1442 йил 05 Рамазон | 2021 йил 16 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:39
Sunrise
05:59
Dhuhr
12:37
Asr
17:19
Maghrib
19:15
Isha
20:35


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

КУЛИШ ТАҲОРАТНИ СИНДИРАДИМИ?

6-04-2021, 16:27 32 Ўқиш режими + -



      КУЛИШ ТАҲОРАТНИ СИНДИРАДИМИ?

Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим. Барча уламоларнинг наздида намоздан ташқарида хоҳ баланд овозда, хоҳ паст овозда кулиш таҳоратни синдирмайди.
Намознинг ичида эса, кулиш уч турга бўлинади. Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳу бабил иная” китобларида уч хил кулгуни қуйидагича баён қилганлар:
القهقهةُ: ما تكون مسموعةً له ولجيرانه سواءٌ ظهرت أسنانُهُ أوْ لا، تَبْطُلُ بها الصلاةُ والوضوءُ. والضحِكُ: ما يكون مسموعاً له دون غيرهِ، وتَبْطُلُ به الصلاةُ دون الوضوء. والتَّبَسُّمُ: ما لا يُسْمَعُ أصلاً، وليس بمُبِطلٍ لواحدٍ منهما.
яъни: “Қаҳқаҳа – киши ўзи ва ўзидан бошқага эшитадиган даражада кулиши. Унда тиши кўринадими ёки йўқми, фарқи йўқ. Бу билан таҳорат синади ва намоз бузилади. Кулиш – киши фақат ўзи эшитадиган, бошқасига эшитилмайдиган даражада кулиши. Бу билан намоз бузилади, таҳорати синмайди. Табассум – киши ҳеч қандай овоз эшитилмайдиган даражада (ўзига ҳам, бошқасига ҳам) жилмайишидир. Бу билан намоз ҳам бузилмайди, таҳорат ҳам синмайди”.
1. Балоғатга етган киши мутлақ (яъни, руку ва саждаси бўлган) намозда қаҳқаҳа отиб кулиши билан таҳорати синади ва намози бузилади. Демак, янгидан таҳорат қилиб, намозини қайтариб ўқиши лозим бўлади. Бунга уламоларимиз қуйидаги ривоятни далил қилиб келтирганлар. Абу Мусо ал-Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан (масжидда) намоз ўқиётган эдилар. Тўсатдан, кўзи ожиз бир киши келиб, масжиддаги чуқурга тушиб кетди. (Уни кўриб) намоз ўқиб турган қавмдан кўпчилиги кулиб юборди. (Намоз тугагач) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“من ضحك أن يعيد الوضوء ويعيد الصلاة” (رواه الإمام الطبراني).
яъни: “Ким кулган бўлса, таҳоратини қайта қилиш ва намозни бошидан ўқишга буюрдилар” (Имом Табароний ривоятлари).
Аммо балоғатга етмаган шахс намоз ичида қаҳқаҳа отиб кулиши билан таҳорати синмайди лекин, намози бузилади. Шунингдек, жаноза намозида қаҳқаҳа отиб кулиш билан хоҳ балоғатга етган бўлсин, хоҳ етмаган бўлсин таҳорати синмайди, лекин намози бузилади.
2. Ўзи эшитиб, ўзгалар эшитмайдиган кулгу ҳақида Абу Суфён разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Жобир разияллоҳу анҳудан намозда кулган киши ҳақида сўрашганида, у зот шундай жавоб берганлар:
إِذَا ضَحِكَ فِي الصَّلَاةِ أَعَادَ الصَّلَاةَ، وَلَمْ يُعِدْ الْوُضُوءَ (رواه الإمامُ الدارقطني).
яъни: “Намозда кулган киши намозини қайтадан ўқийди, аммо таҳоратини янгиламайди” (Имом Дорақутний ривоятлари).
Шунингдек, жаноза намозида бу турдаги кулиш билан таҳорат синмаса-да, жаноза намози бузилади.
3. Табассумга уламоларимиз қуйидаги ривоятни далил қилиб келтирганлар. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан аср намозини ўқиётганларида табассум қилдилар. Намоздан сўнг У Зотга: “Эй Расулуллоҳ, намоз ўқиб туриб табассум қилдингизми?!” – дейилди. Шунда У Зот:
“إِنَّهُ مَرَّ بِي مِيكَائِيلُ عَلَيْهِ السَّلامُ، وَعَلَى جَنَاحِهِ غُبَارٌ فَضَحِكَ إِلَيَّ فَتَبَسَّمْتُ إِلَيْهِ” (رواه الإمامُ البيهقي).
яъни: “Менинг олдимдан Микоил алайҳиссалом ўтди. Унинг икки қанотида чанг бор эди. У менга кулган эди, мен унга табассум қилдим”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).
Ушбу ривоятдан маълум бўладики, намозда табассум қилиш билан намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилмайди.
Демак, намоздан ташқарида кулиш билан таҳорат синмайди, намоз ичида кулиш эса, юқоридаги тафсилотга кўра бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar