1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фотиха

20-01-2020, 15:57 4 462 Ўқиш режими + -

 

 

 

 

 

ФОТИҲА СУРАСИ

 

 

  

Маккада нозил бўлган, 7 оятдан иборат.

Бу суранинг бир неча номи бўлиб, шулардан бири «Фотиҳа», яьни, «очувчи» деганидир. Чунки Қурьони Карим ушбу сура ила очилади. Фотиҳа сураси жуда ҳам фазилатли сура бўлиб, бу ҳақда бир қанча ривоятлар келтирилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда: Убай ибн Каьб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида «Фотиҳа» сурасини ўқидилар, шунда ҳазрат: «Менинг жоним тасарруфида бўлган зот У зот билан қасам ичаманки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қурьонда) ҳам бунга ўхшаш туширилмаган»,-дедилар.

«Фотиҳа» сураси оятларининг тафсирига киришишдан олдин, Қурьони Каримга оид энг машҳур икки истилоҳ; оят ва сура сўзларининг луғавий ва истилоҳий маьнолари ила танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

«Оят» сўзининг бир неча луғавий маьноси бор:

1-«Мўьжиза». Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Бани Исроилдан сўрагин, Биз уларга қанча очиқ-ойдин оят-мўьжиза берган эканмиз», деган.

2-«Белги-аломат». Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта унинг мулкининг оят-белгиси, сизларга Роббингиздан ичида сакина бор тобут келишидир», деган.

3-«Ибрат». Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта, бунда оят-ибрат бордир», деган.

4-«Ажоиб иш». Аллоҳ таоло Мўминун сурасида: «Ва Биз Ибн Марямни ва унинг онасини оят-ажоиб иш қилдик», деган.

5-«Бурҳон, далил». Аллоҳ таоло Рум сурасида: «Осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингизу рангларингизнинг турли бўлиши, Унинг оят-далилларидандир», деган.

6-«Жамоат». Арабларда, қавм ояти-жамоаси билан чиқди, деган гап бор.

7-Қурьон ояти.

Уламолар истилоҳида эса, оят-Қурьон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили сўзлар тоифасидир.

Шу билан бирга Қурьони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луьавий маьноларни ўз ичига олган бўлади. Ҳа, Қурьони Каримнинг ҳар бир ояти; мўьжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар жамоаси ва Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.

Қурьони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жиброил алайҳиссалом билган. У кишидан Пайғамбар алайҳиссалом у зотдан эса, мусулмонлар ўрганганлар.

Қурьони Каримдаги энг қисқа оят «Ясин» бўлиб, икки ҳарфдан иборатдир.

Энг узун оят эса, Бақара сурасидаги «Қарз олди-берди» оятидир. Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш, маьноларни яхши тушуниб етишга ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.

Қурьони Каримда оят сўзи кўплаб такрорланган. Оят сўзи баьзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маьноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса, фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқни англаб етилгандагина маьно тўғри тушинилади.

«Сура» сўзи луғатда, қўрғон, манзил ва шараф маьноларини англатади.

Уламоларимиз истилоҳида эса, сура-Қурьон оятларининг бошланиш ва тугаши белгиланган мустақил тоифасидир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Қурьон оятларининг қўрғон ила ўралгандек бир тоифасига сура, дейилади.

Қурьони Каримдаги энг қисқа сура Кавсар сураси бўлиб, уч оятдан, энг узун сура Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборатдир.

АЬУУЗУ БИЛЛАҲИ МИНАШ ШАЙТОНИР РОЖИЙМ

Қувилган шайтон ёмонлигидан Аллоҳ паноҳини сўрайман.

Шайтон Аллоҳга исён қилиб, Одам Атога қуллуқ қилмай гуноҳкор бўлгани учун Аллоҳ уни лаьнатлаган, ҳузуридан қувган ва раҳматидан узоқ қилган. Мазкур маьнолар барчаси «рожийм» сўзида ўз ифодасини топган. Аллоҳ таоло Қурьони Каримда:

«Агар Қурьон ўқисанг, Шайтонир рожийм ёмонлигидан Аллоҳ паноҳини сўрагин», деган. 

Шунинг учун ҳар бир Қурьон ўқувчи киши қироатни, 

«Аьуузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм» билан бошламоьи лозим, бўлмаса, гуноҳкор бўлади.

Арабча бисмилах..........

1. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи ила бошлайман. 

Аллоҳ таоло ўз китобини «Бисмиллаҳ» билан бошлагани мусулмонларга ҳам ўрнак, улар ҳам доим ўз сўзларини ва ишларини «Бисмиллаҳ» билан бошламоқлари лозим. 

Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида: «Эьтиборли ҳар бир иш «Бисмиллаҳ» билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир» деганлар. Яьни, унинг баракаси бўлмайди, охирига етмайди, деганидир.

2. Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин.

Оламларни яратгани учун ҳам, уларнинг тарбиячиси бўлгани учун ҳам, улардаги барча жонзотларга ҳаёт, ризқи рўз бериши учун ҳам Аллоҳ барча ҳамду саноларга сазавордир.

3 .У Роҳман ва Роҳиймдир.

«Роҳман» сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага–кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон ва неьмат берувчи, маьносини англатади. Роҳман сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди.

«Роҳийм» сифати эса хосроқ бўлиб, қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи маьносини англатади ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади.

«Аллоҳнинг хулқи билан хулқланинглар!» деган асарга асосланиб, уламоларимиз, бу оятни ўқиган ҳар бир киши раҳмли бўлишга уринмоьи лозим, дейдилар.

4. У қиёмат кунининг подшоҳидир.

Ушбу ояти каримада қиёмат куни, Явмуд-Дин, деб номланган. Дин сўзи арабчада ҳисоб, жазо, мукофот маьноларини билиради. Явмид дин–қиёмат кунида барча бандалар қайта тирилтирилиб, ҳисоб-китоб қилинади. Яхшига мукофот, ёмонга жазо берилади. Бу оятни ўқиганда қиёматни эслаб, ўша даҳшатли кунда фақат Аллоҳнинг Ўзи ҳукм чиқариши, ўша ерда уялиб қолмасликни эслаб, унга тайёргарлик кўришга аҳд қилинади.

 

5. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз.

Бизда «ибодат» деганда, фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, зикр, Қурьон қироати каби нарсалар тушиниладиган бўлиб қолган. Тўьри, булар улкан ибодатлар, лекин аслида Аллоҳга манзур бўлган ҳар бир иш ибодатдир. Демак, инсон ўз ҳаётида Аллоҳнинг айтганини қилиб юрса, ибодатда юрган бўлади. Аллоҳ ҳалол ризқ топ, деб буюрганми, демак, ҳалол ризқ топиш ҳаракатида юрганлар ибодатда бўладилар. Албатта, ҳалол ризқ топиш ибодат экан, деб бошқа нарсаларни тарк қилмайди. Масалан, намоз ва рўзани тарк қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Хулласи калом «Ийяка наьбуду» «фақат Сенинг айтганингни қиламиз» маьносини англатади. Бу эса, банда тарафидан Аллоҳга берилган улкан ваьдадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваьданинг устидан чиқадиганлардан қилсин. 

«Ийяка настаьин» ҳам худди шундай, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўраш маьносини англатади. Одатда бирор ишга қаттиқ уриниб, кучи етмай қолган тақдирда ёрдам сўрашга араблар «истиьона» сўзининг турли кўринишларини ишлатадилар. Ушбу ояти каримада, «Ийяка настаьин», дейилиши ҳам, ўзимиз имкони борича ҳаракат қилиб, имконини топа олмай қолганимизда, фақат Сендангина ёрдам сўраймиз, деган маьнони билдиради. Ҳаракат қилмай дангаса бўлиб ётиб олган ҳолда, бировдан ёрдам сўралмайди. Мулоҳза қилсангиз, иккала ишда ҳам, ибодат қилишда ҳам ва ёрдам сўрашда ҳам бирлик эмас, кўплик лафзи ишлатиляпти, бу эса Исломда жамоатчилик, кўпчилик билан бўлиш руҳини акс этдиради.

 

6. Бизни тўьри йўлга ҳидоят қилгин.

Ҳидоятга-тўьри йўлга бошлаш, луьатда, бирор нарсага лутф билан йўллаб қўйишга айтилади. Уламолар наздида шундай ҳидоятга-йўлга бошлаш бир неча даражали бўлар экан:

а) Аллоҳ инсонга қўшиб яратган туйьуларниг ҳидоят-йўл кўрсатиши. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиьлаши ва ҳоказолар анашу ҳидоятлар жумласига киради. Буни илмий тилда, туьма инстинкт, дейилади. Лекин бу тоифадаги ҳидоят инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар фақатгина баьзи бир эҳтиёжларни қондириши мумкин, холос.

б) Инсон аьзоларининг ҳис қилиши ҳидояти-йўл кўрсатиши: ҳидлаш, эшитиш, кўриш, ушлаб кўриш каби сезгилар орқали маьлум бир нарсаларга ҳидоят топса бўлади, лекин булар ҳам кифоя қилмайди, ҳаммалари маьлум бир чегарагача ярайди, холос. Мисол учун кўз маьлум узоқликдаги ва маьлум катталикдаги нарсаларнигина кўра олади. Баьзида эса ҳис қилиш аьзолари хато қилиши ҳам муикин. Мисол учун катта тезликда кетаётган кишига қизил чироқ яшил бўлиб кўриниши ҳаммага маьлум. Кўриниб турибдики, иккинчи тоифадаги ҳидоят биринчи тоифадаги ҳидоятдан устун ва тўлароқ бўлса ҳам, инсоннинг икки дунё бахт-саодати ила таьминлашга мутлақо етишмайди. Энди ундан ҳам мукаммалроқ ҳидоят борми, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга, ҳа, ундан ҳам мукаммалроқ ҳидоят бор, у ақл ҳидоятидир, деб жавоб берилади.

в) Ақл ёрдамида инсон юқорида зикр қилинган воситалар ожиз қолган нарсалардан ҳидоят топади, уларнинг хатосини тузатади. Масалан: сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин, бу кўзнинг хабари, лекин ақл акс сувда шундай кўринаётган нарсанинг, аслида бутун, тўьрилигига ҳидоят қилади. Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у тоам аслида ширин эканини, билдиради. «Демак ҳамма нарсани ақл орқали ажратиб саодат йўлини топиб кетса бўлар экан-да?»,–деган савол туьилади. Кўпчилик «Ҳа!»–деб жавоб ҳам беради. Лекин мусулмонлар «Ақл ҳам тўла ҳидоятга қодир эмас, дунёга назар солинг: ҳамма ақлни ишга солиб турли йўлга киряпти ва ҳамма ўзиникини тўьри деб, даьво қилади. Лекин ҳаммалари бир-бирларига хилоф иш қиладилар. Кўпинча ақлга ор бўладиган нарсаларни ҳам қонун-қоида қилиб олаверадилар. Шунинг учун ақлнинг ўзи инсонни икки дунё бахти-саодати йўлига етарли даражада ҳидоят қила олмайди. Ақлнинг устидан ҳам ҳукмини ўтказувчи ҳидоят бор», дейишади. У эса тўртинчи–энг олий даражадаги ҳидоятдир.

г) Илоҳий–диний ҳидоят. Инсонни яратган Аллоҳ уни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни ҳам билади. Шунинг учун бандаларига диний кўрсатмалар юбориб, уларни тўьри йўлга солиб туради. Бу кўрсатмаларнинг сўнггиси Исломдир.

Шунинг учун ҳам мусулмонлар ушбу ояти каримани намозларида, доимий равишда ўқиб, Аллоҳ таолодан ҳидоят сўраб, ўзлари эришган Ислом ҳидоятида бардавом қилишини тилб турадилар.

7. «Ўзинг неьмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ьазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас».

«Ўзинг неьмат берганлар»дан мурод–Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалардир.

«Ьазабга дучор бўлганлар»дан мурод–яҳудийлардир.

Яҳудийларнинг ьазабга дучор бўлишларининг сабаблари кўп, жумладан, уларнинг анбиёларни ўлдиришлари, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилмасликлари ва ҳоказолар. Лекин уларнинг Аллоҳнинг ьазабига дучор бўлишларининг энг катта сабаби–билганларига амал қилмасликлари. Аллоҳ уларга илм берган, улар эса била туриб илмга амал қилмаганлар. Демак, яҳудийлар йўл қўйган хатони такрорламаслик керак.

«Адашганлар»дан мурод–насронийлар. 

Насронийларнинг «адашганлар» бўлишларининг ҳам бир қанча сабаблари бор. Энг асосийси–улар мақсадга эришиш йўлида Аллоҳ кўрсатган йўлни эмас, ўзлари топган йўлни танлаганлар, яьни Ийсо Пайғамбар олдиларида ўзларини айбдор, деб билиб, уни рози қиламиз, деб Аллоҳ айтмаган ибодатларни ва ишларни, ақидаларни ўзларича қилганлар. Бу ҳам нотўьри йўл. Демак, оятнинг маьноси: «Эй Аллоҳ, бизни ўтган анбиёю авлиё, азизларнинг йўлидан бошлагин, яҳудий ва насронийлар йўлидан бошламагин», деганидир.

Бу сура оятлари оз бўлишига қарамай, улкан маьноларни ўз ичига олган, шунинг учун ҳам «Уммул Қурьон»–«Қурьоннинг онаси» деб номланади. Унда Аллоҳ таолога мақтов, унинг сифатлари, қиёмат куни эгасилиги, ибодат, ихлос, дуо, ёлвориш, яхши умматларнинг зикри ва ёмон йўлдан юрганларнинг оқибати нима бўлганлиги зикр қилинади.

Шунинг учун ҳам намознинг ҳар бир ракьатида «Фотиҳа» сурасини ўқишга буюрилган, уни такрор– такрор ўқиб турилади. Ўқиганда маьносини тадаббур-мулоҳаза қилиб ўқилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Буюк ватандошимиз Имом Насаий машҳур саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда (ҳадиси қудсий оят билан ҳадис ўртасидаги мартабага эга ривоят, унинг маьноси ва лафзи Аллоҳ тарафидан бўлади, лекин ожиз қолдириш, мўьжизалик хусусияти йўқ) Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман. Агар у (банда) : «Алҳамду лиллаҳи роббил аламин» деса, Аллоҳ: бандам менга ҳамд-шукр айтди», дейди.

Банда: «ар-Роҳманир Роҳийм», деса,

Аллоҳ: «Бандам менга сано–мақтов айтди», дейди.

Банда: «Малики явмиддин», деса,

Аллоҳ: «Бандам мени улуьлади», дейди.

Банда: «Ийяка наьбуду ва ийяка настаьийн», деса,

Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», дейди.

Агар банда: «Иҳдинас сиротал мустақийм, сироталлазийна аньамта алайҳим ьойрил маьзуби алайҳим ва лаззоолийн», деса,

Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», дейди

Манба: Тафсири Ҳилол

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф