1442 йил 22 Ражаб | 2021 йил 05 март, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:50
Sunrise
07:04
Dhuhr
12:48
Asr
16:50
Maghrib
18:34
Isha
19:47


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШАЛПАНҚУЛОҚЛИКНИ ТИББИЁТ ЙЎЛИ БИЛАН ТЎҒРИЛАШ МУМКИНМИ?

20-02-2021, 17:10 43 Ўқиш режими + -
       
      Ассалому алайкум. Ёшим 24да. Шалпангқулоқликни тиббиёт йўли билан тўғрилатиб олсам бўладими?
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Сиз сўраган савол бевосита пластик жарроҳлик амалиётига тааллуқли бўлгани боис сизга қуйидагиларни тақдим қиламиз:
 Пластик жарроҳликнинг жоиз ва ножоиз турлари бор: 
- Жоиз турига туғма ёки ҳаёт давомида орттирилган нуқсонларни кетказиш ва даволаш киради. 
- Ножоиз турига мўътадил, соғлом аъзони янаям чиройли қилиш мақсадида катта ё кичик қилиш ёки бошқа шаклга киритиш киради. Пластик жарроҳликнинг ножоиз тури шариъатимизда катта гуноҳ бўлиб, Аллоҳ таоло яратган хилқатни ўзгартириш ҳисобланади. Бу ишни қилган ҳам, қилдирган ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам томондан ланатлангандир.
     Зарурат юзасидан қилинадиган пластик жарроҳликка таъна аъзосини ўз вазифасига қайтариш, моддий ёки маънавий зарар бўлса, ортиқча бармоқни олиб ташлаш ёки ёпишиб қолган бармоқларни ажратиш, қийшиқ бурунни тўғрилаш, соч экиш ва шунга ўхшаш амалиётлар киради. Бундай нуқсонлар куйиш, касаллик ва бошқа сабаблар билан пайдо бўлган бўлса ҳам, уни пластик жарроҳлик йўли билан даволаш жоиз. Чунки даволаниш ҳанафий ва моликий мазҳабида мубоҳ иш бўлса, шофеъий ва баъзи ҳанбалийлар наздида мустаҳабдир (“Фатҳу бабил иная” китоби ва “Кувайт фиқҳ энциклопедия”си). Шу каби зарарли ортиқча вазнни камайтиришнинг жарроҳликдан бошқа йўли қолмаса,  инсонга безарар бўлиш шарти билан пластик жарроҳлик жоиз бўлади. Аъзоларнинг асли ҳолига келтириш эса Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига тўғри келади:

لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ

“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тин сураси, 4-оят).
      Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Аржафа ибн Асъад разияллоҳу анҳунинг урушда бурни кесилиб кетганида кумушдан, кумуш мос келмагач тиллодан бурун қилиб олишга рухсат берганлар (Имом Термизий ривоятлари). 
      Жоиз бўлган жарроҳликда ҳам, бошқа аъзоларга зарар етмаслиги ёки кутилган фойдадан каттароқ зарар келмаслиги керак. Бу амалиётлар беморнинг рухсати билан ўз соҳасининг моҳир кишилари томонидан амалга оширилади. 
       Соғлом аъзоларни ҳою-ҳавасга берилиб, ўзгаларга тақлид қилиб юз шакли ёки рангини ўзгартириш, бурун, лаб ёки кўкракни катта ёки кичик қилиш каби ишлар шаръан жоиз эмас. Зеро шайтон инсонларга Аллоҳ таоло яратган нарсаларни ўзгартиришга буюради, Қуръони каримда шундай дейилади:

وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا

"(Шайтон айтди:) “Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 119-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан бу мавзуда шундай ривоят қилинади:

يلعن المتنمصات والمتفلجات والموشمات اللاتي يغيرن خلق الله. (رواه الامام احمد) 

“Пайғамбаримиз алайҳиссалом қош тердирувчи, тишларини орасини очувчи, баданига игна билан расм чиздирувчи; Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчи аёлларни лаънатлаганларини эшитдим” (Имом Аҳмад ривоятлари). Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳадисда зикр қилинган ношаръий ишларни эркаклар ҳам қилиши мумкин эмас. Касаллик бўлмасдан, одатий ҳолатда юзга ажин тушишини пластик жарроҳлик ёки укол билан кетказиш жоиз эмас. 
     Қизлик пардаси зўравонлик ёки бахтсиз ҳодиса сабабли йиртилса, уни тикиш жоиз бўлади. Лекин зинокорлигини ёпиш учун бўлса, жоиз эмас (“Косметик жарроҳлик ва унинг ҳукми” мавзусида Халқаро ислом фиқҳи академияси қарори). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.