ЗАКОТ МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ ( (2-қисм)
4620
23-04-2021, 10:04
634
Ўқиш режими
+
-
Закот молиявий ибодат
(2-қисм)
Ояти карима ва ҳадиси шарифларда закотларини берган бойларга ажру азимлар ва яхши ваъдалар берилиши билан бирга, унга қодир бўлатуриб, бу илоҳий мажбуриятдан бош тортган, закотни ўз вақтида адо этмаган мўминларга қаттиқ ваъидлар ҳам айтилган, унинг ҳалокатли оқибатидан огоҳлантирилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:
مَا مِنْ صَاحِبِ كَنْزٍ لَا يُؤَدِّي زَكَاتَهُ إلَّا أُحْمِيَ عَلَيْهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ فَيُجْعَلُ صَفَائِحَ فَيُكْوَى بِهَا جَنْبَاهُ وَجَبْهَتُهُ حَتَّى يَحْكُمَ اللَّهُ بَيْنَ عِبَادِهِ فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ، ثُمَّ يُرَى سَبِيلُهُ، إمَّا إلَى الْجَنَّةِ، وَإِمَّا إلَى النَّارِ
яъни: “Ким бойлик жамғариб, унинг закотини адо этмаса, Қиёмат куни ўтдан тамға қилинади ва ёнбошига, пешонасига ҳамда орқасига босилади. Бу бир куни эллик минг йиллик кунга тенг бўлган кунда Аллоҳ бандаалари ўртасида ҳукм қилиб бўлгунига қадар давом этади. Сўнгра унга ё жаннатга бўлган ёки дўзахга бўлган йўли кўрсатилади” (Муттафақун алайҳ).
Динимиз кўрсатмаси бўйича инсоннинг қўлидаги мол-дунё унга Аллоҳ таоло ўз фазлидан берган омонатдир. Ўзининг меҳнати, донолиги билан эришган бўлса ҳам “Бу меники, пешона терим, ҳеч ким хўжайин эмас”, деб ўйламаслиги керак. У молининг бир қисмини Аллоҳ таоло розилиги йўлида сарфлаши – энг аввал закотини адо этиши, Рамазонда фитр садақа ва бошқа ихтиёрий инфоқ-эҳсонлар қилиб туриши керак. Ана шунда Аллоҳ таоло берган мол-мулкининг ҳақини адо қилган бўлади.
Закот олтин, кумушдан, савдо учун боқилаётган мол-ҳоллардан, ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотдан, нақд пуллардан, дўкондаги сотиладиган атир-упа, кийим-кечак ва бошқа шуларга ўхшаш нарсалардан ўзи ёки қиймати берилади. Кундалик аслий ҳожатига кирадиган нарсалар қўшилмайди. Кундалик аслий ҳожатига яшаши учун ҳожатини чиқариб турган нарсалар: уй-жой, авто-улов, соғин сигир, уй ичини безаш учун қўйилган матоҳлар, бисотда ўғил-қизга аталган совға-сарполар, ейиш учун сақлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Булардан закот берилмайди.
Демак, кимнинг моли нисобга етиб, бир йил тўлса ёки шунга қиймати тенг молга бир йил тўлса, унга закот фарз бўлади. Ана шу молнинг қирқдан бирини ҳақдорга чиқариб беради. Молидан закотини ажратаётганда шуни ният қилади.
Нисобга етган молга бир йил тўлган бўлиши керак. Бир йил тўлмаган молдан закот бериш фарз эмас.
Закот бериладиган молда эгасининг тижорат нияти бўлиши керак, яъни сотишни, ундан моддий фойдани кўзлаган киши шу нарсасидан ҳам закот беради. Агар сотиш нияти бўлмаса, қиймати ҳарчанд баланд бўлса-да, унга закот берилмайди. Масалан, бирор маҳсулот ишлаб чиқарадиган цех – корхона ва ундаги қимматбаҳо ускуналарга закот берилмайди.
Закот олишга ҳақдорлар ким? Кимларга закот берса бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ
وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
яъни: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси 60-оят).
Демак, закот бериладиган саккизта тоифа инсонлар бор:
- Фақир – моли нисобга етмаган шахс;
- Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
- Закот йиғиш ишида банд бўлганлар;
- Диллари Исломга ошно қилинувчи – ғайри динлар;
- Мукотаб қуллар. Мукотаб – хўжайини билан маълум миқдордаги маблағни тўлаш эвазига озод бўладиган қул;
- Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши;
- Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади);
- Йўлда қолганлар (муҳтож бўлиб қолган мусофирлар).
Юқорида санаб ўтилганлардан “диллари исломга ошно қилинувчилар” ҳазрати Умар даврида закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган. Қулдорлик тугатилгани сабабли “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд эмас.
Закот беришни, ҳақли бўлишса, ака-ука, опа-сингил ва уларнинг фарзандлари, амаки-амма ва уларнинг фарзандлари, тоға-хола ва уларнинг фарзандларидан бошлаш афзалдир.
Закот берилаётган киши чиндан ҳам фақир ва муҳтож киши бўлиши лозим. Акс ҳолда бойнинг зиммасидан закот соқит бўлмайди. Шунинг учун уни суруштириб, аниқ бир муҳтожга бериш керак бўлади.
Ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали таъйини йўқ кишилар томонидан: “Закотингизни толиби илмларга ёки мискинларга олиб бориб берамиз”, деган чақириқлар билан чиқаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу билан содда мўмин-мусулмонларимизни алдаб, не умидлар билан адо этган молиявий ибодатларини низоли ҳудудлардаги дин душманларига жалб қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шунинг учун бундай ҳолатлардан хушёр бўлмоғимиз даркор. Қолаверса, фуқаҳоларимиз закотни ўзини юртидаги муҳтожлар қолиб, бошқа юртдаги мискинларга бериб юборишни ҳам мукруҳ амаллардан санаганлар.
Мусулмон киши Аллоҳ фарз қилган намоз, закот ва Рамазон рўзасини ўз вақтида адо этиши – динимиз талабидир. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, закот беришга қодир бўла туриб, уни адо қилмаган ёки шаръий узрсиз рўза тутмаган киши гуноҳкор бўлса-да, уни имонсиз демаймиз. Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда баъзи бир кишилар томонидан рўза, закот ва намоз каби шариатимизда фарз қилинган амалларни бажармаётган кимсаларни имонсизликда айблаб, уларни кофирга чиқариб, қонини ҳалол санамоқдалар. Ваҳоланки, Ислом таълимотига кўра, намоз, рўза ва закот каби фарз амалларни бажармасликни ўзи билан киши имонидан ажралмайди, балки бу амалларни фарзлигига ишонмаса, уларни бажариш шарт эмас деб, инкор қилсагина, имонига таъсир қилади. Аммо фарзлигига ишониб, уни тасдиқласаю дангасалик ва бепарволик билан фарз амалларни бажармаса, гарчи гуноҳкор бўлса-да, имонидан ажралмайди.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис).
“Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган мусулмон кишини динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!” деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидлаганлар (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадиси шарифда “Бузуқ ва кофир бўлмаган одамни “бузуқ” ва “кофир” деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир”, дейилган (6045-ҳадис).
Шундай экан, ижтимоий тармоқларда ўтириб олиб, мусулмонларни кофирга чиқараётган нодонлар ушбу ҳадиси шарифлар борлигини унутмасинлар! Шунингдек, бировларга туҳмат қилиб, охиратларини куйдирмасинлар!
Мазкур ҳадиси шарифлар ва улардан бошқа ривоятларни пухта ўрганган “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодидаги уламоларимизнинг кўрсатмаларига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Фиқҳул акбар” асарларида мазкур масалага қуйидагича ҳукм берганлар: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса”. Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг “Ал-ақидатут-таҳовия” рисоласида эса “Бизнинг Қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарт шуки, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлсалар”, дейилган.
Афсуски, айрим ёшларимиз Интернетда насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиши номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда аянчли ҳолатдир.
Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати шундан иборатки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавм-қариндошини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда “раҳнамо” ва “устозлари” томонидан гўёки “ҳижрат”га чиқиш даъвосида Сурия, Афғонистон каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ўлкаларга чорланмоқда. Мазкур ҳудудларга борганлар эса бегуноҳ одамларни ўлдириш, босқинчилик қилиш, бировларнинг уй-жойини эгаллаб олиш каби исломда буткул ҳаром қилинган қабиҳ, гуноҳи кабира ишларга қўл уриб, охир-оқибатда жувонмарг бўлиб кетмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч-осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жамиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишларини сўраймиз.
Аллоҳ таоло халқимизнинг фаровонлигини зиёда айлаб, барчаларимизни закот берадиган, хайру садақотлар қилиб, Ўзининг розилигини топадиган бандаларидан қилсин! Омин!
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди.