1442 йил 16 Ражаб | 2021 йил 27 февраль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:59
Sunrise
07:12
Dhuhr
12:50
Asr
16:45
Maghrib
18:27
Isha
19:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲАЛОЛ ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР (1-қисм)

18-02-2021, 15:15 14 Ўқиш режими + -
ҲАЛОЛ ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР 
                                                (1-қисм)


       Динимизда ҳалол касб қилишга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик ва ишёқмаслик каби кишининг ўзига ҳамда жамиятига зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилган.  Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига итоат этади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда касбу кор қилишга амр қилиб шундай деган:
هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ
яъни: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси 15-оят).
Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган бўлиб, ҳатто бу нарса фарз даражасига кўтарилгандир. Бу ҳақда
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"طَلَبُ كَسْبِ الْحَلاَلِ فَرِيْضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيْضَةِ"
(رواه الإمام البيهقي عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)
яъни: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Имом Муҳаммад аш-Шайбоний илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар.
Мўмин киши ҳалол ризқ топиш ҳаракатида бўлганда, Аллоҳнинг амрига мувофиқ амал қилиши билан бирга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига ҳам амал қилаётган шахс ҳисобланади. Зеро, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
"مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَامًا قَطُّ خَيْرًا مِنْ أَنْ يَأْكُلَ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ"
 (رواه الإمام ابن ماجه عَنِ الْمِقْدَامِ رَضِي اللَّه عَنْه)
яъни: “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирги пайтда ҳукуматимиз томонидан  тадбиркорларимизга жуда кўп имкониятлар яратилмоқда. Мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳалол ризқ талабида бўлсак,  ўзимиз ва ўзгаларни фаровон ҳаёт кечиришлари ҳамда мусулмон кишини иш билан таъминлаш ва уни ҳожатини чиқаришга сабабчи бўламиз, иншааллоҳ.  Чунки, мусулмон биродарининг қалбига хурсанчилик киргизиш Аллоҳнинг наздидаги энг афзал ва суюкли амалдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَحَبُّ الناسِ إلى اللهِ أنفعُهم للناسِ، وأَحَبُّ الأعمالِ إلى اللهِ عزَّ وجلَّ سرورٌ تُدخِلُه على مسلمٍ، تَكشِفُ عنه كُربةً، أو تقضِي عنه دَيْنًا، أو تَطرُدُ عنه جوعًا ، ولأَنْ أمشيَ مع أخٍ في حاجةٍ ؛ أَحَبُّ إليَّ من أن اعتكِفَ في هذا المسجدِ يعني مسجدَ المدينةِ شهرًا، ومن كظم غيظَه ولو شاء أن يُمضِيَه أمضاه؛ ملأ اللهُ قلبَه يومَ القيامةِ رِضًا، ومن مشى مع أخيه في حاجةٍ حتى يَقضِيَها له؛ ثبَّتَ اللهُ قدمَيه يومَ تَزِلُّ الأقدامُ
(رواه الإمام الطبراني عن ابن عمر رضي الله عنهما)
яъни: “Аллоҳга энг севимли банда одамларга кўпроқ манфаати тегадиганидир. Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишингиз, ундан ғам ташвишларини аритишингиз, зиммасидаги қарзини узиб беришингиз, очлигини кетказишингиздир. Мусулмон биродаримнинг ҳожатини чиқариш йўлида юришим Масжидун Набавийда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ўч олишга қодир бўла туриб ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини қиёмат кунида ўзининг розилиги билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожати билан юриб, уни раво қилса, Аллоҳ қадамлар тоядиган кунда унинг қадамларини собит қилиб қўяди”  (Имом Табароний ривоятлари).
Мазкур ҳадисдан, модомики банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида эканлиги маълум бўлади.
Азизлар! Шуни унутмаслигимиз керакки, молу давлат берилган кимсаларнинг молларида камбағалларнинг ҳаққи бор. Ўша ҳақларни адо қилсалар уларга жаннат ваъда қилинган. Шундай экан, муҳтож кимсалар уларнинг олдига такрор-такрор боришларидан малолланмасинлар. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бошқа мусулмонларнинг ҳожатлари билан машғул бўлишлари учун уларга неъматлар ато қилгандир. Агар улар бу неъматнинг ҳаққини адо қилиб, ўз эгаларига топширсалар, Аллоҳ уларни неъмат ичра бардавом қилади ва барокатли қилади. Агар малоллансалар, Аллоҳ таоло улардан бу неъматини олиб қўяди, бошқа бандаларига беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
إِنَّ للهِ عِنْدَ أَقْوَامٍ نِعَمًا أَقَرَّهَا عِنْدَهُم مَا كَانُوا فِي حَوَائِجِ الْمُسْلِمِينَ مَا لَمْ يَمَلُّوهُمْ، فَإِذَا مَلُّوهُمْ
نَقَلَهَا اللهُ إِلَى غَيْرِهِمْ
(رواه الإمام الطبراني عن عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رضي الله عنهما)
яъни: “Баъзи кишиларга Аллоҳ таоло неъмат ато қилганки, модомики улар мусулмонларнинг ҳожатини чиқаришда малолланмасалар, Аллоҳ таоло улардаги бу неъматни бардавом қилиб беради. Бордию, малолланадиган бўлсалар, улардаги неъматларни ўзгаларга ўтказиб юборади” (Имом Табароний ривоятлари).
Демак, Аллоҳ таоло кимни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришга муяссар қилган бўлса, бу у киши учун катта бахт ва улкан шарафдир.
(давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди