ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФДАН ЎТА ИБРАТЛИ ҲИКОЯ(биринчи қисм)
3932
22-01-2021, 18:53
721
Ўқиш режими
+
-
ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФДАН ЎТА ИБРАТЛИ ҲИКОЯ (биринчи қисм)
Айтиб берган кишисининг йиғиси билан қўшилиб, катта таассурот қолдирган ҳикояни севикли қизим Оминахон айтиб берди.Нонушта пайти эди. Оиламиздаги одатга кўра, ўзаро ҳазил-мутойиба ва фикр алмашув ила гаплашиб, нонушта қилар эдик.Оминахон «Кечаси интернетда Абу Муслим ака қўйган бир ҳикояни ўқиб, роса йиғладим», деб қолди. «Нима ҳикоя экан?» деб сўрадик, ундан. Оминахон кечаси интернетда ўқиб, йиғлаган ҳикоясини ўз услубида айта бошлади. Айтиб бераркан, ҳикоя охирлаган сари йиғиси ҳам кучайиб борди. Унга қўшилиб, биз ҳам йиғладик. Ҳаммамиз дуо қилиб, дастурхондан туриб кетдик.Кейинроқ Оминахондан бу ҳикояни интернетда қаердан топиш мумкинлигини сўрадим. Ўзим топа олмай, Абу Муслимга қўнғироқ қилдим. У киши кўчада экан. Топиб, юборишини ваъда қилди. Аммо эсидан чиқиб қолдими ёки бошқа сабаб бўлдими, юбормади. Яна Оминахонга айтдим. У ҳикоя матнини флеш-хотирага ёзиб келиб, менинг жиҳозимга қўйиб берди. «Ҳазратга» деб номланган файлни очиб, ўқий бошладим...«Қирқ йилдан буён саратон (рак) касалига йўлиққан беморларни даволайман. Бу вақт мобайнида турли ҳодисаларга дуч келдим. Шуларнинг ичидан 1976 йили содир бўлган бир воқеани ҳикоя қилиб бермоқчиман...Бош шифокор лавозимида ишлаган пайтимда Сароб исмли ёш беморим бўлиб, кўкрак саратонига чалинган эди. Уни шахсан ўзим даволар эдим. Аллоҳнинг изни билан қисқа муддат ичида унинг аҳволи яхшилана бошлади. Фақат у камида беш йилгача ўзини қаттиқ парваришда сақлаши керак эди. Тўрт йил ўтиб, Сароб Измирга бориб келишни истади. Қиш ойи бўлгани учун самолётда кетиш шарти билан рухсат бердим.Афсуски, у самолётга чипта ололмай, автобусда йўлга чиқибди. Бунинг устига, автоҳалокат туфайли олти соат совуқда қолиб кетибди. Касаллик тезда унинг суяк ва ўпкаларига тарқаб кетди. У метастаза (касалликнинг бошқа аъзоларга ёйилиши) сабабли умуман юра олмас, ўпкасига доимий кислород жиҳозлари қўлланар, шунинг учун гапириши ҳам осон эмас эди.Бир сафар уйига борганимда:«Доктор... Мен сиздан... жуда хафаман», – деди у.«Нима учун?» деб сўрадим.«Сиз... диндор одам... экансиз... Нега менга ҳам... Аллоҳни, ўлимни, охиратни тушунтирмадингиз?»Унинг диний илми оз эди. Буни билар эдим. Шунинг учун унинг бу саволидан бир оз шошиб қолдим.Саробнинг кўнглини олишга, хафа қилмасликка ҳаракат қилиб:«Докторларга боғланиш осон, пулини берасан-у, истаган муолажангни олаверасан. Аммо иймон муолажасини чин дилдан исташинг керак», – дедим.У «Истайман» деган маънода бош ирғади. Шундан сўнг умидсиз тиббий муолажанинг ёнига шифобахш иймон муолажаси қўшилди. У мен ўргатаётган иймон ҳақиқатларини бутун вужуди билан тинглар, ора-сира саволлар сўраб турар эди.«Доктор, – деди у вафотига бирор ҳафта қолганида. – Мен... ўлаётганимда нима дейишим... керак?»«Сенинг ҳолатинг ўзига хос. Сенга калимаи шаҳодатни айтиш узунлик қилади. У онни сезганингда «Аллоҳ, Муҳаммад», десанг кифоя», – дедим. У табассум билан бош силкиди.Оғриқ кучли бўлгани учун Саробга давомли равишда морфин қилар эдик. Орада сафарга кетиб қолиб, бир муддат уни кўра олмадим.Қайтиб келганимда онаси қўнғироқ қилиб:«Сароб бир ҳафтадан бери морфин қилдирмаяпти», – деди.Тезда унинг уйига бордим ва нима учун укол қилдирмаётганини сўрадим. Саробнинг жавобини ҳалигача унутолмайман. Эсласам, титраб кетаман. У шундай деди:”
Давоми бор...
Шайх Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад ЮсуфИнтернет саҳифаларидан олинди