлади. Ердан чиққаннинг айтгани ўз атрофидан нарига ўтмайди. Ердан чиққан нарса ерга-пастга қараб тортади.
Қурьони Каримни эса Аллоҳ таоло сиротул мустақийм қилиб етти осмон устидан туширгандир. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса, нафақат ерни, балки, бутун оламларнинг тўғри йўлини ўзида мужассам қилган бўлади. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса, ўзига эьтиқод ва амал қилганларни энг юксак мартабаларга олиб чиқади.
Шунинг учун ҳам сиротул мустақиймга ҳидоят қилинишимиздан умидвор бўлиб, ўзимизни, бола-чақаларимизни, оила аьзоларимизни, қариндош–уруғларимизни, дўсти-ёрлармизни, ўзимиз билан бирга яшаётганларни ва бутун дунёни Қурьони Каримга даьват қилайлик.
Тўғри, бу даьват осон бўлмайди. Чунки, ҳозирги одамлар Қурьон ҳақиқатини, унинг адолатини ва унинг ҳукмини нима эканлигини билмайдилар. Уларнинг онадан туғилган пайтларидаги мусаффо табиатларини турли жоҳилий таьлимотлар, «изм»лар, моделлар ва казо-казолар булғаб ташлаган. Ҳаммамиз ҳам узоқ давом этган худосизлик, адолатсизлик, жабр, зулмкорлик ва Исломий саводсизлик даврини яшадик ва яшамоқдамиз. Шунинг учун ҳам Қурьони Карим ҳақида ҳозиргача айтган гапларимиз хом хаёл, ўтмиш афсонаси, эскириб қолган мерос ва ҳаёт воқеьлигига тўғри келмайдиган қуруқ гап бўлиб туюлиши мумкин. Бунинг ўзига яраша сабаби ҳам бор. Чунки, ҳозирги замон одамлари ишониб юрган таьлимотлар, «изм»лар, моделлар ва тузумларнинг барчаси хом хаёл, бир гуруҳ бетайин сармастларнинг тўпланиб олиб, тамаки тутунини бурқситиб тўқиган афсонаси бўлиб чиқмоқда. Ўша нарсалар эскиб қолган ёки воқеьликка тўғри келмайдиган гап эканлиги бирин-кетин аён бўлмоқда.
Аммо, сиз билан биз одамларни даьват қилмоқчи бўлган Қурьон, унинг ҳақиқати, адолати ва ҳукми хом хаёл эмас, равшан ҳақиқатдир, ўтмиш афсонаси эмас, ўтмишнинг ҳам, ҳозирнинг ҳам Молики-Аллоҳ таолонинг ҳикматли каломидир, вақт ўтиши билан эскирмайдиган илоҳий дастурдир, ҳаёт воқеьлигида собит бўлган адолатли ҳукмдир.
Ушбу гапларимиз ҳақ эканлигини исботлаш учун назирий-фикрий далиллар, ҳаттоки, Қурьони Карим оятларидан ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳам далиллар келтирмоқчи эмасмиз. Модомики, гап воқеьлик ҳақида кетар экан, биз ҳам ўз даьвомизнинг ҳақ эканлигига воқеьликдан далил келтирамиз. Биз ўз даьвомизга далил қилиб келтирадиганимиз воқеьлик, воқеьликда бор бўлган воқеьликдир. У эртак ҳам эмас, хаёл ҳам эмас. Балки, дўсту душман кўрган, дўсту душман гувоҳ бўлган, дўсту душман эьтироф қилган воқеьликдир. Ўша биз даьво қилаётган воқеьликнинг ҳақиқатини, моҳиятини тўла англаб етиш учун дунёнинг бундан ўн беш аср олдинги воқеьлигини яшаб ўтишимиз лозим. Ҳа, хаёлдан ўтказиш, эслаш, зикр қилиш эмас, бутун вужуд билан яшаш лозим. Келинг, ўша воқеьликни биргаликда яшайлик.
Ўша пайтда бутун дунё жоҳилий ҳаёт кечирар эди. Инсоният бошдан оёқ жаҳолат ботқоғига ботган эди. Кишиларнинг барчаси ҳозирги кўпчиликка ўхшаб бўлган-бўлмаган, бузуқ ва аслсиз ақидаларга эьтиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм сурар эди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон эди. Инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди. Ана шундоқ қуюқ зулмат, моғор босган қалблар ухлаган бир пайтда фақатгина бир инсоннинг моғор босмаган пок қалби уйғоқ эди. Ўша ягона уйғоқ қалб мавжуд вазиятдан норози бўлиб, мазкур қоронғуликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди. У муборак қалб, Макка номли шаҳарда Абдуллоҳ исмли отадан, Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳнинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исмли муборак инсоннинг қалби эди. Мазкур ягона пок қалб эгаси жоҳилият зулматидаги ноҳақлик, фисқу-фужур ва бошқа номаьқулчиликлардан четланиб, Макка шаҳри четидаги тоғдаги «Ҳиро» номли ғорга кириб ўтирар ва инсоният қандоқ қилиб жоҳилият зулматидан нурга чиқиши мумкин, деб фикр юритар эдилар. У зот шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёрланар эдилар.
Айни ўша пайтда инсониятни Ўз қўли билан яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай Пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб тарбиялаб олиб келаётган Аллоҳ таоло, инсониятнинг навбатдаги ва энг катта адашувидан кейин унга энг охирги Пайғамбарни юборишни, энг сўнгги китобини нозил қилишни ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода қилган пайт келган эди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ғори Ҳиронинг оғзига чиқишлари билан «Иқроь!!!–Ўқи!!!» деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуьласи–Қурьони Каримнинг–биринчи ояти эди. Бу шуьла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди. Кейин эса янгидан-янги шуьлалар чарақлаб, ёғду мукаммаллашиб борди. 
«Эй ўраниб ётувчи, кечаси қоим бўл!», «Эй ўраниб ётувчи, тур, бас, огоҳлантир!» деган хитоблар бўлди. 
Энди мазкур ягона пок қалб Қурьон ёғдуси билан ёришган ягона қалбга айланди. Энди ўша ягона пок ва илоҳий ёғду ила ёришган қалб эгаси ўз Роббиси амри ила ягона ўзи бутун дунёни пок қалбли қилиш учун, илоҳий ёғдудан баҳраманд бўлишга даьват қилиш учун бел боғлади. Аста-секин Аллоҳнинг инояти ила мазкур илоҳий ёғду-Қурьоний ёғду бошқа қалбларни ҳам ёрита бошлади. Ер юзида асталик билан бўлса ҳам, қийинчилик билан бўлса ҳам жоҳилият зулматини Қурьон ёғдуси ёриб чиқа бошлади. Кишилар ичида қалби Қурьон нури билан мунаввар бўлганлар кўпая борди. Албатта узоқ муддат зулматда қолган кофирлар ёғдуни тинчликни бузиб безовта қилувчи нарса деб тушунадилар. Шу боисдан ҳам улар унга қарши чиқадилар. Улар ёғдуни иложи борича тўсишга ҳаракат қиладилар. Биз ўрганаётган воқеликда ҳам шундоқ бўлди. Жоҳилият зулматига ўраниб қолган инсонлар Қурьон ёғдусини ўз оромларини бузувчи нарса деб билдилар. Уни тарқамаслиги учун қўлларидан келгану келмаган барча чораларни кўрдилар. Улар Қурьон ёғдусини, ул ёғдудан баҳраманд бўлганларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш учун ҳаракат қилдилар. Лекин, Аллоҳ кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини батамом қилувчи зотдир. Аста-секин Аллоҳнинг инояти ва аралашуви ила нафақат инсонларнинг қалблари, балки, бутун вужудлари Қурьон ёғдуси ила ёришди. Кейин эса уларнинг бутун ҳаётлари ўша ёғду билан ёришиш жараёни бошланди. Қалблари Қурьон ёғдуси ила мунаввар бўлган, ҳар бир нарсани Қурьон ёғдуси ила кўрадиган, ҳар бир ишни Қурьон ёғдусида қиладиган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобаи киромлари ер юзида икки оёқлари билан юрадиган тирик Қурьонларга айландилар. Қурьон ёғдуси ила ёришган биргина қалб эгаси Аллоҳнинг амри ила бошлаган бу ҳаракат Аллоҳнинг мадади ила якка шахсларга, оилаларга тарқаб, бора-бора Қурьон ёғдуси ила яшайдиган давлатга айланди. Мадинаи Мунавварада қурилган бу давлат–Қурьон ёғдуси ила қурилган, Қурьон таьлимотлари асосида, Қурьон адолатидан баҳраманд бўлиб, Қурьон ҳукмини жорий қилиб яшайдиган давлат эди. Бу Қурьоний давлат ва унинг ҳар бир фуқароси ўша вақтнинг мўьжизасига айланди. Дунёда биринчи марта Аллоҳга бўлган соф иймон ер юзида собит бўлди, У жамиятда ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси ила қилинадиган бўлди. У жамият аьзолари жоҳилиятнинг барча ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа разолатларидан холи бўлдилар. У жамиятда зулм, жабр-ситам бутунлай йўқолиб, мутлақ адолат ҳукм сурадиган бўлди. У жамиятда кишилар ҳамма нарсадан кўнгли тўқ, тинч-омон, бахтли-саодатли ва тўла фаровон турмуш кечира бошладилар. Чунки, улар Қурьон ёғдусида, Қурьон адолатида ва Қурьон ҳукмида ҳаёт кечираётган эдилар. Ўша пайт бу жамиятга кирган одам бошқа дунёга бориб қолганга ўхшар эди. Зотан жоҳилиятда туғилиб, ўсиб ва шаклланган инсон учун Қурьоний жамият ҳақиқий мўьжиза, ухлаб тушида ҳам кўрмаган нарса эди. Бу Қурьоний жамиятдаги яхшиликлар, олий фазилатлар ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этарди.
Қурьоний жамият аьзолари, ўзларига етган улкан бахт ва саодатни, мислсиз улкан неьматни бошқалар билан бирга баҳам кўргилари келар эди. Улар инсоният жаҳолат ботқоғида, турли разолатларга кўмилган ҳолда, зулмда, инсон номига ор бўладиган нарсалар ичида ҳаёт кечиришда давом этаверишини қабул қила олмас эдилар. Шунинг учун ҳам бошқа инсонларга Қурьон ёғдусида ҳаёт кечиришни тушунтириш, уларни тўғри, илоҳий йўлга солиш учун ҳаркат бошладилар. Шу боис Қурьоний давлат ҳудудлари тезлик билан кенгая бошлади. Қурьон ёғдусида турмуш кечирадиган халқлар ва юртлар сони кўпайиб борди. Турли халқлар ўзларига Қурьон таьлимотларини олиб келган кишиларни, уларнинг олий мақом ахлоқ-одоблари ва сифатларини кўрибоқ аҳли Қурьонлар қаторига қўшила бошладилар. Қурьоний жамият аьзолари бутун дунёга устоз бўлдилар, бутун дунёда пешқадам бўлдилар. Улар энг илғор, энг тараққий этган, энг бахтли, энг тинч, энг бой, энг соғ, энг илмли, энг маданиятли, энг кучли, энг адолатли, энг олий ахлоқли инсонлар сифатида майдонга чиқдилар. Қурьоний жамият ҳаётнинг ҳар бир соҳасида мисли кўрилмаган юқори чўққига кўтарилди. У жамиятда нафақат мусулмонлар, балки мусулмонмас халқлар ҳам ўзларининг дунёвий бахт-саодатини топдилар.
Мазкур ҳолат ҳеч ким инкор эта олмайдиган воқеьликдир. Қурьоний дастурга эга бўлган жамият ер юзида қоим бўлгани, жаҳонга бахт улашгани собит ҳақиқатдир. 
Инсоният тажрибасида бир марта бўлган нарсани қайта такрорлаш осондир. Бу тажрибани қайта такрорлаш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари бўлиши шарт эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи шуни ирода қилган. Ислом Аллоҳнинг қиёмат қоим бўлгунча боқий қолувчи дини ўлароқ унинг доимий татбиқи улуғ зот бўлсалар ҳам, фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига боғлиқ бўлиши мумкин эмас эди. Агар Исломнинг доимий татбиқи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига боғлиқ қилинганда, уни У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин татбиқ қилмаслик керак бўлиб қолар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Исломнинг доимий татбиғини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига эмас, Қурьони Каримга боғлаб қўйди. Ва Қурьонни қиёмат-қойим бўлгунча муҳофаза қилишни Ўз зиммасига олди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эса Қурьонни кишиларга бир марта тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатиб беришни топширди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу омонатни қойилмақом қилиб ўз ўрнида адо этдилар. У зот Ўз умматларига Қурьонга амал қилган ҳолда тўлақонли ҳаёт кечиришни кўргазмали равишда жорий қилиб бердилар. Пайғамбаримиз томонидан Қурьонни амалда татбиқ қилиб кўрсатилишига «суннат» дейилади. У зоти бобаракот ўзларига Аллоҳ таоло томонидан юклатилган топшириқни шараф ила адо этиб бўлиб, бу фоний дунёни тарк этаётган пайтларида умматларига хитоб қилиб: 
«Ичингизда икки нарсани: Аллоҳнинг китобини ва ўзимнинг суннатимни қолдирдим. Агар иккисини маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз», дедилар.
Алҳамдулиллаҳ икки дунё саодати кафолатини берувчи илоҳий дастур–Қурьон бор, уни қандоқ қилиб татбиқ қилиш бўйича қўлланма-суннат бор, унинг асосида дастурни амалга ошириш тажрибаси бор, демак, мусулмонлар бугунги кунда орзу қилаётган нарса хом хаёл эмас, айни воқеьликдир.
Аммо ана шу воқеьликнинг орзу қилиниши воқеьликда бўлмаслиги афсус ва надомат боисидир. Мусулмонларнинг юқорида зикр қилинган набавий васиятга амал қилмаганлари, Қурьон ва Суннатни маҳкам тутмаганлари оқибатида Қурьоний жамиятда бахтли ҳаёт кечириш аста-секин воқеьликдан орзуга айланиб қолди.
Бундай ачинарли ва ноқулай ҳолнинг вужудга келишига асосан мусумонларнинг ўзлари айбдор. Улар Қурьон ёғдуси остида нурафшон ҳаёт кечириш қадрига етмадилар. Улар аста-секин Қурьон ёғдусида яшаш учун лозим бўлган сифатларни йўқота бошладилар. Мазкур сифатларни ўзларида доимий равишда ушлаб туриш учун тадбир-чора кўрмадилар. Оқибатда танбаллик, ҳавойи нафсга берилиш ва бошқа шунга ўхшаш омиллар туфайли пайдо бўлган хасталик аста-секин кучайиб борди. Улар ўзларидаги манфур хасталик туфайли аста-секин Қурьон ёғдусидан ўзларини тортадиган бўлиб қолдилар, кўзлари ёғдуни хира кўриши ортиб борди. Охир, оқибат кўршапалакка ўхшаб ёғдудан ўзини олиб қочиб, қоронғуликни хуш кўрадиган ҳолга келдилар. Улар мазкур хасталик туфайли яна ўзларини жоҳилиятнинг қоронғу хонасига урдилар. Ўша хонанинг эшиги ёнидан, тирқишларидан Қурьон ёғдуси тушиб турибди. Мазкур хонадаги хасталар эса жузьий ёғдуларни ўзлари учун етарли, деб ўйламоқдалар. Баьзи хасталар «мусулмон ота-онадан туғилганман-ку, исмим мусулмонларнинг исмидан-ку, калимаи шаҳодатни бир амаллаб айтаман-ку», деб, ўзларига тасалли берадилар. Ҳалиги зулматхона тирқишдан тушаётган Қурьон ёғдусига яқинроқ туриб қолган хасталар эса, намоз ўқияпман-ку, рўза тутаяпман-ку, деган даьволарни қиладилар. Ҳаммасининг мазкур даьволари қўшилиб, нима учун мусулмон бўлсак ҳам хастамиз, деган умумий даьвога айланади. Ҳа, улар ўзларининг хасталикларини борган сари яхши тушуниб бормоқдалар. Шу билан бирга уларда хасталикларига малҳам излаш ҳисси ҳам кучайиб бормоқда. Улар зулмат хасталигидан фориғ бўлиб, ёғду остида нурофшон ҳаёт кечиришни истайдилар. Улар ўз хасталигидан фориғ, ёғду остида нурафшон ҳаёт кечиришни истайдилар. Улар ўз хасталикларини муолажа қилувчи ҳозиқ табиб ва ўша табиб тақдим қиладиган кучли дори-дармонга муҳтожлар. Лекин улар ўзларидан ҳам қаттиқ бемор, аммо, ташқи кўриниши ялтироқ хасталарни кўриб, мана шулар соғ, биз ҳам уларнинг қилганини қилсак, соғайсак керак, деб гумон қилмоқдалар.
Аслида эса уларнинг ҳозиқ табиби бўлмиш Аллоҳ таоло керакли даво-Қурьонни тақдим қилиб, у дорини қандоқ истеьмол қилишни кўрсатиб беришни Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга топширган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўша пайтдаги энг оғир хасталикларга мазкур илоҳий давони бериб, дунёдаги энг соғлом кишилар бўлишларига, Қурьон ёғдусида тўла-тўкис яшаш даражасига олиб чиққанлар. Ана шунда юқорида зикр этилган ва сиз билан биз ҳозирда орзу қилаётган воқеьлик юзага келган. Ана ўша воқеьлик яна қайта юзага келиши назарий, амалий ва бошқа жиҳатлардан мумкин ва лозимдир. Ана ўша воқеьлик яна қайта юзага келиши иймон-эьтиқод жиҳатидан муқаррардир. Чунки, бу ҳақиқат Аллоҳ таоло томонидан ваьда қилинган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан қайта-қайта таькидлаб башорат берилган ҳақиқатдир. Ҳа, буни баьзи кимсалар хоҳлайдими- хоҳламайдими, бари-бир ер юзида яна Қурьоний жамият қурилиши муқаррар бир нарсадир. Чунки, мазкур кимсалар ким бўлишларидан қатьий назар ожиз бўладилар. Ожиз бандаларнинг хоҳиши эса худди ўзлари каби ожиздир.
 
Манба: Тафсири Ҳилол
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф