1442 йил 16 Ражаб | 2021 йил 27 февраль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:59
Sunrise
07:12
Dhuhr
12:50
Asr
16:45
Maghrib
18:27
Isha
19:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАЗҲАБЛАР – ҚУРЪОН ВА СУННАТ МАҲСУЛИДИР (2-ҚИСМ)

17-02-2021, 09:37 15 Ўқиш режими + -
Мазҳаблар – Қуръон ва суннат маҳсулидир
(2-қисм)
                                
Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр аҳлидан сўрашга буюрган”, дея одамларни алдашга уринмоқда! Хўш, мазҳаббошлари зикр аҳли бўлмаса, унда ким экан?! Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак?!
Бошқа бир ҳадиси шарифда янги-янги тоифалар пайдо бўлиб, одамларни тўғри йўлдан оздириши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом огоҳлантирганлар:
 يَكُونُ في آخِرِ الزَّمَانِ دَجَّالُونَ كَذَّابُونَ يَأْتُونَكُمْ مِن الأَحَادِيثِ بِمَا لَمْ تَسْمَعُوا أَنْتُمْ وَلاَ آبَاؤُكُمْ فَإِيَّاكُمْ وَإِيَّاهُمْ لاَ يُضِلُّونَكُمْ وَلاَ يَفْتِنُونَكُمْ
 (رواه الإمام مسلم)
яъни: “Охирзамонда «дажжоллар», каззоблар бўладилар, улар сизлар ва сизларнинг оталарингиз ҳам эшитмаган ҳадисларни кўтариб келадилар. Сизлар улардан, улар эса сизлардан узоқ бўлсин! Улар сизларни залолатга бошлаб қўймасинлар, сизларни фитнага аралаштириб, алдамасинлар!” (Имом Муслим ривоятлари).
                               Муайян мазҳабга тақлид қилган мусулмонлар ҳозирда ҳам, ҳозирги кунга қадар ҳам умматнинг мутлақ кўпчилигини ташкил қилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида:
 فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ 
(رواه الإمام ابن ماجة)
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривоятлари). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам Ислом уламолари ҳар бир даврда мазҳабга эргашиш лозимлигини уқтириб келишган. Имом Ал-Мардовий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Ижтиҳод қилишга лаёқати бўлмаган ҳар бир кишига бирор муайян мазҳабга тақлид қилиши лозим бўлади. Бундан фақат ижтиҳод даражасига етган киши мустаснодир” (“Риоятул-кубро” китоби).
                        
Имом Нафровий раҳимаҳуллоҳ ҳам айтадилар: “Тўрт мазҳаб имомидан бирига эргашиш вожиблигига мусулмон умматининг ижмоси тузилгандир. Фақат ижтиҳод аҳллари бундан мустасно” ( “Фавокеҳуд-девоний” китоби)
Аллома Муҳаммад Амин Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Муайян мазҳабда фатво берувчи кишининг ўз мазҳабида аниқ кўрсатилган масалада бошқа мазҳаб йўлини тутиши ва у бўйича фатво бериши жоиз эмас”, – дейдилар (“Минҳатул-Холиқ” китоби).
Мингдан ортиқ китоб таълиф қилган ҳанафий мазҳабининг буюк олимларидан бири Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен йигирма беш йиллик илмий тажрибам асосида шуни билдимки, ҳозирги даврда бирор мазҳабни тутмаслик охир-оқибат динсизликка олиб борар экан” (“Малфузот” китоби).
                   
Маълумки, юртимизда азалдан тўлиқ Ҳанафий мазҳаби амалда бўлиб келган. Ҳозирда ҳам юртимиздаги деярли барча аҳли илмлар, устозлар ва масжид имомлари Ҳанафий мазҳабида таълим олиб, шу мазҳаб асосида фаолият олиб бормоқдалар. Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳмаҳуллоҳ: “Динда эргашиладиган мужтаҳид имомларнинг барчалари ҳақ ва тўғри йўлдадир. Агар бир юртда улардан бирининг мазҳаби кенг тарқалган ва ўша мазҳаб уламолари кўп бўлса, оми одамга ўша мазҳабга эргашиши вожиб бўлади. Кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабнинг аҳкомларини билиш, воқиф бўлиш узрли бўлганлиги учун унга эргашмоқлиги жоиз бўлмайди” (“Эълоус сунан” 20-жилд, 290-саҳифа).
                                  
Хулоса қилиб айтганда, мазҳабларга эргашиш – шариат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳни бемазҳаб бўлгани маълум эмас. Фақатгина мужтаҳид бўлган кишилар бундан мустасно холос. Шаръий илмлар борасида мусулмонларнинг илми етарли бўлмаган бугунги даврда, баъзилар томонидан мазҳабларни инкор  қилиш фақат мусулмонларнинг бирдамлигига футур етказади холос.
Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик, фитна ва ихтилоф қўзғаш каби динимизда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир”, деганлар.
 

(давоми бор) 
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди