1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМДА АЁЛЛАРНИНГ ЛАБ ШИШИРИШЛАРИНИНГ ҲУКМИ ҚАНАҚА?

22-01-2021, 10:44 3 242 Ўқиш режими + -


САВОЛ:
Аёллар лаб шиширишларининг ҳукми нима?
ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ботокс - сунъий лаб шишириш шаръий тарафдан мутлақо мумкин эмас. Азалдан аёллар пардоз қилишга мойил бўлганлар. Аввалги аёлларнинг қилган пардозлари табиий воситалардан бўлган. Айниқса табиий мойлар, гул ва ифор ёғлари, сурма, хина ва ўсмадан пардоз учун фойдаланиб келишган. Шунинг учун ҳам улар ҳатто 70-80 ёшларида ҳам ўз гўзалликларини йўқотишмаган. Аммо кейинги вақтларда нафақат ёшлар, балки катта ёшдаги аёлларда ҳам сунъий пардозга берилиш ҳоллари урф бўлиб бормоқда.
Шариатимизда аёлларнинг қош ва юздаги тукларни териши ёки тердириши, сунъий тарзда ҳуснини ўзгартириши гуноҳ саналади. Кўплаб ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам танасига сурат чиздирувчи, қош терувчи, қош тердирувчи, Аллоҳ яратган ҳуснни ўзгартириб, сунъий гўзалликка ҳаракат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар.  
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لَعَنَ اللهُ الْوَاشِمَاتِ وَالْمُسْتَوْشِمَاتِ ، وَالنَّامِصَاتِ وَالمُتَنَمِّصَاتِ ، وَالمُتَفَلِّجَاتِ لِلْحُسْنِ المُغَيِّرَاتِ خَلْقَ اللهِ

яъни: “Баданга игна билан сурат чизувчи ва чиздирувчи аёлларга, қошни терувчи ва тердирувчи аёлларга, ҳусн учун тишларининг орасини очувчи аёлларга ва Аллоҳ яратган (шакл)ларини ўзгартирувчиларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин” (Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаий ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳ таоло яратган табиий хилқатни ўзгартирувчи аёлларга лаънат бўлиши таъкидланмоқда. Фуқаҳолар мазкур ҳадисга кўра аёл киши қоши, юзи ва пешонасидаги тукларни олиши ёки олдириши шаръан ҳаром эканига иттифоқ қилганлар. Бунга ҳозирда аёллар орасида кенг оммалашган кўз, қош  ва лабларни шаклини сунъий тарзда ўзгартириш – татуаж, растушовка ва ботокс қилдириш кабилар ҳам киради.
Аёллар орасида бир марта қош тердирган аёл кейин доим тердириб юриш керак, чунки кейин чиққан тук – ҳаром тук бўлади, деган нотўғри тушунча юради. Динимизда қатъиян қайтарилган ишни қилиб юрганини билган муслима опа-сингилларимиз, дарҳол бу ишдан тўхтаб, тавба қилиб, солиҳ амалларга ўтишлари лозим.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, оилали аёл эрининг рухсати билан юзидаги айбли ҳисобланган тукларини олиши жоиз. Айниқса, аёлнинг юзидан соқол ёки мўйлаб чиқса, жумҳур уламолар ўша тукларни олиб ташлаш мустаҳабдир, деганлар. Сабаби аёлнинг эри учун зийнатланиши шариат талабидир (манба “Раддул мухтор” китоби).
Шунингдек, жумҳур уламолар аёл кишининг қўли, оёғи, қорни ва баданининг бошқа жойларидаги тукларни олиши мумкинлигини айтишган. Моликий мазҳаби фуқаҳолари эса бу ишни вожиб, дейишган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
фатво ҳайъати.