ҲАЖЖОЖ ЗОЛИМ ВА ЗАЙТУН СОТУВЧИ САВДОГАР
3656
21-12-2020, 11:46
594
Ўқиш режими
+
-
ҲАЖЖОЖ ЗОЛИМ ВА ЗАЙТУН СОТУВЧИ САВДОГАР
Қадимда кўп зулм ўтказиши билан тарихда қолган ҳукмдор Ҳажжожи золимга онаси бир кун:
-Эй ўғлим, қандай жон берасан? Сен жаҳаннамда қандай ёнасан? Мен она бўлиб туриб қандай чидайман? Одамларни нега бунчалик ноҳақ ўлдираверасан?- деди.
Ҳажжож шунда кўшки айвонига чиқди ва ўтиб кетаётган бир одамни “бу ёққа кел” деб чақирди. Ул одам қўрқиб аста кела бошлади. Қўрққанидан оёғида зўрға турар, қалтирарди. У Ҳажжожнинг олдига чиқиб келди. Ҳажжож: - Сен қўрқма. Зулм қилмайман, онамга сўз бердим, ишим бор. Нима иш қиласан? – деб сўради.
- - Мен зайтун билан савдо қиламан, - деди у одам.
Ҳажжож:
-Бир тўп зайтундан қанча ёғ чиқади, бир қадоқдан қанча, бир тўпидан қанча ёғ чиқади, - деб сўради.
У одам бирма-бир жавоб берди. Ҳажжож:
-Сен яхши савдогар экансан, ишинг, маслагингнинг нозик жойларини яхши билар экансан. Мусулмонмисан? – деб сўради.
-Ҳа, мусулмонман, - деб жавоб берди. Ҳажжож:
-Исломнинг нечта шарти бор?
У одам:
-Учта, -деди.
-Иймоннинг шарти қанча?- деб сўради Ҳажжож.
-Тўртта, деб жавб берди у одам.
-Ғуслнинг фарзи қанча?- деб сўраганда, у одам:
-Ўнта, - деб жавоб берди.
Ҳажжож у одамдан йигирма тўрт савол сўради. Тўғри жавоб ололмади. Ҳажжож онасига аччиқ гапирди: “ Кўряпсизми онажон, Аллоҳ мени бундай ўзларига зулм қилган одамларни тарбиялашга юборган. Мен золим эмасман, асл золим улар. Уч кунлик умри учун бир туп зайтундан қанча ёғ чиқишини билади-ю, инсонлигининг асоси бўлган динини ҳеч билмайди. Бир гўдак биладиган ўттиз икки фарзни билмайди. Абадий ҳаёти учун умрининг бир дақиқасини бермайди”.
Айрим кишилар зулм қилиш деганда фақат бировга қилинадиган зулмнигина тушунишади. Тўғри у ҳам зулм. Аммо, инсон Раббисининг ҳақини танимаслиги ва уни адо этмаслиги билан маъсиятлар содир этиши ўз-ўзига қилган зулм ҳисобланади. Бунда ҳам инсон золим ҳисобланиб қолади.
“Ҳикматлар хазинаси” китоби асосида
Қиличев Рустам тайёрлади.