ФАТВО: ҒУСЛ ЎРНИГА ТАЯМУМ ҚИЛСА БЎЛАДИМИ?
3712
28-12-2020, 12:33
923
Ўқиш режими
+
-
САВОЛ:
Ассалому алайкум. Шароит бўлмаса ғусл ўрнига таяммум қилсам бўладими?
ЖАВОБ:
Шароит бўлмаса деганда, қандай шароитлигини билиш муҳим. Агар таяммум жоиз бўладиган ҳолат топилса, таяммум қилиш мумкин. Таяммум таҳорат ва ғусл ўрнига ўтади.
Таяммум қилиш жоиз бўлиши учун одам сув ишлатишдан ожиз бўлиши керак. Сувдан ожиз бўлиш турлича бўлиши мумкин:
- Сув ≈2 км.дан узоқда бўлиши;
- сув ишлатса касал бўлиши ёки касаллик зиёда бўлиши;
- ювинса сув ёки ҳавонинг совуқлигидан зарар кўриши аниқ бўлса;
- сув олдида душман бўлса;
- таҳорат қилса ичимлик сувисиз қоладиган бўлса;
- Қудуқ каби жойдан сув олишга керакли воситалар бўлмаса.
Лекин жунуб кишининг совуқ кунда ғусл ўрнига таяммум қилиши масаласи бироз ўзгача. Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳнинг “Бадоиъус саноеъ” китобида шундай дейилади:
أجنب في ليلة باردة يخاف على نفسه الهلاك لو اغتسل ولم يقدر على تسخين الماء ولا على اجرة الحمام في المصر اجزأه التيمم في قول أبى حنيفة وقال أبو يوسف ومحمد ان كان في المصر لا يجزئه
яъни: “Киши совуқ кечада жунуб бўлиб, ғусл қилса ҳалокатига сабаб бўлишидан хавф қилса ва сувни иситиш имкони бўлмаса, шунингдек, шаҳар ҳаммомининг тўловига ҳам қодир бўлмаса, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг қавлига биноан мазкур киши таяммум қилиши жоиз бўлади. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар эса: агар шаҳар ҳудудида бўлса, таяммум қилиши жоиз бўлмайди деганлар...”
Совуқ кунда жунуб киши таяммум қилиш жоиз бўлиши учун совуқлик даражаси юқори бўлиб, инсон ҳаётига ёки саломатлигига хавф туғдирадиган даражада бўлиши ва иссиқ сув топиш имкони бўлмаслиги лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати