1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМДА АЁЛЛАР ҲУҚУҚИ (1-ҚИСМ)

2-03-2021, 15:43 408 Ўқиш режими + -


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
 Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

                         Турли сабабларга кўра аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отилишинингасосий нишонларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар «Аёллармасаласи Ислом уммати кўксига санчилган заҳарли ханжардир», деб айтишга мажбурбўлдилар. Бу масала бўйича кўплаб китоблар битилган, мақолалар ёзилган, хутбалар, мавъизалар қилинган.                                                                                                                                                 
                Албатта, бу масалага ортиқча тўхталишга бизнинг имконимиз йўқ. Иккинчидан, Ислом ўз таълимотларига хилоф қилиш оқибатида келиб чиққан нотўғри ҳолатга жавоб беришга мажбур ҳам эмас. Энг муҳими, Ислом ҳеч кимнинг ҳимоясига муҳтож ҳам эмас. Фақат тушуна олмай турган кишиларга тушунганлар ёрдам бериш қабилида иш тутиш мумкин, холос. Шу маънода «Аёл киши ва тенг ҳуқуқлилик» номли мақолада бу масалага мавзунинг сиёқига биноан бир оз изоҳ берилган эди. Энди эса яна мавзунинг сиёқига биноан баъзи бир масалаларни баён қилиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.
                       Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишга маҳкум қилинган эди.
Мисол учун, Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин, деб қизни тириклайин кўмиб юборилар эди.
                Қуръони Карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз бола туғилса, ўғил бола туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга ўғил болаларни тарбия қилганларга берилгандан кўра кўп ваъдалар берилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса-ю, у уларнинг хар­хашаларига, оғирликларига сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳми туфайли жаннатга киритур», дедилар. Бир киши:«Иккита қизи бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради. «Иккита қизи бўлса ҳам», дедилар. Бир киши:
«Биттта бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради. «Битта бўлса ҳам», дедилар».
Яна бир ривоятда: «ёки уч синглиси бўлса-ю», деб келган.
                Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиши учун зарур бўлган ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққанидан кейингина озод бўлади, чунки энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Отаси ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси акаси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман, Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.
               Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳаққини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эркак-аёлга баробар фарзлигини, қизларига ва сингилларига таълим-тарбия берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз. Аммо ушбу иш чўри аёлларга ҳам тегишли эканини ҳаммамиз ҳам билмасак керак.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлса-ю, у унга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса, унга икки ҳисса ажр бўлур», деганлар.
Демак, чўри қизга яхшилаб илм ва маданият ўргатишнинг ажри уни чўриликдан озод қилиш ажрига тенг экан.
                       Аввалги авлод мусулмон аёллари эрларидан, бошқа устозларидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оммавий дарс ва хутбаларидан олаётган илм-маърифатга қаноат ҳосил қилмай, Пайғамбар алайҳиссаломдан аёллар учун алоҳида илм-маърифат мажлислари қилишни талаб этганлар. Уларнинг бу талаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан дарҳол қондирилган.
              Аёл киши фақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли эмас, балки таълим бериш, дарс айтиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш мажбуриятида ҳамдир.
( давоми бор)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Иймон китобидан)

                                                                                             Ислом. уз  сайтидан олинди