1442 йил 16 Ражаб | 2021 йил 27 февраль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:59
Sunrise
07:12
Dhuhr
12:50
Asr
16:45
Maghrib
18:27
Isha
19:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

КИННАЧИЛИКНИ БЎЙНИМГА ОЛИШИМ ТЎҒРИМИ?

15-01-2021, 15:26 336 Ўқиш режими + -


САВОЛ:
Ассалому алайкум! Бувим раҳматлик одамларни қамчи билан нон билан даволар еди. Бир табиб мулла менга табиблик сенга конибди камчини сен олишинг керак, деяпти. Яқинларим олмасанг ҳаётинг қийинлашади, демоқда. Айтингчи, бу қанчалик тўғри ёки нотўғри?
2020.04.21
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Афсуски бундай ҳолатлар тез-тез эшитилиб туради. Сиз айтган ҳолатларда жинлардан фойдаланиб, одамларни гўёки даволаш назарда тутилади. Фалончи фалон ишни бўйнингга олишинг керак. Олмасанг у бўлади, бу бўлади. Касал бўласан, қийналасан, деган сафсаталар билан қўрқитадиганлар бор. Кимдир қамчи билан, кимдир нон билан, яна кимдир боболари ва момолари билан даволашни даъво қилади. Умуман олганда буларнинг барчаси жинкашлик ҳисобланади. Яъни бу турдаги “дам солувчилар” жинлардан ёрдам оладилар. Жинлардан ёрдам олиш учун эса олдин уларга итоат қилиш талаб қилинади. Яъни жинлар “дамчи”ларга ёрдам беришлари учун улар жинларга бўйинсунишлари керак бўлади. Жинларга бўйин суниш деганда уларни улуғлаш, уларнинг номига жонлиқ сўйиш, ҳатто куфр сўзлари ёки амалларини қилиш тушунилади. Бу ҳақда замонамиз олимларидан жинлар соҳасида етук олим Ваҳид ибн Абдуссалом ўзларининг “Ас-Соримул-баттор” китобларида батафсил айтган. Унда айтилишича баъзи “дам солувчилар” жинлардан ёрдам олиш учун Аллоҳга исён қилишлари, жинларни эса улуғлашлари талаб этилади.
Бу ўринда биринчи навбатда инсон ақидасини ўнглаш керак. Озгина қийинчиликдан (касаллик)дан қўрқиб жинларга итоат қилишни бўйнига олиб кетавермаслик керак. Бунга фақатгина ақидаси заиф инсонларгина рози бўладилар. Яхшилик ва ёмонлик, фойда ва зарар фақат Аллоҳдан эканига иймони заифларгина бунга кўнади. Нафақат жинлар балки бирор мавжудот Аллоҳнинг изнисиз зарар еткамайди. Аммо эътиқоди заифлар, Аллоҳ таолога ихлос билан бандалик қилмайдиганларга жин-шайтонларнинг ҳукмронлик қилиши Қуръони каримда айтилган. Аллоҳ таоло “Ҳижр” сурасида шундай марҳамат қилади:

قَالَ رَبِّ فَأَنظِرْنِي إِلَىٰ يَوْمِ يُبْعَثُونَ (36) قَالَ فَإِنَّكَ مِنَ الْمُنظَرِينَ(37) إِلَىٰ يَوْمِ الْوَقْتِ الْمَعْلُومِ (38) قَالَ رَبِّ بِمَا أَغْوَيْتَنِي لَأُزَيِّنَنَّ لَهُمْ فِي الْأَرْضِ وَلَأُغْوِيَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ(39) إِلَّا عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَصِينَ (40) قَالَ هَٰذَا صِرَاطٌ عَلَيَّ مُسْتَقِيمٌ (41) إِنَّ عِبَادِي لَيْسَ لَكَ عَلَيْهِمْ سُلْطَانٌ إِلَّا مَنِ اتَّبَعَكَ مِنَ الْغَاوِينَ (42)وَإِنَّ جَهَنَّمَ لَمَوْعِدُهُمْ أَجْمَعِينَ   

яъни: “(Иблис) деди: «Эй, Раббим! У ҳолда менга (улар) қайта тириладиган кунгача (қиёматгача) муҳлат бергин! (Аллоҳ) деди: «Бас, сен муҳлат берилганлардансан. Маълум вақт (қиёмат) кунигача. (Иблис) айтди: «Эй, Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Илло уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир). (Аллоҳ) деди: «Менинг зиммамдаги тўғри йўл шуки, Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)». Уларнинг (кофир ва гумроҳларнинг) барчаси учун ваъда қилинган жой жаҳаннамдир” (Ҳижр сураси 36-43 оятлар).
Шунинг учун уламолар жинлардан ёрдам олишни шаръан ҳаром деб ҳисоблаганлар. Биринчидан бу бизларга нисбатан ғайб ҳисобланган нарса билан шуғулланишдир. Ундан ташқари қуйидаги оятлар ҳам жинлардан ва улардан ёрдам олишдан, уларнинг хатарларидан огоҳлантиради:

هَلْ أُنَبِّئُكُمْ عَلَى مَنْ تَنَزَّلُ الشَّيَاطِينُ تَنَزَّلُ عَلَى كُلِّ أَفَّاكٍ أَثِيمٍ (الشعراء221،222).

яъни: “(Эй, Муҳаммад! Айтинг): «Мен сизларга шайтонлар (жинлар) кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча бўҳтончи, гуноҳга ботган (фолчи-ромчи, коҳин)ларга тушурлар” (Шуаро сураси 221-222 оятлар)

وَيَوْمَ يَحْشُرُهُمْ جَمِيعاً يَا مَعْشَرَ الْجِنِّ قَدِ اسْتَكْثَرْتُمْ مِنَ الأِنْسِ وَقَالَ أَوْلِيَاؤُهُمْ مِنَ الإِنْسِ رَبَّنَا اسْتَمْتَعَ بَعْضُنَا بِبَعْضٍ...{الأنعام:128}،

яъни: “Уларнинг ҳаммасини жам этадиган Кунда (айтамиз): «Эй, жинлар тўдаси! Инсонлардан (сиз чалғитганлар сонини) кўпайтирдингизку?» (Шунда) уларнинг инсонлардан бўлган дўстлари (дейдилар): «Эй, Раббимиз! (Биз шунчаки) бир-биримиздан фойдаландик...” (Анъом сураси 128-оят)

وَأَنَّهُ كَانَ رِجَالٌ مِنَ الإِنْسِ يَعُوذُونَ بِرِجَالٍ مِنَ الْجِنِّ فَزَادُوهُمْ رَهَقا ً (الجن:6)

яъни: “Инсонлардан бўлмиш (айрим) кишилар жинлардан бўлмиш кимсалардан паноҳ тилашар, уларга эса янада ҳаддан ошишни зиёда қилур эдилар” (Жин сураси 6-оят).
Уламолар мазкур оятлар ва бир қанча ҳадислардан келиб чиқиб, жинлардан ёрдам олиб дам солувчиларнинг оқибати ёмон бўлиши, дунё ва охирати хатарда эканини таъкидлайдилар. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.