1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИС САЛОМНИ ТУШДА КЎРМОҚЛИК

17-01-2021, 17:44 735 Ўқиш режими + -
Пайғамбар алайҳиссаломни тушда кўрмоқлик ҳақида
Тушда бир нарсани кўрмоқ уч турли бўлади. Биринчи, яхши туш, яъни, муборак хоб – бу Аллоҳ таоло тарафидан бир башорат бўлади. Иккинчи, одам қўрқадиган ташвишли туш – бу шайтон тарафидан бўлади. Мусулмонга озор бермоқ учун кўрсатилади. Учинчи – инсоннинг ўз хаёллари ва васвасалари тушда кўрилади.
Бир мусулмон агар Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу васалламни тушида кўрса, ҳақиқатда Жанобнинг ўзларини кўрган бўлади. Шайтонда Жанобнинг суратларига ўтиб туриб кўриниш қудрати йўқдир.
321. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Кимки тушида мени кўрса, у одам ҳақиқатда мени кўрган бўлади, чунки шайтон менинг суратимга ўтиб кўрина олмас.
322. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Ҳар ким мени тушида кўрса, у албатта, менинг ўзимни кўрган бўлади. Чунки шайтон менинг суратимда кўринмайди ва менга ўхшай олмайди.
И з о ҳ. Аллоҳ таоло пайғамбаримизнинг ҳаётларида ўзларини қандай шайтоннинг таъсирларидан саломат сақлаган бўлса, вафотларидан кейин ҳам суратларини унинг касридан маҳфуз сақлагандир.
323. Язид Форсий розияллоҳу анҳу мусҳаф ёзар эдилар. Бир кеча тушларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо у замонда тирик эдилар. Тушларини у зотга баён қилдилар. Ибн Аббос дедилар: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дегандиларки, шайтон ўзини менга ўхшатиб кўрина олмас. Кимки мени тушида кўрса, у ҳақиқатда мени кўрибди. Кейин ибн Аббос Язид Форсийга дедилар: Сен ўша тушда кўрган одамингнинг шаклларини баён қила оласанми? Язид Форсий деди: Ҳа. Баён қила оламан: у зот қоматда ҳам жисмда ҳам мўътадил бир зот эдилар. (Яъни, на узун ва на қисқа, на семиз ва на ориқ, ўрта бир ҳолда эдилар). Муборак ранглари оққа мойил, буғдойранг эди. Кўзлари сурма қўйилган, оғизлари кулиб турган, юзларининг мудаввирлиги ярашган, соқоллари қалин, юзларини ихота этган ва сийналарини ёпган эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Агар сен у Жанобни уйғоқлигингда кўрган бўлсанг ҳам, бундан зиёда равшан, таъриф қила олмас эдинг. (Яъни, тамоми ўз шаклларини мукаммал баён этдинг). Албатта, Жанобнинг ўзларини кўрибсан.
324. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Ҳар ким мени тушида кўрган бўлса, албатта, менинг ўзимни кўргандир. Чунки, шайтон менинг суратимда кўрина олмас, ва мўмин банданинг туши нубувватнинг қирқ олтидан бири бўлади.

"Шамойили Муҳаммадий" китобидан
Манба: Азон.Уз