НАС СУРАСИ
Маккада нозил бўлган. 6 оятдан иборат.
Қурьони Каримнинг охирги сураси бўлмиш бу сураи каримага ҳам унинг биринчи оятдаги «Нас» сўзи ном бўлиб қолган. «Нас»–одамлар деганидир.
Бу сураи карима ёмонлик билан яхшилик орасидаги курашни тасвирлайди. Шу билан бир вақтда ёмонликдан узоқда бўлишлик ва ундан ғолиб келишликда Аллоҳдан ёрдам сўрашга ундайди.
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ (1) مَلِكِ النَّاسِ (2) إِلَهِ النَّاسِ (3) مِنْ شَرِّ الْوَسْوَاسِ الْخَنَّاسِ (4) الَّذِي يُوَسْوِسُ فِي صُدُورِ النَّاسِ (5) مِنَ الْجِنَّةِ وَالنَّاسِ (6)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Одамлар Роббисидан,
2. Одамлар подшоҳидан,
3. Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман.
4. Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг,
5. Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг,
6. Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт.
«Нас» сураси ояти карималари маьноси таржималарини тушинарли бўлиши учун бирданига келтириб олганимиздан кейин, энди, Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда якка-якка тафсир қилишга ўтайлик
«Одамлар Роббисидан»,
Яьни, одамлар Роббисидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳ таолонинг Робб сифати ўзида кўп маьнони мужассам қилгандир: Холиқ, Мураббий ва Мудаббир кабилар. У зот одамларни йўқдан бор қилиб яратган Холиқ, турли неьматлар ила неьматлантириб ўстирган Мураббий ва доимо ишларни юритиб турувчи Мудаббирдир. Гар Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Роббиси бўлса ҳам, бу ерда одамларни хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир. Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни одамлар учун яратгандир. Уларга ақл, илм, китоб ва шариат бергандир. Уларга фаришталарни сажда қилдиргандир. Бинобарин одамлар махлуқотларнинг афзалидирлар.
«Одамлар подшоҳидан»,
Яьни, одамларнинг подшоҳидан, эгасидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳ таоло ҳоким бўлсин, маҳкум бўлсин, ҳамма халойиқнинг Малик–подшоҳи ва эгасидир. Аллоҳнинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради. Демак, паноҳ тилаш фақатгина ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим.
«Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман».
Яьни, одамларнинг ибодатига сазовор ягона Зотдан паноҳ сўрайман.
Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор ягона илоҳ, маьбуд -Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак.
Ушбу уч оят ҳақида Аллома Исмоил ибн Касир қуйидагиларни ёзадилар: «Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан уч сифатдир: Роблик, Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Робби, Эгаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди».
Энди эса, келаси уч оятда мазкур сифатлар ила мавсуф Аллоҳнинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади.
«Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг»,
Ушбу оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриб турувчи»дан мурод шайтондир. Чунки, у инсон Роббисини зикр қилиб турганда қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббисини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди.
Ал-Ҳофиз ал-Мусилий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта шайтон бурнини одам боласи қалбига қўювчидир. Қачон у Роббисини зикр қилса шайтон беркинади. Қачон у Роббисини унутса, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди», дейилган.
«Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг»,
Шайтоннннг васвасаси маьлум ва машҳур. У инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргаштириш, Аллоҳга осий бўлишни зийнатлаб кўрсатади.
«Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт».
Ушбу оят шайтон ҳам одамлардан, ҳам жинлардан бўлишига далилдир. Мўмин, мусулмон инсон доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб Аллоҳга илтижо қилиб турмоғи лозим.
Жиндан бўлган вавасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни–ушбу сураларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарли.
Имом Бухорий Ойша онамиздан ривоят қиладилар:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аьуузу бироббил фалақ» ва «Қул аьуузу бироббиннаси» суралари ўқиб, дам солиб баданларига суртиб ётардилар».
«Фалақ» ва «Нас» суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб «Муьаввизатайни»–икки паноҳ тиловчи-деб номланадилар. Чунки, икковлари ҳам «аьузу»-паноҳ тилайман–сўзи ила бошланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки муьаввизатайни биргаликда зикр қилинган:
Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса муьаввизатайнни ўқиб дам солар эдилар. У зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим»-деганлар.
Имом Муслим ва Имом Термизийлар Уқбату ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. «Қул аьузи бироббил фалақи», «Қул аьузу бироббиннаси»-дедилар.
Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар Уқбату ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини сафарда етаклаб борардим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?, дедилар ва «Қул аьузу бироббил фалақи» ва «Қул аьузу бироббиннаси»ни ўргатдилар.
Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар яна Уқбату ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ал-Жуҳфа ва ал-Абваь орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муьаввизатайни ила паноҳ сўрай бошладилар ва эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи иккисичалик нарса ила паноҳ тиламаган, дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».