1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЭНГ ЯХШИ ДЎСТ

16-01-2021, 10:01 1 839 Ўқиш режими + -

Энг яхши дўст

Китоб ўқиш инсон учун муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Илм излаш, китоб, газета ва журналларни мутолаа қилиш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, ўзига хос лаззат бағишлайди. Ўзгалар олдида соҳибининг илмий, маданий ва ахлоқий савиясини юқорига кўтариб қўяди. Зеро, кўп ўқиган, билимдон инсоннинг умуман ўқимаган ёки кам ўқийдиганлардан ҳар соҳада имконият доираси кенгроқ бўлади.
Китоб ўқишнинг фойдаси мўл, баракаси беҳисобдир. Аввало ўқиш ва мутолаа турли-туман маданиятлар ва билимларни ўрганиш учун инсонга асосий кўприк бўлиб хизмат қилади. Ўқиш тилни тўғрилаш, оғзаки нутқни ривожлантириш, сўз бойлигини орттириш учун асосий манбадир. Киши канчалик кўп мутолаа қилса, шунчалик равон ва бехато сўзлайдиган, адабий гапирадиган бўлиб боради. Дунёқараши, маданий савияси шаклланади. 
Ўқишнинг фойдаларидан яна бири шуки, у вақтдан унумли фойдаланиш воситасидир. Маълумки, инсон қиёмат кунида бекор ўтказган вақтидан, умридан сўралади. Фойдали нарсаларни ўқиб-ўрганиш эса вақтни баракали қилади.
Китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман ёмон фикрлар, васвасаларни киши онгидан қувиб юборади.
Китоб ўқиш инсонни дадиллаштиради. Китоб ўқиган инсоннинг ўзига ишончи каттароқ бўлади. Чунки китобдан олган илмлари унга мадад беради. Атрофингиздаги оламларда эса сиз ҳақингзда яхши тасаввур уйғонади. бу эса сизни янада журъатли қилади.  Китоб ўқиш стрессларни камайтиради.  Стресслар бугунги одамларнинг энг асосий муаммосига айланган. Китоб текстининг бойлиги ва ритми инсон рухиятини тинчлантирувчи ва стрессларни бартараф этувчи, чалғитувчи  хусусиятга эга. Айниқса уйқудан олдин китоб ўқиганлар буни яхши билишади. 
Кўп китоб ўқиган, илмга чанқоқ бўлган кишининг тафаккур доираси ҳам бошқаларникидан ажралиб туради. У оламни, ҳаёт ҳақиқатини, яхши-ёмонни терангроқ англайди. Нима учун дунёга келгану, нима билан ўзининг қадрли бўлган умрини ўтказмоқда, қайси амали фойдали ва қайси иши нотўғри экани борасида мушоҳада этади. Китобхон бўлган одам нафақат ўзи, балки оила аъзолари, фарзандлари ва атрофдагиларни ҳам китобнинг сирли олами томон чорлайди. Секин – аста эса жамиятда китоб ўқишга бўлган истак ортиб бораверади.
Ўқишнинг тарбиявий аҳамиятлари ҳам бисёр. Болаларни ёшлик чоғларидан китобга муҳаббатли қилиб ўстириш ўта фойдалидир. Зеро, китоб эзгуликдан, олийжанобликдан, мардликдан ҳикоя қилади. Маънавиятни оширади. Тубанлик, номардлик, разолат ва хиёнатнинг қабиҳ юзини очиб беради, бундай ёмон хулқларга қарши қалбда нафрат уйғотади. Шу боис ёшларимизни китобга меҳрли қилиб ўстириш маънавий ва тарбиявий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга моликдир.
Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Илмли зиёлилар уёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний, илмий ва назмий китобларни ўқиб беришган. Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий хазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган. Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш хар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. 
Атиги 6 дақиқа китоб мутолаа қилишлик асабни тинчлантиради.Айнан китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонининг ошишига ёрдам бериши тўғрисида олимларнинг қарашлари бор. Қолаверса кўп китоб ўқиш инсонларни яқиндан тушуниб, қалб кечинмаларини англашга, ҳар қандай мавзуда қизиқарли суҳбат олиб бориш имконини беради.
Бекон китобга шундай таъриф берган: “Китоблар замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемаларидир”. Дидро айтганидек: “Одамлар ўқишдан тўхташлари билан фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”.
Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,      Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.
У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,         Жонингга юз роҳат беради такрор.
Абдурахмон Жомий 
Ҳаётда шундай дўст борки, у Амир Темур таъбири билан айтганда: “Барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. Ана шу садоқатли, ишончли ҳамроҳ – Китобдир.
Юртимизда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар бежизга эмас, бинобарин, келажак авлоднинг камолоти илм олиш, билимли бўлиш билан белгиланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 январь куни “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган” фармойиш эълон қилди. Бу эса ўз навбатида, юртимизда китобхонлик савияси ошишига, янгидан-янги сермазмун китоблар чоп этилишига омил бўлувчи муҳим одимдир. Ана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, янгидан-янги нашрдан чиқаётган сермазмун асарларни ўқиб бориш ёшларнинг онги ўсиши, тафаккури теранлашиб, ўзининг мустақил фикрига эга бўлишига имкон беради.
Ҳаётимиз китоб билан сермазмун ўтади, яхши китоб бизга тўғри йўл кўрсатади. Мутолаа бизни нафақат илмли қилади, балки биз ҳеч қачон ҳис этмаган завқни ҳам бахш этади ва албатта ажру савобларга ноил этади.
Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳ) айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. 
Шу ўринда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китоб ўқишдаги тажриба ва тавсияларидан ҳам эслаб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. У киши китоб ўқиш учун кундалик дафтар тутишни тавсия қилар эдилар. Бунда, ҳар бир китобни бошлашда ўша кунни дафтарга қайдлаб қўйилади. Китобда тушуна олмаган жумлалар учун ҳам дафтарга ишора қўйиб борилади. Бирор сўз ёки жумланини тушуна олмасангиз, вақт кетказмаслик керак, вақти-соати келиб, бирор жойдан ўша сўз ё жумланинг содда ифодаланган шакли чиқиб қолади. Ана шунда сизни қийнаб турган жумбоқ ўз-ўзидан ечилади. Кейин китобни тугатган сана белгиланади. Шунда қанча ва қайси китобларни ўқиганингиз кўз ўнгингизда бўлади. Бу ҳолат сизга янада шижоат беради.
Китобхонликни заруратга айлантириш керак. Агар фарзандларимизда китоб ўқишга ҳавас бўлмаса, унинг китоб ўқишга бўлган эътиборини ўзгартириш мушкул бўлиб қолади. Уларни ўқишга мажбурлаш эмас, балки китоб ўқишга ҳавас уйғотиш лозим.   Китоб – инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. 
Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб – тафаккурнинг толмас қанотларидир. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб – инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Биз шунга эришишимиз керакки фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совға бўлсин. Шундагина фардандларимиз биз орзу қилгандай, маънавий етук, теран фикрлай оладиган, катта ва кичикка меҳрибон, Ватанига содиқ, инсофли, диёнатли ва олийжаноб инсонлар бўлиб камол топадилар.
 

 Н. Садатова
                     ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги 
вакиллиги ҳуқуқшуноси.