1442 йил 12 Жумодус соний | 2021 йил 25 январь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:31
Sunrise
07:49
Dhuhr
12:49
Asr
16:10
Maghrib
17:50
Isha
19:08


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

"МУСУЛМОН БИЛАН КОФИРНИ АЖРАТИБ ТУРУВЧИ АМАЛ НАМОЗДИР" ҲАДИСИНИ ҚАНДАЙ ТУШУНИЛАДИ?

12-01-2021, 16:51 25 Ўқиш режими + -
Савол: 

     “Мусулмон билан кофирни ажратиб турувчи амал намоздир”, ҳадисини ким ривоят қилган? Бу ҳадисни қандай тушуниш мумкин? Шу ҳадисни батафсил тушунтириб берсангиз.
Жавоб: Сиз саволда зикр қилиб ўтган ҳадисни Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳ”ларида ривоят қилганлар.
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, киши билан ширк ва куфр орасини намозни тарк қилиш ажратиб туради”, деганлар.
Уламоларимиз мазкур ҳадиси шарифни шарҳлаб айтадиларки, намозни тарк қилувчилар икки тоифа бўлади: намознинг фарзлигини инкор қилиб тарк қилувчилар ва бепарволик, дангасалик қилиб намоз ўқимай юрувчилар.
Биринчи тоифа кишилар билиттифоқ диндан чиққан ҳисобланади.
Иккинчи тоифа кишилар борасида эса жумҳур уламолар, хусусан, Имом Абу Ҳанифа ва шогирдлари ҳамда Имом Молик, Суфён Саврий, Имом Музаний ва куфалик уламолар бу тоифа кишилар кофир бўлмайди, аммо гуноҳи кабира қилган бўлишади, деганлар. Валлоҳу аълам.

Савол: Вафот этган киши барча мол­мулкини ука­сингилларига васият қилиб кетган. Лекин унинг хотини ва икки қизи ҳам бор. Шунда шариатга мувофиқ вафот этган кишининг мол­мулки қандай тақсимланади?
Жавоб: Муқаддас динимизда мерос ҳалол-ҳаром масаласи бўлгани учун алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, агар марҳумнинг ортида хотини, икки қизи ва опа-укалари қолган бўлса, мерос қуйидагича тақсимланади: умумий мероснинг 1/8 қисми хотинга, 2/3 қисми қизларга, қолган қисми эса опа-укаларга, эркакларга икки, аёлларга бир ҳисса миқдорида тегади.
Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозимки, шариатимизда меросхўрларга васият қилинмайди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай дейдилар: “Албатта, Аллоҳ (мерос масаласида) ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берди ва меросхўрларга васият қилиш йўқ”. Чунки меросхўрларнинг васиятсиз ҳам меросда ўз улушлари мавжуд.
Демак, юқоридаги ҳолатда васият қилинган шахслар, меросхўрлардан бўлгани учун васият бекор бўлади ва улар, яъни ука-сингиллар меросдаги ўзларининг улушларини олишади, холос. Валлоҳу аълам.
Савол: Ҳозирги кунда кўпчилик автомат кир ювиш машиналаридан фойдаланади. Унга пок ва нопок кийимлар аралаш солинади. Шундай ювилган кийимлар пок бўладими?
Жавоб: Нопок кийимлар замонавий автоматик кир ювиш машиналарида ювилса, шубҳасиз, пок бўлади ва улар билан турли ибодатларни бажариш мумкин.
Уламоларимиз нажосатларни иккига – кўринадиган ва кўринмайдиганга ажратадилар. Кўринадиган нажосатларни поклаш тўғрисида “Фатавои ҳиндийя”да шундай дейилади: “Агар кўринадиган нажосат бўлса, уни поклаш – айни ўзини кетказиш, агар изи (ранги, ҳиди) йўқоладиган нарса бўлса, изини йўқотиш билан бўлади. Бу ишда ювиш сонининг эътибори йўқ (“Муҳит”).
Бир марта ювганда нажосатнинг айни (яъни, ўзи) кетса, шу билан кифояланади. Агар уч мартада ҳам кетмаса, токи нажосатнинг айни кетгунча ювилади” (“Сирожия”).
Асмо розийаллоҳу анҳо айт дилар: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Бирортамиз кийимида ҳайз кўрса (яъни, кийи мига нажосат тегса), қандай қилади?” деди. У зот алайҳиссалом: “Уни (яъни, айни нажосатни) кеткизасиз, ке йин сув билан ишқалаб ювасиз. Сўнгра у кийимда намоз ўқийверасиз”, деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий ривояти).
Асари (яъни, ҳиди ёки ранги) кўринмайдиган нажосатдан поклаш – уни уч маротаба ювиш ва агар имкони бўлса, уч маротаба сиқиш билан бўлади (“Мухтасарул виқоя”).
“Аслида кийимни нажосатдан поклаш (ювиш) “Энди кийим тоза бўлди”, деган хаёлга келгунча давом этади. Чунки мана шундай ғолиб гумон шаръий масалаларда (хусусан, аниқ билиш узрли бўлган ҳолатларда) далилдир. Лекин васвасадан қутулиш учун ювишнинг сонини уч ёки етти марта, деб белгилаб қўйилади” (“Ихтиёр”).
Демак, кўринмайдиган нажосатларда сиқиш имкони бўлган ашёларни поклаш учун уларни уч маротаба ювиш ва ҳар ювганда сиқиб, имкон қадар сувини чиқариб юбориш лозим бўлади.
Замонавий кир ювиш машиналарида ювилган нарсаларни ҳукми ҳақида Мисрнинг “Дарул-ифто” фатво ҳайъати қуйидагича хулоса қилади: “…Кийимларни автоматик кир ювиш машиналарида поклаш – бошқа ювиш усулларидан кўра анча мукаммалдир. Чунки аввал бошда бир неча марта ювиш билан нажосатнинг айни – таъми, ранги ва ҳиди йўқолади. Кейинги (тўртинчи ва бешинчи) ювишлар билан нажаслик ҳукми ҳам кетади. Кийимларни автоматик машиналарда поклаш – уларни нажосатдан мукаммал тозалашдир”.
Демак, автомат кир машиналарга солинган нопок кийимларга дастлаб совунли сув қуйилганда (тахминан уч марта) нажосат тарқалади, лекин шу билан бирга ундаги айни нажосатлар кетади. Тўртинчи ва бешинчи марта тоза сув билан ювилганда эса нажосат ҳукми бутунлай кетади. Бунинг устига ҳар гал сув қуйиб ювилганда кийимдаги сув буткул чиқариб юборилади ва бу сиқишнинг ўрнига ўтади.
Автомат кир ювиш машинаси ичидаги кийимлар солинадиган чамбарак (барабан)нинг ўзи қандай пок бўлади, дейилса, унга “Фатавои ҳиндийя” китобида келтирилган жумла билан жавоб берилади: “Нажосат кийим учта кир ювиш тоғорасида (бир мартадан) ёки битта тоғорада уч марта ювилса ва ҳар сафар сиқиб олинса, пок бўлади. Чунки шу тарзда ювиш одат тусига кирган. Агар шунда ҳам кийим покланди, деб ҳисобланмаса, одамларга машаққат бўлади”.
Хулоса ўрнида, ҳозирги кунда оммалашиб улгурган автоматик кир ювиш машиналарида ювилган кийим ва матоларни нажосатдан тўлиқ пок ланган дейишимиз мумкин.
Шуни эслатиб ўтиш керакки, юқорида айтилган ҳукмлар фақат тўлиқ автомат кир ювиш машиналарига тегишли, ярим автомат ёки оддий кир ювиш машиналарига тегишли эмас. Валлоҳу аълам.
Савол: Мен ҳанафий мазҳабида балиқдан бошқа денгиз маҳсулотлари ҳалол эмас, деган жавобни ўқидим. Лекин супермаркетдаги кўплаб денгиз маҳсулотлари (қисқичбақа, креветка кабилар)га ҳалол деган лицензия берилган. Шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз?
Жавоб: Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида денгиз ҳайвонларидан фақат балиқни ейиш ҳалол ҳисобланади. Қисқичбақасимон ҳайвонларни ейиш ҳалол эмас. Айнан креветкани баъзи ҳанафий мазҳабидаги халқлар (масалан, мисрликлар) балиқ, деб ҳисоблашгани учун уни ейишни ҳам ҳалол санашган. Лекин бизнинг урфимизда уни ҳеч ким балиқ демаган ва шу сабабли уламоларимиз ҳам уни ейиш дуруст эмас, дейишган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан
Манба" Ҳидоят.Уз