Бир ҳадис шарҳи
Ният ва амал
(2-қисм)
Иззуддин ибн Абдусаломдан (в. 660/1261) инсонлар ёқтириб тақдир этсинлар, дея намозини узайтириб ва чиройли қилиб ўқиган кишилар ҳақида қандай фикрда эканлиги сўралганда, у жавобан шундай деганди: “Бу ниятда амал қилган кишининг амали қабул бўлмаслигини истайман”.
Бу изоҳлар амалнинг васфида ширк бўлган тақдирдагина ўринлидир. Агар ширк амалнинг аслида бўлса, яъни фарз бўлган намозни ҳам Аллоҳ учун ҳамда инсонлар учун ўқиса, амалнинг аслида ширк бўлгани туфайли намози қабул қилинмайди. Риё амални тарк қилиш билан ҳам бўлади. Фузайл ибн Иёз шундай дейди: “ Инсонларни деб бир амални тарк қилиш риёдир. Одамлар кўрсин, деб амал қилиш эса ширкдир. Ихлос эса Аллоҳнинг сени ҳар иккисидан ҳам муҳофаза қилиши билан бўлади”. Фузайлнинг бу сўзларидан шундай маъно келиб чиқади: “Кимки бирор бир амални қилишга ният қилса-ю, одамлар кўрмасин, деб уни тарк қилса, у одам риёкордир. Чунки амални одамлар сабабли тарк қилди. Ҳеч ким йўқ жойда адо этиш мақсадида ибодатни бир оз кечиктирса, бу мустаҳаб бўлади. Қилинадиган ибодат фарз намози ёки закот бўлса, ёки у одам халқ эргашиши керак бўлган бир олим бўлса, бу вазиятда амалини ошкора қилиши фазилатлироқдир”.
Сумъа ҳам худди риё каби амалларнинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Сумъа киши ёлғизлигида Аллоҳ учун ибодат қилиб, кейин қилган ибодатини одамларга гапириб беришдир.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Кимки (қилган) амалини бошқаларга билдирса , Қиёмат куни Аллоҳ таоло (унинг бу ҳолини машҳар аҳлига) эшиттиради. Кимки риё учун бир иш қилса, Аллох таоло унинг асл мақсадини юзага чиқаради” (Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).
Мирзабоний розиаллоҳу анҳу шундай дейди: “намозхоннинг намози қабул бўлишида тўртта хислат лозим: қалб хузури, ақл саломати, шартларнинг тамоман бажарилиши ва барча аъзорларнинг хушуъда бўлиши. Қалб ҳузурусиз намоз ўқиган киши ибодатидан ғофил кишидир. Ҳамма аъзолари хушуъ ичида бўлмаган ҳолда намоз ўқиган киши намозини хато ўқиган бўлади. Ана шу шартларга амал қилган ҳолда намоз ўқиган намознинг барча арконларини бажарган бўлади”.
“Албатта, амаллар ниятга боғлиқ”. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам бу сўзлари билан савобга васила бўлган амалларни қасд қилганлар. Мубоҳ бўлган амалларни қасд қилмаганлар.
Ҳорис Муҳосибий шундай дейди: “Ихлоснинг мубоҳ ишлар билан алоқаси йўқ. Чунки мубоҳ ишларда Аллоҳга Яқинлик қасд қилинмагани учун, Аллоҳга қурбат ҳосил бўлмайди. Ҳеч бир мақсадни кўзламасдан, фақат уй қуриш ғояси билан уй қуришга ўхшаш. Аммо масжид ёки кўприк қуриш ғояси билан бўлса, мустаҳаб бўлади”. Харом ёки макруҳ ишда ҳам ихлос бўлмайди. Қараш ҳалол бўлмаган нарсаларга қараб Аллоҳ яратган нарсалар ҳақида тафаккур қиляпман, деб даъво қиладиган одамнинг ҳолати ҳам шундай. Худди соқол-мўйлаби чиқмаган ўғлига ибрат назари билан қарашга ўхшаш . Бунда хеч қандай ихлос бўлмаганидек, Аллоҳга яқинлашиш ҳам йўқ. Сидиқ эса банданинг зоҳирий ва ботиний қийматига қараб англашилади. Сидқ эса мақом ва ҳоллар босиб ўтилгач, майдонга келади. Чунки ихлоснинг моҳияти амални Аллоҳга учун қилишидадир. Баъзан инсон ўқийдиган намози билан Аллоҳга йўналишни мақсад қилади, аммо намозида қалб ҳузури бўлмайди. Сидқ ана шу ибодатда қалбнинг бутунлай Аллоҳга йўналишидир. Шу ҳолда ҳар бир содиқ киши ихлослидир. Аммо ҳар бир ихлосли киши содиқ бўлмаслиги мумкин. Аллоҳ билан маънавий боғланиш ёки боғланмасликни маъноси ҳам шунда. Инсон содиқ бўлгач, Аллоҳдан бошқалардан маънавий боғларини узиб, фақат Аллоҳга боғланган бўлади. Аллоҳдан бошқалардан узоқ бўлиш ва Аллоҳнинг ҳузурида туриш завқи билан тўлиб-тошиш учун шу тариқа юзага келади.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг “Амаллар...” сўзларидан мақсадлари амаларнинг қабул шарти ёки амалларнинг мукаммаллиги бўлиши мумкин. Абу Ҳанифа розийаллоҳу анҳу сўнгги маънони афзал кўрганлар. Ҳадисда келган амллардан баъзи суннат амаллари, нажосатнинг тозаланиши, тортиб олинган ёки қарз олинган нарсаларнинг, молларнинг қайтарилиш, ҳадя берилиши каби ишлар истисно қилинади. Чунки буларнинг сиҳҳати ниятнинг тўғри-нотўғрилигига боғлиқ эмас. Фақат бу ишларда савоб олиш учун Аллоҳга яқинлашиш мақсад қилинган.
Бир киши молига ем бераётганда, Аллоҳнинг амрини бажаришни уйлаб емни берса, савоб қозонади. Агар молини сақлаш учун берса, савоб олмайди. Жангчи отини Аллоҳ йўлида боғласа ва сув берса, унга сув бераётганда фақат чанқоғини қолдириш учун сув берса ҳам савоб олаверади. Бу ҳақда Бухорийнинг саҳиҳида ишора бор. Шунга ўхшаш аёллар уйда ётаётганда эшикн ёпиб, чироқни ўчираркан, бу ишларни Аллоҳнинг амрини бажариш ниятида қилса, савоб қозонади. Бошқа ниятларда қилса, савобга эга бўлмайди.