1445 йил 12 Шаввол | 2024 йил 20 апрель, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:32
Sunrise
05:53
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:19
Isha
20:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚОРДА ПИШГАН ҚУЛУПНАЙ (БЎЛГАН ВОҚЕА)

30-12-2020, 23:01 521 Ўқиш режими + -
Авлиё бўлмоқ осон эмас. Авлиёлик даражасига етиш учун Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш керак. Намоз ўқиса, рўза тутса, авлиё бўлиб қолмайди киши. Аллоҳ ва Расулини қалбдан севиш, уларга қалбдан боғланиш, итоат қилиш, ёлғиз қолганда Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш, ҳаттоки хаёлида ҳам гуноҳларни ўйламаслик керак, инсон. Зинама-зина нурга чиқиб борилади. Ҳаммага ҳам бу шарафли ном насиб этавермайди. Ичимизда, ёнимизда авлиёлар кўп. Лекин биз уларни танимаймиз, билмаймиз, эътибор қилмаймиз, холос...
Абдураззоқ ота масжиддан келиб, хотинини чақирди.
- Қўшнимиз Салоҳиддин, Сорани ўғлига сўраяпти. Эртага аёли чиқар экан, - деди супага ўтириб.
- Вой дадаси ўғли чўлоқ-ку. Гулдек қизимни чўлоққа бераманми?, - деди Лутфи.
- Астағфируллоҳ дегин! Ўзи хоҳлаб чўлоқ бўлиб олибдими? Йиқилиб тушганда суяги қийшиқ битиб қолган. Онаси, бировнинг боласини гапирма! Қайтмасин... Яхши оила, тарбия кўрган йигит. Энг кераклиги – намоз ўқийди, илм олади. Эртага сўраб чиқишганда очиқ юз билан кутиб ол. Розилик берамиз!
Шомдан кейин Шарофиддин отасининг сўзини кесмай, гапини бўлмай уни эшитгач деди:
- Ота сиз нима десангиз шу. Қўшнимизни мендан кўра сиз яхши танийсиз. Қиз билан никоҳдан сўнг кўришсам майлими? "Яхши одамларнинг боласи ҳам яхши бўлади", дер эдингиз-ку. Иншааллоҳ, қиз ҳам ота-онаси каби ақлли, маънили деб ўйлайман. Қиз билан никоҳдан аввал учрашишга хижолат бўляпман. Гулдек қизларини чўлоққа бераётганларининг ўзи катта гап эмасми? - деди хижолат бўлганча ердан бошини узмай.
Шарофиддин Сорага уйланди. Сора янги уйига бошига паранжисини ташлаганча, аёллар қуршовида кириб келди. Жуда чиройли тўй бўлиб ўтди. Эркаклар катта ҳовлида, аёллар эса орқа ҳовлида (яъни, кичик ҳовлида) тўйни ўтказдилар.
Икки ёш бир-бирларини никоҳ кечасида кўрдилар.
Сора ўн олти, Шарофиддин эса йигирма бир ёшда эдилар, ўшанда.
Ҳаёт эса ҳар доимгидек яна йўлида давом этади.
Шарофиддин отаси билан бомдодни биргаликда ўқийдилар-у, қўлига тугунини олиб, кетмонларини кўтариб далага чиқиб кетадилар. 
Сора эса қайнонаси, Шарофиддиннинг ука-сингиллари билан ҳовлида қолади. Аёллар, эркаклар даладан келгунларича юнг титадилар. Қўй-қўзиларга, сигир-бузоқларга қарайдилар, қўни-қўшниларнинг кўрпа-кўрпачасини қавийдилар.
Шарофиддиннинг онаси Фотима хола эпчил аёл. Оёқ-қўли чаққон, мисоли ёш қизлардек югуриб-югуриб иш қилади. Бирпасда юнгларни титади-ю, кўрпа-кўрпачаларни қавишга тушиб кетади. Гоҳ ўчоқбошида бўлса, гоҳ чаққонгина бўлиб нонга хамир қориб келади. Ажойиб аёл... Бировга оғирлигини туширмайди. Мана ҳозир ҳам келини Сорани ёнига олганча хамир қоряпти.
– Сорахон қизим. Хамирни илиқ сувга қорсангиз, хамир чайналмай юмшоқ, майин бўлади. Ёйишда ҳам, тугишда ҳам қийналмайсиз. Сиз қилиб эмас, кўриб ўрганинг болам, – деб хамирни муштлашда давом этади. Фотима хола хамирни устини ёпиб, Сора тенги қизига молларга ем бериши кераклигини эслатиб, Сорани эргаштирганча томорқага қараб юрди.
– Қизим бодрингларни узиб челакка солинг. Мен памилдориларга қарайман, - деди-ю томорқа оралаб челагини кўтарганча юриб кетди.
Фотима хола Сорани анча пишитди. Сора ҳам қайнонаси каби оёғи чаққон бўлиб, югуриб-югуриб иш қилишни ўрганди. Тезда бу оиланинг қолипига тушиб олди. Энди ўзи бемалол хамир қориб, овқат қилади, кўрпа-кўрпачалар қавий олади. Фотима хола шунда ҳам Сорани ишларини текшириб, баҳо бериб туради.
– Болам сиз ёшсиз. Ўргатсам дилингиз ранжимасин. Ҳар бир ишни пишиқ-пухта ўрганиб олсангиз ўзингизга наф. Мени ҳам қайнонамлар ишга солганлар. Келин бўлиб тушганимда 15 ёш бўлганман. Аллоҳ раҳмат қилсин қайнонамлар "боламлаб" билмаганимни ўргатганлар.
Далада қуёш тиккага келди. Ота-бола тол тагига келиб ўтирдилар.
Салоҳиддин ота:
– Бир пайтлар отам билан шу далада тинмай ишлар эдик. Энди эса сен билан отамнинг ишини давом эттиряпман. Ерда барака бор, болам. Меҳр берсанг, ҳосилини оласан, – деди-ю, қийиқчасига боғланган, жилди қизил ямоқлардан иборат бўлган кичкинагина Қуръонни авайлаб қўлига олди.
Бу Қуръон Салоҳиддин отага отаси Жамолиддин отадан мерос қолган. Кўзига сурта-сурта, авайлаб-асраб ўқийди. Маъноларини ҳам яхши билади. Отаси Жамолиддин ота илмли, диёнатли киши бўлган. Фарзандларига ҳам ўзида бор илмни ўргатиб кетган. Салоҳиддин ота ҳам анча нарсани билади. Лекин кўпга билдирмайди. Эҳтиётини қилади. Жамолиддин ота зиёли бўлгани учун бир пайтлар совет ҳукумати томонидан сургун қилинган. Кўп ўтмай ўлгани ҳақида хабар келган. Салоҳиддин ота у пайтлар энди ўн еттига кирган йигит бўлган. Шунга қарамай отасидан кўп нарса ўрганишга улгуриб қолган эди.
Жамолиддин ота зиёлилар бошига бало келаётганини билгач, диний китобларини ҳовли этагидаги катта ўрик дарахтининг орқасидаги деворга суваб ташлаган эди. Салоҳиддин ота, отасига ёрдамчи бўлган эди ўшанда. Жамолиддин ота ўғлига шундай деган эди: "Ўғлим агар бизнинг ҳам дарвозани тақиллатишса билгинки, бу Аллоҳнинг хоҳиши. Онангни, ука-сингилларингни эҳтиёт қил! Уларни авайла. Уларга динни ўргат, Аллоҳни танит. Сенга ўргатганларим, сенга омонат. Бошқаларга ўргатиш вазифангдир. Китобларни кўз қорачиғингдек эҳтиётла!"
Совет аскарлари уйни аҳдар-тўнтар қилиб, қўлга илинадиган ҳеч нарса топа олмаган бўлсалар ҳам Жамолиддин отани ушлаб олиб кетишган. Ота қайтиб келмаган. Дини йўлида шаҳид кетган.
Орадан йиллар ўтди. Шарофиддин тўққиз фарзанд кўрди. Фотима хола ҳам, Салоҳиддин ота ҳам аллақачонлар вафот этиб кетдилар. Шарофиддин фарзандларига отаси каби тарбия берди. Тўққиз фарзанд ҳаммалари гўзал тарбияли инсонлар бўлиб етишдилар. Уларнинг барчалари намоз ўқигувчилардан бўлдилар.
Фарзандни намозга бошлаш, Аллоҳни танитиш учун сабр керак, матонат керак. Шарофиддин билан Сора бор маҳоратларини, ўқиб-билганларини ишга солиб, фарзандларини шу даражага олиб чиққан эдилар. Улардан кўплари олим бўлди, қори бўлди.
Уларни уйладилар, жойладилар.
Шарофиддин отанинг ҳам манзили яқин. Отасидан қолган жилди қизил ямоқлардан иборат кичкинагина Қуръонни қўлига олади. Қўллари титрайди. Тажвид билан чиройли қилиб ўқийди. Кўзига суртади-ю токчага қўяди. Ота анча қариди. Умри завол бўлмади. Қанча-қанча инсонларга уйида дарс берди, илм берди. Аллоҳ ва Расулини танитди. Бекор ўтирмай, инсонларни яхшиликка бошлади.
Авваллари беш-олти соат ухласа, энди Шарофиддин отанинг уйқуси йўқ. Намоздан, саждадан бошини кўтармайди. Уч соат уйқу ота учун етарли бўлиб қолган. Устига-устак эшикдан йўқлаб келувчи ўқувчиларни айтмайсизми...
Қаҳратон қиш келди.
Шарофиддин ота бу кеча ухлолмади. Ўнг бошига ёнбошлаб, паст уйнинг деразасидан ҳовлига қараганча зикр айтиб ётаверди. Қор майдалаб ёғар, дарахтда бир-икки дона узилмай қолган хурмо, ой шуъласида қовжираганча кўриниб турар эди.
Тонг отди.
Ҳовли оппоқ қорга бурканди.
Хонага Шарофиддин отанинг келини Салима патнис кўтариб кирди. Патнисда косага солинган қайноқ ширчой ва кичик тақсимчада иссиққина, янги пишган варақа.
– Адажон сизга ширчой олиб келдим. Келинг иссиғида ичиб олинг. Варақа ҳам пиширдим. Қувват бўлади, - деди Салима патнисни жойлар экан.
Шарофиддин ота ҳеч нарса емади. Томоғидан ўтмади. Сора хола ҳам, Салима ҳам отага мажбурлаб нарса едиролмадилар.
Қор ёғишда давом этарди. Ота ёнбошлаганча деразага қараб ётар, тили эса пичирлаб дуо ўқир эди.
Сора хола ҳовлидан келди-ю, қўл-оёқларини иситиш учун дераза тагига солинган юнг тўшакка ётиб олди. Қиш қаттиқ келган эди. Орадан кўп ўтмади. Шарофиддин ота ётоғида ётганча деразадан ҳовлини кузатар экан, кампирига деди:
– Онаси қара! Учиб келаётган оқ отларни кўряпсанми? Биз томонга қараб учиб келишяпти.
Сора хола бошини кўтариб деразадан қараб деди:
– Қор кўзингизга шундай кўрингандир. Совуқда оч ётишингиз яхши эмас додаси. У-бу нарса олиб келайми? Еб оласизми?
– Отлар яқинлашиб қолди. Ҳеч нарса емайман. Ҳовлидаги пишиб ётган қулупнайларни кўряпсанми? Бироздан сўнг шулардан ейман. Дарахтдаги ранго-ранг қушларничи? Уларни ҳам кўряпсанми? Гўзаллигини қара, – деди ота ҳайратланиб.
Сора хола:
– Қизиқмисиз додаси... Шу совуқда, қорда қулупнай нима қилади?, – деди деразадан анграйганча.
Ота овозини пасайтириб, оҳиста деди:
– Онаси! Учар отлар келди. Қара, эшикдан кириб келишмоқда. Уларни чиройли кутиб ол, отлиқларга салом бер. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Хонанинг эшик ва деразалари бир силкинди. Отанинг пешонасидан дона-дона тер томчилари оқиб тушди. Ҳаммаёқни мушк иси тутиб кетган эди.
Сора хола довдираганча ким келди, кимга салом бериш кераклигини тушунмай ҳайрон қолган эди.
– Додаси... Ҳай додаси... Ким келди? Кимга салом берай? Нега мени қўрқитасиз? Додаси нега индамайсиз, – деб отанинг бошига келди.
Шарофиддин отадан садо чиқмади. Чунки ота оқ отларда жаннат томон сафарга чиққан эди.
Ҳикояни тугатар эканман, ўзимни йиғидан тута олмадим. Қандай ҳам шарафли, қандай ҳам покиза инсонлар бор-а?!
"Роббим! Менга ҳам шундай гўзал якун бер", деб йиғлаб дуо қилдим. Бизлар ҳам оқ отларда учайлик, бизлар ҳам Роббимнинг марҳаматига мушарраф бўлайлик. Қандай яшасак ҳам, барибир ўламиз. Ўлим биз билан ёнма-ёндир. Жонимиз чиқмасидан аввал қўлимиздан келганча яхши амаллар қилиб қолайлик. Буюк Зот ҳузурига ёруғ юз билан борайлик! Унутманг бу дунё ўткинчидир!
Зулфия Маҳмуд
Манба:  Азон.Уз