1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИЙМОН-ИҚРОР ВА ТАСДИҚДАН ИБОРАТ

25-04-2021, 11:16 626 Ўқиш режими + -




 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
      Алҳамдулиллаҳи роббил аъламийн, воссалату вассаламу ъала Расулиҳи Муҳаммад ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн! Аммо баъд:
      Қадимда мусулмонлар орасида иймон масаласида турли баҳслар бўлган. Бу мавзудаги   баҳсларда тўғри-соф ақийдани баён этганлар фақатгина  Аҳлуссунна вал жамоа уламолари бўлишган. Аҳлуссунна вал жамоа уламолари орасида ҳам иймон рукнларини баён қилиш борасида фарқли уч хил қараш бор. 
  1. Иймон қалб билан эътиқод қилиш, тил билан нутқ қилиш ва арконларга амал қилиш;
  2. Иймоннинг аслий рукни тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш аслга қўшимча рукн;
  3. Иймон фақатгина тасдиқдан иборатдир. Иқрор бўлиш дунёда мўминлик ҳукмларини ижроси учундир Солиҳ амаллар эса иймоннинг саҳиҳ бўлиши учун эмас, балки комил бўлиши учун шартдир.
        Юқоридаги иккинчи ва учинчи қараш бизнинг мотуридия мазҳаби уламоларининг қарашлари ҳисобланади. Фақфатгина бъзилари иқрор бўлишни “қўшимча рукн” деган бўлсалар, баъзилари “дунёда мўминлик ҳукмларии ижроси учун шартдир”,-деганлар. 
      Мазҳаббошимиз Абу Ҳанийфа роҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги иккинчи қарашни яъни, иймон тил билан иқрор, қалб билан тасдиқлаш”ни илгари сурганлар. Яъни қалб билан тасдиқлаш билан биргаликда тил билан иқрор бўлишни ҳам рукн сифатида баён қилганлар. Бунга далил ҳам келтирганлар.  Бу далилни Абу Ҳанийфанинг  ўша замонда адашган фирқалардан бўлган жаҳия фирқасининг асосчиси Жаҳм ибн Сафвон билан бўлган мунозаларини тақдим қиламиз:
      Маккий ўзининг “Маноқиб” ида қуйидагиларни келтиради:
“Жаҳм ибн Сафвон ас-Самарқ­­­андий калом учун Абу Ҳанифани қасд қилиб келди. У кишига йўлиққанида:
-“Эй, Абу Ҳанифа! Олдингга сен учун тайёрлаб қўйган нарсаларим хақида гаплашгани келдим”,-деди.
-“Сен билан бўладиган калом ордир. Сен ичида турган нарсага шўнғиш алангаланиб турган нордир”,-деди Абу Ҳанифа.
— “Каломимни эшитмай, мен билан учрашмай туриб менинг хақимда бундай ҳукмни қандай чиқардинг?”
-“ Менга сенинг хақингда аҳли намоз одам айтмайдиган гапларни айтишинг етган”.
-“Менинг хақимда ғойибдан шундай хукм чиқарасанми?”
-“Бу нарса сенинг хақингда машҳур бўлган. Омлар ҳам, хослар ҳам гапирган. Бас, мен учун сенинг хақингда буни тахқиқ қилиш жойиз бўлган”.
-“Эй, Абу Ҳанифа! Мен сендан иймондан бошқа нарса хақида сўрамайман”.
-“Ҳозирги соатгача иймонни билмайсанми? Токи мендан унинг хақида сўрасанг!”
-“Тўғри! Аммо мен унинг баъзи тури хақида шакка тушиб қолдим”.
-“Иймонда шак қилиш куфрдир”.
-“Сенга менинг қандай қилиб куфрга лойиқ бўлишимни баён қилиб бермаслигинг ҳеч халол эмас”.
-“Сўра”.
-“Аллоҳни қалби ила таниган, Унинг бирлигини, шериги ва тенгдоши йўқлигини билган, Унинг сифатларини, Унинг ўхшаши йўқлигини билган, сўнгра тили билан сўзлашидан олдин ўлган одам хақида хабар бер. У мўмин ҳолида ўлдими ёки кофир ҳолида?”
-“У то қалби билан таниганини тили билан гапирмагунича кофирдир. Дўзах аҳлидандир”.
-“Аллоҳни сифатлари билан таниганидан кейин ҳам қандай қилиб мўмин бўлмайди?”
-“Агар Қуръонга иймонинг бўлса ва уни ҳужжат деб билсанг, сенга у билан гапираман. Агар унга иймон келтирсанг-у, ҳужжат деб билмасанг, ҳудди Исломга хилоф қилган одам гапиргандек гапираман”, -деди Абу Ҳанифа.
-“Қуръонга иймон келтираман ва уни ҳужжат деб биламан”.
-“Аллоҳ таборака ва таоло Ўз китобида иймоннинг икки аъзо: қалб ва тил билан бўлишини айтган. У зот таборака ва таоло: “Улар Набийга нозил қилинган нарсани тинлаганларида, хаққни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: “Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин. Нима учун Аллоҳга ва бизга келган хаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!”-дерлар. Айтганларига яраша  Аллоҳ уларга (дарахтлари) остидан анҳордар оқиб турган жаннатларда боқий қолишни мукофот қилиб берди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти шудир” (“Моида” сураси, 83-85 оятлар), деган.
      Бас, У зот уларни маърифат ва гапириш ила жаннатга эриштирди ва уларни икки аъзо: қалб ва тил билан мўмин қилди.
       У зот таоло яна: “Айтинглар: “Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Исога берилган нарсага ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз”. Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, хидоят топадилар” (“Бақара” сураси, 136-137 оятлар), деган.
У зот таоло яна: “Ва уларга тақво калимасини лозим кўрди” (“Фатҳ” сураси, 26-оят), деган.
У зот таоло яна: “Ва улар ширин сўзга Ҳидоят қилинурлар” (“Хаж” сураси, 24-оят), деган.
У зот таоло яна: “Унга хуш каломлар юксалур” (“Фотир” сураси, 10-оят), деган.
У зот таоло яна: “Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур” (“Иброҳим” сураси, 27-оят), деган.
       Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Лаа илааҳа Иллаллоҳу” денглар, нажот топасизлар”, деганлар. Ул зот нажот топишнинг сўзсиз, фақатгина маърифат билан бўлишини айтмаганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Ким “Лаа илааҳа Иллаллоҳу”ни айтган бўлса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади”, деганлар. Ким Аллоҳни таниса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади, деганлари йўқ.
         Агар қавл (сўз)га эҳтиёж бўлмаса ва маърифат билан кифояланадиган бўлса, Аллоҳни тили билан рад ва инкор қилган одам Уни қалби билан таниса, мўмин бўлиши керак бўлади. Бунда иблис ҳам мўмин бўлади. Чунки, у Роббини танийди. У зот холиқи –яратувчиси, ўлдирувчиси ва иғвога учратувчиси эканини билади. “У: “Мени иғвога учратганинг сабабли, албатта, мен уларни тўғри йўлингда тўсиб ўтираман”  (“Аъроф” сураси, 16-оят), деган. У яна: “Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин”, деди” ” (“Ҳижр” сураси, 36-оят). У яна: Мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг”,  деди” (“Аъроф” сураси, 12-оят).
Бунда кофирлар Роббиларини таниганлари учун, агар тиллари билан инкор қилсалар ҳам, мўмин бўлар эдилар.
        Аллоҳ таоло: “Ва ўзлари аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли у (мўжиза) ларни инкор этдилар”  (“Намл” сураси, 14-оят), деган.
      Улар ўзлари Аллоҳнинг бирлигини аниқ билган бўлсалар ҳам, тиллари  билан инкор қилганлари учун, уларни “мўминлар” демади. У зот азза ва жалла: “Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар, кейин эса, инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир” (“Наҳл” сураси, 83-оят), деган. У зот таоло: “Сен: “Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?” деб айт. Улар, албатта: “Аллоҳ”, дерлар. Бас, сен: “Тақво қилмайсизларми?” деб айт. Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг хаққ Роббингиздир”  (“Юнус” сураси, 31-32 оятлар), деган. Бас, инкорлари бўлгани учун уларга маърифатлари ёрдам бермади. У зот таоло: “Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар” (“Бақара” сураси, 146-оят), деган. Уларга  Уни инкор қилганлари учун маърифат фойда бермади”, деди.
-“Сен менинг ҳаёлимда бир нарсани қолдирдинг. Олдинга яна қайтиб келаман”,-деди Жаҳм”.
 
      Ушбу мунозарадан Абу Ҳанийфа роҳматуллоҳи алайҳнинг бу борадаги фикрлари Аллоҳнинг каломи билан тўла қувватланганига шоҳид бўламиз. Аллоҳим барчамизни мазҳаббошимиз Абу Ҳанийфа роҳматуллоҳи алайҳ ва у зотнинг йўлларидан борган Имом Мотуридий ва Насафийлар баён этган соф  ақийдада бардавом бўлишимизни муяссар айласин!
 
Қиличев Рустам
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
 
Фойдаланилган манбалар:
Эътиқод дурдоналари (Абдуқодир Абдураҳим)
https://kukaldosh.uz/ сайти