Нафс тарбияси – саодат калити
(1-қисм)
Динимизда нафсни поклаш, инсон ўзини-ўзи тергаб, эртанги кунга нима тайёрлаганига назар солиб туриши ўта муҳим ишлардан ҳисобланади. Нафс тарбияси энг ҳассос мавзулардан бири бўлиб, бу мавзуда кўплаб олимлар, тариқат машойихлари сўз юритганлар, қатор китоблар ва рисолалар битганлар. Халқимизда “Менинг нафсим балодир, ёнган ўтга соладир” деган мақол бор. Дарҳақиқат, киши нафсини тарбия қилмас экан, оқибати аянчли бўлади. Шу кунгача ўтган солиҳ бандалар барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, барча ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлишда эканлигини таъкидлаганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”(Ҳашр сураси 18-оят).
Киши тирик экан, нафси билан курашишда мағлуб бўлмаслиги лозим. Киши нафсини жиловлаш учун нафсни тарбия қилган зотларга яқин юриши ва илм ўрганиб, унга амал қилмоғи зарур. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар:
الكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ الْمَوْتِ وَالْعَاجِزُ مَنْ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَواهَا وَتَمنَّى عَلَى اللهِ
(رواه الامام الترمذي)
яъни: “Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривоятлари).
Нафсини тергаб турган кишининг Қиёмат кунидаги ҳисоб-китоби енгил бўлиши ҳақида ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай деганлар:
حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا، وَتَزَيَّنُوا لِلْعَرْضِ الْأَكْبَرِ وَإِنَّمَا يَخِفُّ الْحِسَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
عَلَى مَنْ حَاسَبَ نَفْسَهُ فِي الدُّنْيَا
(رواه الامام الترمذي)
яъни: “Ҳисобга тортилишингиздан аввал нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг ва Қиёмат кунига тайёргарлик кўринг. Қиёмат кунидаги ҳисоб фақат дунёда ўзини тергаб турган кишиларгагина енгил бўлади” (Имом Термизий ривоятлари).
Аллоҳ таоло жонли мавжудотларни уч тоифада яратган: 1. Фаришталар: Аллоҳ фаришталарга фақат ақл берган, нафсу-ҳаво бермаган. Улар доимий равишда Аллоҳга ибодат қилиб турадилар. Нафслари бўлмагани учун ҳеч ҳам гуноҳ иш қилмайдилар. 2. Ҳайвонлар: Аллоҳ ҳайвонларга ақл бермаган, фақатгина нафс берган. Улар фақат нафсни тўйдириш ғамида бўлади. Ақли бўлмагани учун уларга гуноҳ ёзилмайди. 3. Инсонлар: Аллоҳ инсонларга ҳам ақл, ҳам нафс берган. Уламоларимиз айтадиларки, инсон ақлини нафсидан устун қўйиб, ҳаётини шариатга мувофиқ ўтказса, у фаришталардан ҳам афзал бўлади. Сабаби – нафси бўлатуриб, ақлини нафсидан устун қилди. Аммо инсоннинг нафси ақлидан ғолиб келса ва нафсининг ҳавойи-истакларига кўра ҳаёт кечирса, у ҳайвондан ҳам тубанроқ бўлади. Сабаби – инсон ақли бўла туриб, уни ишлатмади.
Қуръони каримда нафсини поклаган инсон нажотга эришиши ўн бир ўринда қасам билан зикр қилинган. Нафсни поклаш ҳақида Қуръони каримда такрор-такрор келади:
قَدْ أَفْلَحَ مَن زَكَّاهَا
(سورة الشمس الاية-9)
яъни: “ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур” (Шамс сураси 9-оят). Бу оят тўғрисида муфассир Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Бу оятнинг маъноси: ким нафсини Аллоҳ таолонинг тоати билан покласа, разил сифатлар ва пасткашликлардан тозаласа, нажот топади, деганидир”. Бошқа оятда шундай дейилади:
وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى
(سورة النازعات الاية 40 – 41)
яъни: “Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” (Назиат сураси 40-41 оятлар).
Демак, ким Қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан қўрқиб, нафсини гуноҳ ишлардан тийса, унга жаннат ваъда қилинган экан.
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида нафсини поклаган киши имоннинг таъми (ҳаловати)ни татишини хабар бердилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолодан нафсимизни поклашни сўраб дуо қилишни ўргатганлар:
اَللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا، وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا، أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا
(رواه الاما
م مسلم)
яъни: “Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато қилгин ва уни поклагин! Зеро Сен – энг яхши покловчисан! Сен – унинг эгаси ва мавлосисан!” (Имом Муслим ривоятлари).
(давоми бор...)
ЎМИ нинг жумъа мавъизасидан олинди