– Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 6 йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида Ҳудайбия номли жойда мушриклар йўлни тўсдилар.
Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бу гапни эълон қилиб бўлиб:
«Туринглар, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар!» дедилар.
Саҳобалар норози бўлиб, бирорталари ҳам қимирламадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам, бирор киши қимир этиб қўймади.
У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдилар. Бўлган воқеани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундай ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар.
Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай доно вазир ҳам бера олмайдиган маслаҳатни бердилар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, айтган амрингиз бажарилишини хоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай, қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, худди Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар.
Шундай қилиб, бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутулиб қолди. Аллоҳнинг Пайғамбарига тўғри маслаҳат бера оладиган аёл фақатгина Ислом умматидан чиқиши мумкин.
( давоми бор)
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Иймон китобидан)
Ислом. уз сайтидан олинди