1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

САЖДАДА ДУО ҚИЛИШ МУМКИНМИ?

7-01-2021, 17:01 1 612 Ўқиш режими + -
САВОЛ:


Саждада дуолар қилиш мумкинми? Қайси намозларда мумкин?
ЖАВОБ:
Дарҳақиқат, сажда ҳолатида қилинган дуо ижобатга яқинлиги ҳақида ҳадиси шариф ва уламоларимизнинг сўзлари кўп. Чунки, киши саждада турганида Аллоҳга энг яқин ҳолатда бўлади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

أقربُ مَا يَكونُ العبْدُ مِن ربِّهِ وَهَو ساجدٌ، فَأَكثِرُوا الدُّعاءَ (رواهُ الإمام مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه(

яъни: “Банда Раббисига энг яқин бўладиган ҳолати сажда қилган вақтидир. Шундай экан, (бу пайтда) дуони кўпайтиринглар” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, банда Аллоҳ таолога энг яқин ҳолатда туриб дуо қилса, дуоси ҳам ижобатга яқин бўлади.
Ҳанафий мазҳабимизда фарз ва вожиб намозларининг саждасида суннат бўлган тасбеҳларга ҳеч нарсани зиёда қилинмайди. Фақат “Субҳаана Роббиял аълаа” дейилади холос. Бу ҳақда Имом Шурунбулолий шундай дейдилар:

وَلاَ يَأْتِي فِي الرُّكُوعِ أَوِ السُّجُودِ بِغَيْرِ التَّسْبِيْحِ وَقَالَ الشَّافِعِيُّ يَزِيْدُ فِي الرُّكُوعِ اَللَّهُمَّ لَكَ رَكَعْتُ وَلَكَ خَشَعْتُ وَلَكَ أَسْلَمْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ. وَفِي السُّجُودِ سَجَدَ وَجْهِي لِلَّذِيْ خَلَقَهُ وَصَوَّرَهُ وَشَقَّ سَمْعَهُ وَبَصَرَهُ فَتَبَارَكَ اللهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِيْنَ. كَمَا رُوِيَ عَنْ عَلِيٍّ قُلْنَا هُوَ مَحْمُولٌ عَلَى حَالَةِ التَّهَجُّدِ

яъни: “Руку ёки саждада тасбеҳдан бошқа нарсани айтмайди. Имом Шофеъий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилингани каби рукуда:

اَللَّهُمَّ لَكَ رَكَعْتُ وَلَكَ خَشَعْتُ وَلَكَ أَسْلَمْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ.

“Эй, Аллоҳ сен учун руку қилдим, сенга хушу қилдим, сенга бўйсундим, сенга таваккал қилдим”, саждада эса:

سَجَدَ وَجْهِي لِلَّذِي خَلَقَهُ وَصَوَّرَهُ وَشَقَّ سَمْعَهُ وَبَصَرَهُ فَتَبَارَكَ اللهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ

“Юзим уни яратган, сурат берган, қулоқ ва кўзини очган зотга  сажда қилди. Гўзал яратувчи Аллоҳ муборак бўлди”, деб айтади, дейдилар. Биз (яъни, Ҳанафийлар): “Бу (дуолар) таҳажжуд намозига хосдир”, – деймиз” (“Мароқул-фалаҳ” китоби).
Демак, юқорида келган ва Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда зикр қилинган дуоларни таҳажжуд намозида, шу жумладан нафл намозларда ҳам қилиш мумкин.
 Аммо одамлардан сўраладиган нарсани нафақат фарз ва вожиб намозларининг саждасида, балки нафл намозларининг саждасида ҳам сўраш жоиз эмас. Масалан, “Аллоҳумма аъти молан” яъни “Эй, Аллоҳ! Менга мол бер” ёки “Аллоҳумма аъти саманан” яъни “Эй, Аллоҳ! Менга пул бер” каби дуолар. Агар сўралса намоз бузилади.
Шуни ҳам билиш керакки, руку ёки саждада Қуръон қироат қилиш мумкин эмас. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

{أَلَا وَإِنِّي نُهِيتُ أَنْ أَقْرَأَ اَلْقُرْآنَ رَاكِعًا أَوْ سَاجِدًا فَأَمَّا اَلرُّكُوعُ فَعَظِّمُوا فِيهِ اَلرَّبَّ وَأَمَّا اَلسُّجُودُ فَاجْتَهِدُوا فِي اَلدُّعَاءِ فَقَمِنٌ أَنْ يُسْتَجَابَ لَكُمْ} )رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ عن ابن عباس رضي الله عنه)

яъни: “ “Огоҳ бўлингки, мен руку ёки сажда ҳолида қироат қилишдан қайтарилдим. Рукуда Раббни улуғланглар, саждада дуога ҳаракат қилинглар. Мана шунда ижобатга лойиқ бўласизлар” (Имом Муслим ривоятлари).
Уламоларимиз бу ҳадисдаги саждада дуога жидду жаҳд қилишни ҳам нафл намозларга хос, дейдилар.
Жумладан, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саждада мана бу дуони қилардилар:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لي ذَنْبِي كُلَّهُ: دِقَّهُ وَجِلَّهُ، وَأَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، وَعَلاَنِيَتَهُ وَسِرَّهُ. (رواه الامام مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه(

яъни: “Эй, Аллоҳ! Менинг ҳамма гуноҳларимни кечир, кичигини ҳам, каттасини ҳам, аввалгисини ҳам, охиргисини ҳам, очиғини ҳам, махфийсини ҳам кечир” (Имом Муслим ривоятлари). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
фатво ҳайъати.