1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РАМАЗОН – ҒАНИМАТ ОЙИ

27-04-2021, 11:58 365 Ўқиш режими + -


Рамазон бандалар учун покланиш, гуноҳлардан тийилиш ойи. Нафақат бу ойда, балки бошқа ойларда ҳам кўз ҳаромга боқишдан тийилган, қулоқ ёмон сўзларни тинглашдан йироқ, қорин ҳаром таомни танаввул қилишдан тўсилган, қалб яхшиликларни фикрлашга машғул, бойлик улуғ Парвардигорга итоат этишга сарфланган, қўл ва оёқ манфаатга шай бўлмоғи матлубдир. Албатта, банда бу берилган неъматларни нимага, қандай ишлатганига жавоб бериши илоҳий каломда айтиб ўтилган:
«Сўнгра ана ўша Кунда албатта (ҳаёти-дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар»(Такосур сураси, 8-оят).
Тавбаларимиз шаксиз қабул бўладиган ойни ғанимат билиш даркор. Бунда ажрлар кўпайиши, гуноҳлар кечирилиши ваъда қилинган. Бунинг тунлари кунларидан нурли, кунлари тунларидан аъло. Ушбу фазилатли ой бандаларни хатолардан покловчидир. Рамазоннинг рўзаси рўзаларнинг афзали, қиёми қиёмларнинг султони. Ҳақ таоло бу ой билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини фазилатли этди, баракаларга чулғади. 
Рамазон – йилнинг чироғи, ойлар султони, қоидалар воситаси, ислом арконларининг шарафи. У рўза, намоз, қиём, тиловат, зикр, саҳарлик, ифторлик ва дуолар ила янада сайқалтопаверади. 
Илоҳий китоб шу ойда нозил қилинди. Тавба эшигининг барчаси шу ойда очилган. Бунда дуо ва илтижолар эшитилмай, амаллар қабул этилмай, яхшиликлар зиёда бўлмай, хатолар кечирилмай қолмас. Мўмин-мусулмонлар хонадони ва уларнинг қалби зикр билан безангай, фаришталар зокир бандалардан хушнуд бўлгай. Бунча баракани бошқа ойда топиб бўлмайди. 
Ҳеч бир уммат бу умматчалик фазилатли бўлмаганидек, бирорта ой бу ойдан устун бўлолмас. Машаққатни енгиб ўтганларга абадий саломатлик диёри мунтазир. Ҳар бир рўзадорни Яратганнинг дийдорига боқиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамсуҳбат бўлиш бахти кутмоқда. Шунинг учун бу ойда ким оламлар Роббисига итоат этса, суюкли ҳабибининг суннатига эргашса, дарахт барглари тўкилгандек гуноҳлари дув-дув тўкилаверади. Хусусан, бу дўзах азобидан халос бўлиш воситасидир. 
Ҳадиси шарифларнинг бирида «Одамлар Рамазон ойида қанчалар фазилат борлигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишарди», – дейилган.
Биз ҳам бу ғаниматли ойнинг ҳар бир дақиқасини қадрига етиб, ундан унумли фойдаланиб қолишимиз зарур. Чунки бу ой кўз очиб-юмгунча ўтиб кетади. Қанча ибодат қилсак, ўзимизга фойда. Ҳар бир қилган амалимизга яраша савоб оламиз. Маҳшар майдонида, амаллар тарозига тортилаётган бир пайтда юзимиз ёруғ бўлади.
 
ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ
                                                                                             
БЕКМУРОД САХРИЕВ