Қарши шаҳар “Кўкгумбаз” жомеъ масжиди ҳижрий 999 – йилда қурилган. Қадимий Қарши қўрғонининг марказида қурилган ушбу масжид Абдуллахон томонидан қурдирилган ва юксак сифатли кошинлар билан безатилган. Унинг гумбази мовий кошинлар билан қоплангани учун халқ орасида “Кўк гумбаз” номини олди. Намозгоҳнинг қисман сақланиб қолган пештоқидаги сирланган кошинларга битилган ёзувда бу иншоот Абдуллахон II нинг фармони билан 1590-1591 йилларда қурилгани ёзилган. 1953 йилдан бошлаб “Кўк гумбаз” жума намозларини ўқиш учун жоме масжид сифатида яна фаолият кўрсата бошлади. Бу масжидда 1860, 1889 ва 1921 йилларда таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари олиб борилган. 1967 йилда масжид гумбази шаҳрисабзлик уста Ҳамдам томонидан тикланди. 1982 йилда самарқандлик уста – наққош Нусратилло Асадов томонидан кўк сирли кошин билан Қуръоннинг “Мулк” сурасидан оятлар нозик дид билан ёзилди ва гумбаз тепасига олтин рангли қубба ўрнатилди. 1996 йилда Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг 660 йиллиги муносабати билан “Кўк гумбаз” масжидида ободонлаштириш ишлари амалган оширилди. 2006 йилда “Кўк гумбаз” меъморий мажмуаси қайта таъмирланди ва ҳозирги кўринишдаги асл қиёфасига эга бўлди.