ЗАКОТ МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ
4604
22-04-2021, 10:26
651
Ўқиш режими
+
-
Закот молиявий ибодат
(1-қисм)
Аллоҳ таоло инсонларни икки дунё саодатига эришиши учун нозил қилган шариатларда молиявий ибодат – закот беришни фарз қилган. Жамиятдаги бой қатлам кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган кишиларга ёрдам кўрсатишлари уларнинг диний мажбуриятлари саналади.Аллоҳ таоло охир замон умматларига ҳам садақанинг махсус кўринишини фарз қилди ва уни “закот” деб номлади.
Закотни адо этиш – Аллоҳ таолонинг амридир;
Закот – имкони бор бўлган мусулмон одамга Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон одам закотини адо этар экан, иқтисодий муомалага эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодат қилган ҳисобланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
яъни: “Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз” (Нур сураси 56-оят).
Қуръони каримнинг йигирма еттита ўрнида “закот” калимаси “намоз” билан бирга зикр қилинган. Бу эса ушбу икки ибодат билан бир мартабада эканига далолат қилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
﴿إِذَا أَدَّيْتَ الزَّكَاةَ فَقَدْ قَضَيْتَ مَا عَلَيْكَ﴾ (رواه الامام الحاكم والامام البيهقي)
яъни: “Молингизнинг закотини адо қилсангиз, батаҳқиқ, зиммангиздаги(бурч)ни бажарибсиз”, деганлар (Имом Ҳоким, Имом Байҳақий ривоятлари).
Имом Абу Ҳомид Ғазолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир”.
Закот Охиратда улкан ажру савобларга сабабчидир;
Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас Каломида шундай марҳамат қилади:
فَالَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَأَنْفَقُوا لَهُمْ أَجْرٌ كَبِيرٌ
яъни: “Бас, сизлардан иймон келтирганлар ва инфоқ қилганларга катта ажр бордир”, (Ҳадид сураси 7-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ушбу маъно таъкидланади:
مَا تَصَدَّقَ أَحَدٌ بِصَدَقَةٍ مِنْ طَيِّبٍ وَلاَ يَقْبَلُ اللهُ إِلاَّ الطَّيِّبَ إِلاَّ أَخَذَهَا الرَّحْمَنُ بِيَمِينِهِ وَإِنْ كَانَتْ تَمْرَةً فَتَرْبُو فِي كَفِّ الرَّحْمَنِ حَتَّى تَكُونَ أَعْظَمَ مِنَ الْجَبَلِ كَمَا يُرَبِّي أَحَدُكُمْ فَلُوَّهُ أَوْ فَصِيلَهُ
(رَوَاهُ الامام البُخَارِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)
яъни: “Қай бир киши ҳалол-покдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалол-покдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ у (садақа)ни “ўнг қўли” билан қабул қилиб олади. Агар у бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг “кафти”да ўсади. Ҳаттоки, тоғдан ҳам катта бўлиб кетади. Худди бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилганидек” (Имом Бухорий ривоятлари).
Арабларда бир киши совғани мамнуният билан қабул қилиб олишини – “ўнг қўли билан қабул қилиб олди”, дейилади. Набий алайҳиссалом ҳам мазкур ҳадиси шарифда араблар тушунадиган услуб – мажоз орқали тушунтирмоқдалар. Яъни, адо этилган хайру садақани Аллоҳ рози бўлиб қабул қилиб олишини таъкидламоқдалар.
Шунингдек, ҳадисдаги “Раҳмоннинг “кафти”да ўсади” жумласи ҳам мажозий маъно бўлиб, банда адо этган хайру-садақа Қиёматга қадар Аллоҳ таолонинг иноятида бўлиши, ажру савоби кўпайиб тоғдек бўлиши назарда тутилган.
Закот мол-мулкнинг қўрғонидир;
Закоти берилган мулк – бойлик камбағаллар ҳаққидан покланади ва кўпайишига сабаб бўлади. Турли офатлардан сақланади. Тобеинларнинг саййиди Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинишича:
حصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَدَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَأَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ
(رواه الامام الطبراني في المعجم الأوسط)
яъни: “Молларингизни закот билан ҳимоя қилинг, беморларингизни садақа билан даволанг. Балолар тўлқинига хокисорлик ила дуо ва илтижолар билан пешвоз чиқинг”, дейилган (Имом Табароний ривоятлари).
Закот кишини бахиллик сифатидан халос қилиб, Аллоҳга яқин бандалардан қилади;
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
السَّخيُّ قريبٌ مِنَ اللَّهِ، قَرِيبٌ مِنَ النّاسِ، قريبٌ مِنَ الجنَّةِ بَعِيْدٌ مِنَ النّارِ وَالبَخِيلُ بَعِيدٌ مِنَ الجَنَّةِ بَعِيْدٌ مِنَ النَّاسِ قَرِيْبٌ مِنَ النَّارِ وَلَجَاهِلٌ سَخِيٌّ أَحَبُّ إلَى اللَّهِ مِنْ عالمٍ عَابِدٍ بَخِيْلٍ
(أخرجه الاما الترمذي)
яъни: “Саховатли киши Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, одамларга яқин ва дўзахдан узоқдир. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва дўзахга эса яқиндир. Ўзи жоҳилу, бироқ сахий киши обид бўлса-да, бахил бўлган кишидан кўра Аллоҳга севиклироқдир”, деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Закотнинг бундан бошқа кўплаб фойдалари бор: Закот берувчи Аллоҳ таоло ҳузурида итоатли мўмин банда деб мақталади. Хулқи сахийлик фазилати билан зийнатланади. Гуноҳларига каффорат бўлади. Камбағаллар ичида ҳурмати ошади. Қиёмат кунида эса, бошига соябон бўлиб, юқори даражаларга эришади.
(давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди.