Аёл киши фақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли эмас, балки таълим бериш, дарс айтиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш мажбуриятида ҳамдир.
Муслима аёллар илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари ҳаммага маълум.
Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик.
Шифо бинт Абдуллоҳ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолиб, менга: «Бунга ёзишни ўргатганингдек, намила руқйасини ҳам ўргатмайсанми?» дедилар». Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Олима аёллар вакиласи Оиша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан саҳобийлар ўзлари билмаган нарсаларини, ҳал қила олмай қолган масалаларини Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди.
Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, ҳақ овозини забардаст халифа ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эшитган, қабул қилган.
Дунёга Умари Одил номи билан машҳур бўлган забардаст халифа Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу ишни муолажа қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида кўпчилик ичида хутба қилиб: «Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар! Агар (маҳр) бу дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, унга сизнинг энг ҳақлийингиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар. У зотнинг қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган», дедилар.
Шунда бир аёл ўрнидан туриб: «Эй Умар! Аллоҳ таоло: «У(аёл)ларнинг бирига беҳисоб маҳр берган бўлсангиз ҳам», дейди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!» деди.
Хутбаси бу шаклда кесилган халифа: «Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди», деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олди. Ўша жасур аёлнинг шарофати ила ҳозирги кунимизгача бирорта одам аёлларнинг маҳрини чегаралашга журъат қила олгани йўқ.
Бундай иш аёл киши мўътабар бўлган жамиятдагина бўлиши мумкин.
(давоми бор)
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Иймон китобидан)
Ислом. уз сайтидан олинди