Уялмай ёмон амалларни қилавериш бу инсонда ҳаё йўқлигига далолат қилади. Ҳаё бўлмас экан, иймон ҳам бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ айтганлар: «Иймон ва ҳаё улар бир-бирларига жуда яқин. Улардан бири кетса иккинчиси ҳам кетади” (Ҳоким ривояти).
Кишидан иймон кетган сари у тобора тубанликка юз тутиб, разиллиги ҳам ортиб, охири пасткашлик томон кетади.
Бу хақиқатни Расулуллоҳ қуйидагича таърифлаганлар: « Аллоҳ ҳалок қилмоқчи бўлган бандасидан аввало ҳаёни олиб қўяди. Ҳаё олиб қўйилган бандага дуч келсанг у доим дарғазабдир. Дарғазабга дуч келсанг унда омонатдорлик бўлмас. Омонатдорлиги йўқка дуч келсанг унда хиёнат бўлар. Хоинга дуч келсанг, унда меҳрибонлик бўлмас. Меҳрибонлиги йўқка дуч келсанг у малъундир. Малъунга дуч келсанг унинг Исломга боғлиқлиги бўлмас” (Ибн Можа ривоти).
Ҳа! Юзидан ҳаё пардасини олиб ташланган одам хоҳлаганини қилади. Ҳеч қандай маломатга парво қилмайди. Одамларга озор беради. Кучи етганларга эса туғён қилади. Бундай кимса бошқалар қалбида ўзига нисбатан меҳрибонлик эмас, балки нафратни қўзғайди.
Аллоҳга, барча инсонларга қарши чиққан ва беҳаёлиги билан гуноҳдан қайтмайдиган кимсани ким ҳам яхши кўрар?
Бундай беҳаёга ишониб бўладими, ўзи?!
Омонатдор бўлмаган беҳаё инсон ўз хоҳиши ортидан кетаётган вахший-йиртқич ҳайвонга ўхшайди. У ожиз одамларнинг мол-дунёларини шафқатсизларча талон-тарож қилади. Мазлумларни кўриб ҳузур қилади.
Ман-манлиги унинг кўзига парда қоплаб қўяди. У фақат ўз манфаатини кўради холос.
"Мусулмон хулқи" китобидан.