НИЯТ ВА АМАЛ
Умар ибн Хаттоб розийаллоху анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ким нимани ният қилса, ўшанга эришади. Кимки Аллоҳ ва Унинг Расули учун хижрат қилса, унинг хижрати Аллоҳ ва Расулига бўлади. Кимки мол-дунёга эришиш ёки бир аёлга уйланиш ниятида хижрат қилса, у кишининг хижрати ният қилган нарсаси учун бўлади.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд Насоий ва Ибн Можа Ривоятлари).
Бу ҳадисни Имом Бухорий ва Имом Муслим ўзларининг саҳиҳларида ривоят қилганлар.
Ҳадис ёмон ва яхши амалларни ажратишда ниятнинг ўрнини белгилайди. Ният тўғри бўлса, амал ҳам гўзал бўлади. Ният бузуқ бўлган жойда амал ҳам ёмон натижа беради.
Бирор бир амал ниятига кўра шу уч тарзда амалга оширилади:
1.Амал Аллоҳдан қўрққан ҳолда қилинади. Бу Аллоҳ бандаларининг фақат бандликни бажариш ниятида қилган ишидир.
2.Бирор амал савоб қозониш ва жаннатга кириш ниятида қилинади. Бу тижорий тушунчага эга бўлган кишиларнинг амалидар.
3.Амал Аллоҳдан ҳаё қилган ҳолда бандалик вазифасини ва шукурни адо қилиш ниятида қилинади. Бундай кишилар ибодат қилишларига қарамай, ўзларини кусурли санайдилар ва қалбларида доим қўрқув бўлади. Чунки амалининг қабул қилинган, қилинмаганлигининг билмайди. Бу ҳақиқий мусулмоннинг ишидир. Бир куни кечаси расулоллоҳнинг соллалуҳу алайҳи ва саллам оёқлари шишгунга қадар ибодат қилганларини кўрган Оиша онамиз розийаллоҳу анҳо сўрадилар: “Эй Расулуллоҳ! Парвардигорингиз сизнинг аввалу охир гунохларингизни кечирган бўлса, шунчалик ўзингизни қийнашингизнинг сабаби нима?” Шунда Расулоллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен шукр қилувчи банда бўлмайинми?” деб марҳамат қилдилар”(Бухорий, Насоий, Ибн Можа,Аҳмад ривоятлари).
“Қўрқув билан қилинган ибодат фазилатми ёки умид билан қилинган ибодатми?” деган саволга Имом Ғаззаолий шундай жавоб берганлар: “Умид билан қилинган ибодатлар фазилатлидир (устундир). Чунки умид севгини пайдо қилади, қўрқув эса умидсизликка сабаб бўлади”.
Биз ажратган бу уч гуруҳ ихлосли кишиларга алоқадордир. Шуни яхши билиш лозимки, ихлосга баъзан манманлик тўсиқ бўлиши мумкин. Кимки қилган амаллари билан ғурурланса, унинг амаллари қабул қилинмайди. Худди шундай ўзини буюк инсон, деб билган кишининг ҳам амали қабул бўлмайди.
Иккинчи гуруҳдаги кишилар дунё ва охиратнинг ҳар иккисини қозониш ниятида амал қилади. Баъзи олимлар бу ниятда амал қилган кишиларнинг амаллари қабул бўлмаслигини айтишган. Бу қарашларга қуйидаги қудсий ҳадисни далил қилиб келтиришган: “Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Мен узимга шерик қўшишларига асло рози эмасман. Кимки бирор амал қилса-ю, унда Мендан бошқасини шерик қилса, ундай амалдан (ёки кишидан) узоқдирман ” (Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).
Ҳорис Муҳосибий (в. 243/857) “Китоби ур-Риоя ли хуқуқуллох” асарида бу фикрни ҳимоя қилган ва жумладан шундай деган: “Ихлос фақатгина Аллоҳга итоат қилишни қасд қилишдир. Бошқа нарсани мақсад қилиш ихлос бўла олмайди. Риё икки хил бўлади: инсон итоат қилиш билан фақат одамларнинг эътиборини қозонишни истайди; итоат қилиш билан ҳам инсонларнинг, ҳам Аллохнинг розилигини қозонишни истайди. Ҳар иккисининг ҳам амаллари қабул бўлмайди”.
Ҳофиз Абу-Нуайм ал-Исфаҳоний (в.430/1044) “Ҳидоятул авлиё” номли асарида ўзидан олдинги олимлар шундай фикрда бўлганларини таъкидлайди. Улар ўз қарашларига Қуръони каримнинг Ҳашр сураси 23-оятини далил қилишган:
“У – Аллоҳ, шундай Зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (Ёлғиз) Подшохдир, (барча айб-нуқсондан) Покдир-Саломатдир, (Ўзи хохлаган бандаларини дунё-бало-офатлари ва охират азобидан) Омон қилгувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб тургувчидир, қудрат сохибидир, буйсиндиргувчидир. (Танҳо) кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир”.
Аллоҳ таоло хотиндан, боладан ва ҳар қандай шерикдан қандай муназзаҳ бўлса, Ўзидан бошқани шерик қилинган амални қабул қилишдан ҳам шундай муназзаҳдир. Аллоҳ таоло қадри юксак ва буюкликкда шериги йўқ Зот.
Самарқандий (в491/1097) шундай дейди: “Инсоннниг Аллоҳ учун қилган амаллари қабул қилинади. Инсонлар учун қилган амаалри эса рад этилади. Масалан, бир киши пешин намозини Аллоҳнинг фарз қилган амрини адо қилиш мақсадида ўқийди. Намозини одамлар орасида таъдили арконга риоя қилиб, рукуъ ва саждаларини узайтириб уқиса, асли эътибори билан намози қабул бўлади. Аммо намозни инсонлар кўрсин учун гўзал ва узайтириб ўқилгани боис қабул қилинмайди”.
Имом Муҳиддин Закариё ибн Шараф Нававий
Қирқ ҳадис
(давоми бор...)